Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги арафасида Тошкент ер усти ҳалқа метро линиясининг биринчи босқичи – “Дўстлик-2 – Қўйлиқ” йўналиши фойдаланишга топширилди.
Метронинг ушбу участкасида 7 бекат барпо этилган. Йўналиш узунлиги 11,5 километр.
Бир вақтлар собиқ “Чкалов” метросидан Қўйлиқ бозоригача метрода бориш мумкин, десангиз ҳеч ким ишонмас эди. Бугун юзлаб йўловчилар пойтахнинг турли бурчагидан метрога тушиб Қўйлиқ бозоригача келмоқда.
Лойиҳа беш босқичда амалга оширилмоқда. Умумий узунлиги 54,8 километр, 35 метро бекати, 2 депо ва 1 техник кўрик пункти қурилади.
2019 йилнинг август ойида Тошкент ҳалқа метро линиясининг биринчи босқичи бўлган “Дўстлик-2 – Қўйлиқ” линиясида 2 минг 303 метрлик янги рельслар ётқизилиб, дастлабки поездлар синов тариқасида ҳаракатланган эди.
Янги қуриб битказилган бекатлар йўловчиларга қулайлик яратувчи замонавий технологиялар, йўлкирани электрон тўлаш имконини берувчи турникетлар ҳамда эскалатор билан жиҳозланган. Иккинчи қаватдаги бекатларнинг ҳар бирига имконияти чекланган йўловчилар учун махсус лифтлар ҳам ўрнатилган.
Ҳар бир бекат миллий меъморчилик услубига хос тарзда қурилиб, кўриниши ва безатилиши жиҳатидан бир-бирини такрорламайди. Ишлатилган замонавий қурилиш материаллари бекатларга ўзгача чирой бағишлаган.
Ушбу йўналишда поездларнинг ўртача юриш тезлиги соатига 60 километрни ташкил этади. Оралиқ масофани босиб ўтиш вақти – 19 дақиқа, бекатларда тўхташ вақти – 15 сония, ҳар бири 4 вагондан иборат 5 поезд қатнайди.
Россия Федерациясида мамлакатимиз метро линияларининг эстакада йўналишида ҳаракатланадиган замонавий ва юқори сифатли, йўловчилар учун барча қулайликларга эга вагонлар тайёрланиб, юртимизга келтирилган.
“Дўстлик-2 – Қўйлиқ” бекатлари фойдаланишга топширилиши ҳисобига 225 янги иш ўрни яратилган. Лойиҳа тўлиқ фойдаланишга топширилгач, кунига 46 мингта йўловчи ташилиши режалаштирилган.
Тошкент ер усти ҳалқа метро линиясининг иккинчи босқичи Қўйлиқ бозори билан “Олмазор” бекатини боғлайди. Учинчи босқичда “Олмазор”дан “Беруний” бекатигача бўлган қисм барпо этилади. Кейинги босқичда иншоот “Беруний”дан “Бодомзор” бекатигача қурилади, сўнгги босқичда яна “Дўстлик” бекатига уланади.
Байрам арафасида Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналишида ҳам янги икки бекат очилди. Эндиликда “Минг ўрик” бекатидан янги “Туркистон” бекатигача поездда бориш мумкин. Лойиҳага кўра бу йўналишда “Юнусобод” ва “Туркистон” бекатлари барпо этилган.
Тошкент метрополитенидан кунига 240 минг йўловчи фойдаланади. Жами 21 километрдан иборат учта янги – Юнусобод, Сергели ва Қўйлиқ йўналишлари қурилиши билан эса бу кўрсаткич 150 мингдан зиёдни ташкил этиши режалаштирилган.
Хуршид ҚОДИРОВ, Ёқуб МЕЛИБОЕВ (видео), ЎзА