Самимияти баланд инсон ёди

Ўзбекистон халқ артисти ва кўплаб мукофотлар соҳиби Отажон Худойшукуров ўзининг одамийлиги ва камтарлиги билан санъат аҳли орасида ажралиб турар эди.
Санъаткор ҳақидаги эсдаликларда у ашула айтишни амакиси Й.Оллошукуровдан ўргангани, сўнгра Қорақалпоқ давлат филармониясидаги устозларидан сабоқ олиб, санъат оламига кириб келгани айтилади. Юзлаб қўшиқларни маромига етказиб ижро этган, 300 дан ортиқ қўшиқларни басталаган О.Худойшукуров ўзбек мусиқа ва ашула тарихида ўчмас из қолдирган. Минглаб шогирдларни санъатнинг муҳташам оламига етаклаб, ёшлардан ўзининг беминнат сабоқларини аямаган. Қуйида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, «Дўстлик» ордени соҳиби, Ўзбекистон давлат консерваторияси профессори Матрасул Матёқубов устоз ҳақидаги хотираларини шундай эслайди.
– 1980 йил Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби Раҳматжон Қурбонов билан тўйга – Тошкент шаҳрига хизматга бордик. Устоз Отажон Худойшукуров билан илк учрашувим, устоз Отажон ака «Раҳматжон, шу қўшнайчи мени ёнимда ҳам чалиб берсин» дедилар менга ишора қилиб. Ўша вақтлар ёш эдик, ҳаяжоним ичимга сиғмасди. Худди катта-катта ареналарда соз чалаётган созанда каби ишга киришганман. Шу кундан бошлаб устоз менга меҳр қўйди, доимо ёнларида олиб юрадиган бўлди.
Устозни ҳавас қиладиган одатлари бор эди. Ижодга ихлоси бор йигит-қизларга қанақа ёрдам керак бўлса берарди. Ёш санъаткорларга моддий ёрдам кўрсатиб, меҳр ва саховатини аямасди. Ҳою ҳавас, ўткинчи ҳисларга берилмади. Иймони ва эътиқоди бут инсон эди.
Устоз бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Туркманистон, Бошқирдистон халқ артисти ва давлат мукофотлари соҳиби эди. Зукко ва донолиги алоҳида фазилат эди. Барчага дастурхони бирдек очиқ бўларди. Биз шогирдлар ҳам устознинг уйида йиғилишни хуш кўрардик.
Устознинг бебаҳо пурмаъно ўгитлари бор эди. Ўзи кўп китоб ўқигани учун билмаган нарсаси йўқ эди. Шогирдларга ҳам устоздан олган сабоқларимизни етказиб чарчамаяпмиз. Ҳаёт чорраҳаларида О.Худойшукуровдек буюк инсонга дуч келганимдан бениҳоя хурсандман.

 

Д.МАМАТОВА, ЎзА