Буюк қалб ва истеъдод соҳиби эди

Инсон дунёга келар экан, камолга етиб ўзидан яхши ном, из қолдиришга ҳаракат қилади. Лекин, ҳеч ким мени шундай эсласин деб ҳаракат қилмайди. Унинг халқ учун, юрт учун қилган меҳнатлари, эзгу ишлари билан хайрли амаллари ўзига шундай улуғворлик бағишлайдики, орадан йиллар, асрлар ўтса ҳам унинг исми тилларда достон, қилган эзгу ишлари эса авлодларга ўрнак бўлади. Шу боисдан, инсон ўлса ҳам унинг номи ўчмайди, абадий мангу қалбларда яшайди.

Ўринбой Тўрениязов ана шундай буюк қалб, таъбир жоиз бўлса буюк истеъдод соҳиби эди. У жорий йил август ойида бу ёруғ дунёни тарк этди.
Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой туманининг Кепе қишлоғида 1943 йилда туғилган Ўринбой ака меҳнат фаолиятини 1959 йилда Чимбой машина экскаватор станциясида темир устачилигидан бошлаган. 1966 йилда Тошкент политехника институтининг архитектура факультетига ўқишга кириб, 1971 йилда муваффақиятли тамомлаган.
photo_2020-08-25_18-37-10.jpg
Кейинчалик лойиҳалаштириш институтининг Нукус филиалида бош архитектор, 1981-1984 йилларда Нукус шаҳри бош архитектори, 1984-1986 йилларда «Узмежколхозпроект» лойиҳалаштириш институти Нукус филиалида бош архитектор, 1986-1993 йилларда «Қорақалпоқ фуқаро лойиҳа» лойиҳалаштириш институтида бош архитектор лавозимларида ишлаган. 1993 йилда «Архторус» лойиҳалаштириш институтини ташкил этиб, то умрининг охиригача унга раҳбарлик қилган эди.

2003 йилдан Ўзбекистон архитектура уюшмасининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими бошқарувчиси бўлиб ишлаган.

Эллик йилдан зиёд фаолияти давомида Ўринбой Тўрениязовнинг бевосита муаллифлигида нафақат Нукус шаҳри балки бутун Қорақалпоғистон Республикасидаги йирик иншоотлар, замонавий бинолар, мажмуалар қад ростлади. У ҳар бир иншоотни лойиҳалаштиришда албатта унда миллий калоритни акс эттиришга ҳаракат қилди. Оролбўйидаги замонавий ва миллий меъморий ечимга эга иншоотларнинг ҳар бири бу инсоннинг тарихни яхши билишидан, меҳнатсеварлигидан, тинимсиз изланишлари ва бутун ақл заковатидан сўзлаётгандек. Чунки унинг лойиҳаси асосида қурилган қайси иморатни кўрсангиз ҳам унда қорақалпоқ тарихи қайта жонлангандек бўлади.

photo_2020-08-25_18-37-14.jpg

Қорақалпоқ давлат университети қошидаги Бердақ миллий музейи, Қорақалпоғистон тарихи ва маданияти музейи, Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театри биноси, амфитеатр, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси, Қорақалпоқ тиббиёт институти, Имом эшон Муҳаммад жоме масжиди биноси, Нукус шаҳри марказидаги замонавий кўп қаватли уйлар, умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотлари…

Бу рўйхатни ҳали узоқ давом эттириш мумкин. Ўринбой Тўрениязов лойиҳалари нафақат ўзимизда балки қўшни Қозоғистон Республикаси Жамбул вилоятидаги марказий жоме масжиди, Туркманистондаги кўпгина масжидларнинг лойиҳаси айнан шу кишининг муаллифлигида амалга оширилди. Дарҳақиқат у Қорақалпоқ меъморчилигининг асосчиси эди. Бевосита унинг ташаббуси билан Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида архитектура мутахассислиги ташкил этилди. Умрининг сўнгги кунига қадар шу эл, шу юрт учун фидокорона хизмат қилди.

Бугунги Қорақалпоғистоннинг кўркам ва гўзал замонавий қиёфасини таъминлашда бу инсоннинг фидойи хизматлари бор. Унинг бевақт орамиздан кетиши Қорақалпоғистон Республикаси архитектура ва қурилиш соҳаси учун катта йўқотиш бўлди. Инсон ўлмайди унинг номи мангу. Ўринбой аканинг халқимиз учун қилган фидойи меҳнатлари ҳеч қачон унутилмайди. У қолдирган меъморчилик мактаби шогирдлари томонидан муносиб давом эттирилади.

photo_2020-08-25_18-37-02.jpg

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА