Мамлакатимизнинг Латвиядаги элчиси Қадамбой Султонов 2020 йил 29 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Эстония Республикасидаги биринчи Фавқулодда ва мухтор элчиси (қароргоҳи Рига шаҳрида) сифатида ишонч ёрлиқларини топширди.
Бу ҳақда мамлакатимиз ТИВ расмий сайтида хабар берилган.
Эстония Президенти Керсти Калюлайдга ишонч ёрлиқларини топшириш маросими давлат раҳбарининг «Кадриорг» саройида бўлиб ўтди. Протоколга мувофиқ, саройнинг кириш қисмида Ватанимиз байроғи кўтарилди, ҳарбий оркестр ижросида мамлакатимиз мадҳиясини янгради ва Элчи Эстония раҳбарининг фахрий меҳмонлари китобига ёзув қолдирди.
Расмий маросимдан сўнг бўлиб ўтган қисқа суҳбат чоғида Президент илк бор республикамизнинг Эстониядаги элчисини тайинлаши билан Ўзбекистон – Эстония ҳамкорлик даражасини кўтаргани учун мамлакатимиз раҳбариятига миннатдорлик билдирди.
Керсти Калюлайд Эстония Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида иқтисодиётни либераллаштириш ва модернизация қилиш, жамиятни демократлаштиришга қаратилган ҳамда фаол равишда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларни юқори баҳолади.
Шунингдек, у Тошкентнинг Марказий Осиёда дўстона муносабатларни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракати, Афғонистондаги тинчлик жараёнидаги муҳим ролини эътироф этиб, Европа Иттифоқи билан ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларига катта қизиқиш билдирди.
Томонлар Ўзбекистон ва Эстония халқлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича фикр алмашдилар.
ЎзА