Репродуктив саломатлик ва ҳуқуқлар соҳасидаги тенгсизликлар жаҳон ҳамжамиятининг ривожланиш мақсадларига эришишга таъсир кўрсатаётган бир даврда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилиниб, ушбу масалалар юзасидан белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Миллий матбуот марказида БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси томонидан «Дунёдаги тенгсизликлар: репродуктив саломатлик ва ҳуқуқлар» мавзуида тадбир ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Э.Боситхонова, БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари М.Ябута ва бошқалар Ўзбекистонда фуқароларнинг фаровон умр кечиришини кафолатлаш, соғлом оилани шакллантириш, аёллар ва болалар соғлиғини мустаҳкамлаш ҳамда баркамол авлодни тарбиялаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши эканини таъкидлади.

Жамиятда ижтимоий адолат ва қонунийлик принципларини таъминлаш Конституциямизнинг тегишли бандлари билан мустаҳкамлаб қўйилган.

Репродуктив саломатлик ва ҳуқуқлар соҳасидаги тенгсизликлар жаҳон ҳамжамиятининг ривожланиш мақсадларига эришишга таъсир кўрсатаётган бир даврда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилиниб, ушбу масалалар юзасидан белгиланган вазифалар ижросини таминлаш мақсадида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Шу йил 12 декабрь куни давлатимиз раҳбари раислигида бўлиб ўтган мамлакатимиз тиббиёт соҳасидаги долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда ҳам тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, муҳтож фуқароларни реабилитация техник воситалари билан таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ҳомиладор аёлларга перинатал хизмат кўрсатиш, оналар, гўдаклар ва болалар ўлимини камайтириш, туғма нуқсонли ва наслий касалликлар билан туғилишларнинг олдини олиш, туғруқ комплекслари ва болалар шифохоналарининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди.

Тадбирда халқаро мутахассисларнинг дунёдаги ижтимоий тенгсизликлар, табақаланишнинг салбий оқибатлари ва унинг тараққиётга таъсири сингари мавзуларда маърузалари тингланди. Ушбу муаммоларнинг олдини олиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

 

Моҳигул Қосимова, ЎзА