Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Давлат тест маркази мутасаддилари иштирокидаги брифинг ўтказилди.
Таъкидланишича, 2020 йил 2-13 сентябрь кунлари ўтказилган тест синовлари жараёнларида 1 миллион 304 минг 194 абитуриентдан 95,1 фоизи иштирок этди. 63 минг 580 нафари эса турли сабабларга кўра иштирок этмаган. 1 минг 281 абитуриент турли сабабларга кўра тест синовларидан четлатилган.
Брифингда Давлат тест марказининг сентябрь ойидаги тест синовлари учун харидлари ҳақида маълумот берилди.
– Бир миллион 300 минг абитуриент учун кепкани етказиб бериш бўйича 7 та корхона билан ишлаганмиз, – деди Давлат тест маркази директори ўринбосари Сардор Ражабов. – Лекин барчага етказиб беришнинг имкони бўлмади. Тест маркази томонидан 198 мингта кепка харид қилинган. Абитуриентларга бош кийим тарқатиш учун «BOBURXON BN NODIRXON” корхонасидан ташқари, «Sulton kep», «Yengil sanoat savdo» «Elegant ziyo biznes tekstil» «Ulug‘bek baraka tekstil», «Bayov tekstil trikotaj servis», «Mega servis savdo» корхоналари билан ҳамкорлик қилинган ва улардан кепкалар сотиб олинган эди.
Барча вилоятга кепкалар юборилган, бироқ етарли бўлмаган. 198 мингта бош кийим харид қилинган, ундан кўпини ҳеч ким етказиб бера олмаган. Тўғри, баъзи сменаларда Тошкентда ҳам етмади. Шу боис қуёш тушмайдиган жойларга бош кийим берилмади.
Сардор Ражабов берган маълумотга кўра, абитуриентлардан 80 миллиард сўмдан кўпроқ пул тушган. Стадионлар ижараси учун эса фақат 2 ёки 3 таси билан шартнома тузилган., Қолган ҳолатларда стадионлар ҳокимликлар томонидан тақдим этилган.

 

Муҳайё Тошқораева, ЎзА