Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, шаҳар ва туманларга уланган ҳолда видеоконференция шаклида ўтган сессияда Олий Мажлис депутатлари, сенаторлар, Қорақалпоғистон Республикаси ҳукумати аъзолари, сектор раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, дунё халқларини хавотирга солаётган коронавирус пандемияси бизнинг мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади. Бу эса давлатимиз иқтисодиётига жиддий таъсир кўрсатиши билан бирга, инсонларни ҳаётдан олиб кетиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Шу жумладан, таниқли давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони, узоқ йиллар мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари лавозимида самарали фаолият юритган самимий инсон Муса Тажетдинович Ерниязовнинг вафоти халқимизни чуқур қайғуга солди. У меҳнат фаолияти давомида ўзининг билим ва тажрибаси, Ватанимизга беқиёс муҳаббати ва садоқати билан ҳақли равишда халқимизнинг қалбидан чуқур жой олди.
Юртимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, халқимизнинг бахтли ва фаровон турмушини таъминлаш борасида юксак натижаларга эришди. Муҳтарам Президентимиз Муса Тажетдиновичнинг вафоти муносабати билан бўлиб ўтган таъзия маросимида: “Муса Ерниязов қаҳрамон халқнинг қаҳрамон раҳбари эди» деб у кишининг меҳнатларига юксак баҳо берди.
Сессия иштирокчилари таниқли давлат ва жамоат арбоби, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари Муса Тажетдинович Ерниязов хотираси учун бир дақиқа сукут сақлади.
Барчамизга маълум, Президентимиз раҳбарлигида жорий йилнинг 12 август куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида аҳолига кўрсатилаётган тиббий-санитария хизматлари сифатини тубдан яхшилаш, бу борада олиб борилаётган ишларга масъулият ва жавобгарлик билан қараш юзасидан соғлиқни сақлаш тизимидаги масъулларнинг аҳолига мурожаатини йўллаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, пандемия даврида ишлаб чиқаришни давом эттириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, кам таъминланган оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, ўтган вақт мобайнида мазкур йўналишда қабул қилинган 20 дан ортиқ фармон ва қарорлар тадбиркорлар ҳамда ишбилармонлар учун қулай шарт-шароитлар яратишда, аҳоли турмуш тарзини яхшилашда, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Жумладан, пандемия шароитида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида солиқ турлари бўйича жами 282,4 миллиард сўмлик имтиёз берилиб, ушбу маблағларни тадбиркорларнинг ўзларида қолишига имконият яратилди. Шунингдек, барча турдаги кредитларга пролангацияларнинг берилганлиги натижасида 1 триллион 201 миллиард сўмлик кредитни тўлаш муддати узайтирилди.
Бугунги кунда аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда даромадини орттириш давлатимиз сиёсатининг асосий йўналишларидан бирига айланмоқда. Айниқса, давлатимиз раҳбари томонидан яқиндагина қабул қилинган махсус фармон асосида жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб пенсияларнинг миқдори 10 фоизга ошиши белгиланди. 2 ёшга тўлгунга қадар бола парвариши ва 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақалар 6 ой муддатга чўзилди. Бугунги кунда жами 2522 нафар тиббиёт ходимига 10,2 миллиард сўмлик бир марталик моддий ёрдам пул мукофоти берилмоқда.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 30 июлдаги “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармони асосида Қурбон Ҳайити байрами муносабати билан «Темир дафтар»га киритилган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож 14 минг 596 оилага жами 14 миллиард 155,2 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам пуллари берилди. Пандемия даврида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида яратилган янги тизим асосида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида ташкил этилган махсус жамғармага ҳомийлар ҳисобидан 6,8 миллиард сўм миқдорида маблағ келиб тушди. Шундан ёрдамга муҳтож бўлган 26 минг 257 нафар оилага 4,4 миллиард сўмдан ортиқ бўлган моддий ва молиявий ёрдам кўрсатилди.
Шунингдек, «Қорақалпоғистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонуни лойиҳаси, «Қорақалпоғистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида» Коррупцияга қарши курашиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси идоралараро комиссияси раисининг ҳисоботи, 2020 йилнинг биринчи ярмида ҳуқуқий тарғибот ва маърифий ишларнинг ҳолати тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирининг ахбороти, Жўқорғи Кенгес Президиуми томонидан сессиялар оралиғида қабул қилинган тегишли қарорларни тасдиқлаш ҳақидаги масалалар кўриб чиқилди.