Бу ҳақда Давлат тест маркази директори ўринбосари Сардор Ражабов маълум қилди.
– Бугун эрталабки навбатда мамлакат миқёсида 40 ҳудуддаги 65 объектда тест синовлари соат 8:00 дан 11:00 гача давом этди, – деди Сардор Ражабов. – Дастлаб, 59 минг 250 абитуриент иштирок этиши белгиланган эди.
Шундан 55 минг 767 нафари қатнашди. 1 абитуриентнинг тана ҳарорати 37 даражадан кўтарилгани боис, далолатнома расмийлаштирилиб, тиббиёт ходимларига топширилди. Тезкор маълумотларга кўра, 3 минг 474 абитуриент турли сабабларга кўра тест синовларида иштирок этмаган. 8 абитуриент тартиб-қоидаларни бузгани учун ҳудудга кириш жойидаёқ жараёндан четлаштирилган.
Улардан 4 нафари телефон, 1 нафари шпаргалкадан фойдаланмоқчи, 2 нафари бошқа шахс ўрнига кирмоқчи бўлган, 1 нафари ҳужжатни сохталаштирган. Имтиҳонга киритилган 29 абитуриент эса белгиланган тартиб-қоидаларга риоя қилмагани учун чиқариб юборилган.
ЎзА