Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 ноябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклида ўтадиган мажлисида иштирок этади.
Россия раислигида ўтказиладиган ушбу учрашув кун тартибидан янги глобал хатар ва таҳдидларнинг кучайиши шароитида ШҲТ доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари ўрин олган.
Ташкилотга аъзо ва кузатувчи давлатлар делегацияларининг раҳбарлари устувор йўналишларда кўп томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолатини таҳлил қилиб, уларни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қиладилар, шунингдек, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашадилар.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш ҳам саммит иштирокчиларига видеомурожаат йўллаши кутилмоқда.
Мажлис якунида ШҲТ доирасида, шу жумладан, хавфсизликни таъминлаш, иқтисодий кооперация, рақамли технологияларни жорий этиш, қишлоқ ҳудудларни ривожлантириш, эпидемияларга қарши самарали курашиш ва бошқа соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган Москва декларацияси ва ҳужжатлар тўпламининг қабул қилиниши режалаштирилган.
ЎзА