Энг муносиблар тақдирланди

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театрида Ўзбекистон футбол федерациясининг 2017 йилдаги фаолияти якунлари ва турли номинациялар бўйича ғолибларни тақдирлашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Р.Қурбонов, Ўзбекистон футбол федерацияси раиси У.Аҳмаджонов ва бошқалар мамлакатимизда футболни ривожлантириш, ёшларнинг футбол билан мунтазам шуғулланиши учун зарур шароит яратишга доимий эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

9.jpg

Сўнгги йилларда мамлакатимизда футболни ривожлантиришнинг мустаҳкам пойдевори, яхлит тизими яратилди. Юртимизнинг барча ҳудудларида футбол инфратузилмасини яратиш, янги стадионлар, болалар ва ўсмирлар спорт мактабларини барпо этиш, мавжудларини реконструкция қилиш, турли мусобақа ва турнирларни мунтазам ташкил этиш орқали ёш иқтидор эгаларини аниқлаш ва терма жамоалар захирасини бойитиш, миллий, ёшлар, ўсмирлар терма жамоаларининг хорижий ўқув-машғулот йиғинлари ва нуфузли турнирларда муносиб иштирокини таъминлаш, мураббий ва ҳакамларнинг малакасини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

23.jpg

Шунингдек, Ўзбекистон футбол федерацияси футболни янада ривожлантиришнинг устувор вазифаларини ўзида мужассам этган дастур асосида болалар ва ўсмирлар футболини тубдан ислоҳ қилиш, барча терма жамоаларнинг жаҳон ва қитъа миқёсидаги нуфузли мусобақаларда муносиб иштирок этишини, федерация ишининг очиқлигини таъминлаш, клублар фаолиятини, ҳакамлар ва мураббийлар тайёрлаш тизимини кучайтириш, терма жамоаларга хорижий мутахассисларни жалб этиш, маҳаллий мутахассисларнинг чет элда малака оширишини таъминлаш каби устувор йўналишларда амалий ишлар олиб бормоқда.

16.jpg

Анъанага кўра, Ўзбекистон футбол федерацияси томонидан 2017 йилнинг энг яхши мураббий ва футболчилари аниқланди.

“Йилнинг энг яхши футболчиси” номинацияси бўйича «Локомотив» жамоаси аъзоси Марат Бикмаев ғолиб бўлди. «Металлург-W» жамоаси аъзоси Людмила Карачик “Йилнинг энг яхши аёл футболчиси” деб топилди.

11.jpg

«Насаф» жамоаси бош мураббийи Рўзиқул Бердиев “Йилнинг энг яхши мураббийи”, «Пахтакор» жамоаси тарбияланувчиси Игорь Чикризов “Йилнинг энг яхши ёш футболчиси”, футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоаси ва «Олмалиқ» клуби аъзоси Константин Свиридов “Йилнинг энг яхши футзалчиси” дея эътироф этилди.

Шунингдек, «Қўқон-1912» клубининг мухлислар жамоаси “Йилнинг энг яхши мухлислар жамоаси”, Ўзбекистон чемпиони ва мамлакат кубоги соҳиби – «Локомотив» клуби “Йилнинг энг яхши клуби”, «Насаф» футбол академияси “Энг яхши футбол академияси”, «Пахтакор» жамоаси бош мураббийи Шота Арвеладзе “Ўзбек футболи ривожига ҳисса қўшаётган энг яхши чет эллик мураббий”, деб тан олинди.

«Қўқон-1912» жамоаси “Fair Play” совринини қўлга киритди, Ёшлар лигаси ғолиби – «Бунёдкор» ёшлар жамоаси «Йилнинг энг яхши ёшлар жамоаси» бўлди.

 

Байрам Айтмуродов, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА