Халқаро замонавий бешкураш иттифоқининг (UIPM) Саудия Арабистони Ар-Риёд шаҳрида ўтказилган 73-конгрессида Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси раиси Баҳромжон Газиев иштирок этди.

73-конгресс давомида делегатлар UIPM президентлиги, вице-президентлиги ва Ижроия қўмита аъзолиги учун номзодларга овоз беришди.

Халқаро ташкилотга АҚШ Замонавий бешкураш федерацияси президенти Роберт Стулл янги президент этиб сайланди. Йиғилишда, шунингдек UIPM Ижроия кенгаши таркиби белгилаб олинди.

Конгресс давомида Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси раиси Баҳромжон Газиев юртимизда ушбу спорт турини янада ривожлантириш борасида халқаро ташкилот мутасаддилари, замонавий бешкураш бўйича катта тажрибага эга чет эллик мутахассислар билан мулоқот қилди. Бир қатор манфаатли келишувларга эришилди.

Учрашувлар чоғида Халқаро замонавий бешкураш федерациясининг янги сайланган президенти Роберт Стулл Ўзбекистонда ушбу спорт тури қисқа фурсатда катта юксалишга эришганини, мамлакатимиз замонавий бешкурашчилари ўтган Олимпия ўйинларининг 2 та йўлланмасига эга чиққанини эътироф этиб, ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш, дунёнинг етакчи терма жамоалари билан ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш каби бир қатор масалаларда кўмак беришини билдириб ўтди.

Т.Рўзиев,

ЎзА