Президент Яшнобод туманида қурилаётган янги турар жой мажмуаси билан танишди

Фарғона йўли кўчасида, Қорасув канали бўйида қурилаётган “Ассалом, соҳил!” турар жой мажмуаси 22 кўп қаватли уй, 58 коттеж, мўъжаз сайилгоҳлар, яшил майдончалар, антиқа дарахтлар, гуллар, бетакрор кўринишдаги таълим муассасалари, соғломлаштириш мажмуалари, амфитеатр, кафелар, бизнес марказ, умуман, аҳоли яшаши учун барча қулай объектларни ўз ичига олади. 
Мажмуани “Golden house” компанияси қурмоқда. 16 та 9 қаватли, 4 та 9-12 қаватли, 2 та 14-16 қаватли уйда 3236 хонадон бўлади. Биринчи босқичда йил охирига қадар 6 та 9 қаватли уй фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Хонадонлар майдони 35 квадрат метрдан 120 квадрат метргача. Ипотека кредити асосида ҳам сотилади. Ўртача ҳисобда, 3 хонали уй 20 йил муддатга кредитга олинса, ойлик тўлови 5 миллион сўмдан айланади, демоқда компания мутахассислари.
Уйлар билан туташ ҳудудда савдо-кўнгилочар марказ ҳам қурилади. Марказ ва уйлар ўртасидан оқиб ўтувчи Қорасув канали атрофи сайр қилиш учун мослаштирилиб, ободонлаштирилади. Кичик оролча ҳам ҳосил қилинади.
“Golden house” компанияси директори Даврон Файзиметовнинг айтишича “Ассалом, соҳил!” уйларининг афзаллиги шундаки, улар муаллифлик технологиясига асосланган қурилиш конструкциясига эга. 9 баллдан юқори амплитудадаги сейсмик чидамлилиги текширилган. Фасаднинг 3 қопламадан ташкил топгани эса анъанавий бетон уйлардан мутлақо фарқ қилади. Видеокузатув ва ёнғин хавфсизлик тизими, ҳар бир хонадон модуль типидаги алоҳида иситиш қозони билан жиҳозланган ҳолда топширилади. Шунингдек, мижозлар буюртмасига кўра шаклан ўзгариши мумкин.
Таъкидлаш жоизки, мустақилликдан кейин қарийб 25 йил мобайнида мамлакатда, хусусан, Тошкентда кўп қаватли уйлар қурилмаган, одамлар учун уй-жой ниҳоятда долзарб муаммога айланган эди. Кейинги йилларда қурилаётган уйлар ҳамюртларимизнинг кўп йиллик орзуларини рўёбга чиқармоқда. Минглаб оилалар, айниқса, уй-жойга муҳтож, кам таъминланган фуқароларимиз ўз уйига эга бўлди.
Давлатимиз раҳбари бундай уйлар қурилишини замонавий технологиялар асосида, ривожланган давлатлардаги каби андазаларда давом эттириш кераклигини таъкидлади.
– Қурилишда ҳам рақобат бўляпти. Бу сифатни таъминлаб, нарх арзонлашишига омил бўлмоқда. Уйлар, иншоотлар қуришда энг замонавий технологиялардан фойдаланиш, энг ўқимишли, уста қурувчиларни ишга олиш керак, – деди Президентимиз.
Шавкат Мирзиёев хориж тажрибаси асосида қурилган енгил конструкцияли коттежларни ҳам кўздан кечирди. Бу уйлар арзонлиги, ўн кунда битказилиши билан ажралиб туради, буюртма асосида бир неча хил шаклда қуриб берилади. Бундай коттежлар, айниқса, тоғли ва чўл ҳудудлари учун жуда мос келади.
Меҳнат фахрийлари билан мулоқот чоғида охирги йилларда Тошкент ўзгарди. Пешона теримиз билан ўзгартирдик. Минг қатла шукр, қўлимиз узун, ҳамма нарсамиз етарли. Бағримиз кенг бўлиб, Худодан сўраб ҳаракат қилсак, дуо олсак кам бўлмаймиз, дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

 

Улуғбек Асроров, ЎзА