МУАЛЛИМ...

Шеърий лаҳза 
Муаллим, устозим, нони ҳалолим,
Камтар табассуминг ўзи бир баёт.
Сенинг меҳринг порлаб турмаганда гар,
Маёқсиз кемадай қоларди ҳаёт.
Миннатли дунёда беминнат жонсан,
Куз каби сахосан – туганмас шонсан.
Жажжи бармоқларим кетар жимирлаб,
Ҳарфлар тошганда катакчалардан.
Ҳаётимга кўчар қўлингнинг тафти
Ҳайрат униб чиқар юракчалардан.
“Бировнинг боласи” демаган сенсан,
Маърифат маъданин улашган консан.
Мактаб партасидан қуёшгача то,
Харитасин чизган ўзингсан, бешак.
Бир ҳарф ўргатмоқнинг заҳматин кўрса,
Сенга фаришталар роз айтса керак.
Меҳнати кўринмас, тоза имонсан,
Тафаккур тоқига элтар нарвонсан.
Шамолли кечада чироқ кўтариб,
Ҳаловатин бериб ёмғир-қорларга.
Мен кўрдим – сен гоҳо маюс-у дилгир,
Дарс жадвали туздинг пахтазорларда.
Ҳосили қирқ йилда пишган деҳқонсан,
Заҳмати бир онда унут инсонсан.
Англаса, саводхон бўлгайдир дунё,
Навоийнинг улуғ садоларидан.
Жаҳолат лашкари қайтиб кетади,
Оддий муаллимнинг дуоларидан.
Темурни жаҳонга берган жаҳонсан,
Пирдирсан, устозсан, кўкси осмонсан.
Устоз, сенга таъзим, қўлимдан тутиб,
Ўзбек деб ёзишни ўргатдинг менга.
Дунё этагига намоз ўқиган
Ҳазрат Бухорий ҳам шогирддир сенга.
Шундай шараф билан турган инсонсан,
Игна билан қудуқ қазиган жонсан!
Муаллим, устозим, нони ҳалолим…
Шодмонқул САЛОМ

 

ЎзА