Аввал хабар берганимиздек, ёш боксчиларимиз Россияда ўтган халқаро турнирда ўнта олтин медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаган эди.
Тошкент темир йўл вокзалида спортчиларимиз муносиб кутиб олинди. Унда Ўзбекистон бокс федерацияси вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Мамлакатимизда спортни, жумладан, болалар спортини ривожлантириш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол инсонлар бўлиб вояга етишини таъминлаш, уларнинг истеъдод ва салоҳиятини юзага чиқариш, иқтидорли спортчиларни қўллаб-қувватлашга доимий эътибор қаратилмоқда. Бунинг самарасида турли нуфузли мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир спортчилар вояга етмоқда.
Бу Россияда ўтган халқаро турнирда яна бир карра ўз исботини топди. Тажриба ва маҳорат, ирода ва шижоат бобида ҳар томонлама устун эканини исботлаган боксчиларимиз ўн вазн тоифанинг барчасида олтин медални қўлга киритди. Россия, Ўзбекистон, Беларусь, Қозоғистон, Украина каби давлатлардан энг иқтидорли боксчилар қатнашган турнирда Аҳмаджон Аҳмедов, Кобланбай Тўрабоев, Фарҳод Эшмуҳамедов, Руслан Абдуллаев, Асадбек Абдураимов, Фаррухбек Ҳасанов, Логин Петров, Нурислом Исомилов, Жаҳонгир Зокиров, Шоҳжаҳон Абдуллаев ўз вазн тоифасида барча рақибларини мағлубиятга учратиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Мусобақада ўзининг техник ва тактик маҳоратини намойиш этган Н.Исмоилов мусобақанинг энг яхши боксчиси, дея тан олинди.
– Боксчиларимизнинг бу ғалабаси юртимизда моҳир чарм қўлқоп усталарининг янги авлоди вояга етаётганидан далолатдир, – дейди мураббий Лазизбек Зокиров. – Келгусида мана шу спортчиларимиз жаҳон ва қитъа чемпионатларида, Олимпия ва Осиё ўйинларида юксак ғалабаларга эришиб, Ўзбекистон спортчиларининг салоҳиятини бутун дунёга намоён этишига ишонаман.
Ғолибларимиздан бири Шоҳжаҳон Абдуллаев ўн беш ёшда. Саккиз йилдан бери бокс билан мунтазам шуғулланиб келаётган спортчимиз ҳозирги кунда Республика олимпия захиралари коллежининг 9-синф ўқувчиси. Ёш бўлишига қарамай Ўзбекистон чемпионатида бир марта ғалаба қозонган, икки марта кумуш медални қўлга киритган. Шу йил июнь ойида Қозоғистонда ўтган халқаро турнирда ҳам биринчи ўринни эгаллаган.