Бугун футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё қитъасида Жаҳон чемпионати 3-саралаш босқичининг 6-тури доирасида КХДР термасига қарши сафарда ўйнайди.
Учрашув Лаоснинг Вьентьян шаҳридаги “Лао” стадионида Тошкент вақти билан 17:00 да бошланади. Баҳсни қувайтлик ҳакамлар бригадаси бошқаради. Аниқроқ айтадиган бўлсак ўйинда Али Аҳмад бош ҳакам сифатида ишласа, унга қанотларда Аланези Абдулҳади ва Аббос Аҳмад ёрдам беради. Тўртинчи расмий ҳакам — Аммар Ашканани, VAR’да эса Абуллоҳ Жамали фаолият кўрсатади.
Миллий терма жамоамиз бу беллашувда тўлиқ кўк, дарвозабонимиз эса яшил либосда ҳаракат қилади. КХДР футболчилари эса анъанавий қизил формада майдонга тушади.
Мазкур учрашувдан аввал ҳар иккала терма жамоага оид статистикани эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Вакилларимиз КХДР термаси билан жами 12 маротаба ўзаро тўқнаш келган. Ушбу ўйинларнинг 6 таси ўртоқлик, 5 таси жаҳон чемпионати саралаши ва биттаси Осиё кубоги доирасида ўтказилган. Унда вакилларимиз 7 маротаба ғалаба қозонган бўлса, 3 дуранг қайд этилган ва 1 маротаба мағлуб бўлган.
Эътиборли жиҳати шундаки, илк марта 1998 йил ўтган Ўзбекистон – КХДР учрашувида 4:0 ҳисоби қайд этилган бўлса, сўнгги баҳс жорий йилнинг 5 сентярбь куни Жаҳон чемпионати 3-саралаш босқичининг биринчи даврасида ўтказилган ва унда футболчиларимиз Тошкентда 1:0 ҳисобида зафар қучган.
Умид қиламизки, терма жамоамиз жаҳон чемпионатининг 3-саралаш босқичи 6-турида ғалаба қозонади ва ўтган турдаги мағлубият аламини олади.
Эслатиб ўтамиз, ушбу саралашда терма жамоамиз “А” гуруҳида 10 очко билан иккинчи ўринда бормоқда. Эрон эса 13 очко жамғарган ҳолда яққол пешқадамга айланган. БАА ҳамда Қатар термалари ҳисобидаги очколар 7 тага етди ва улар 3-4-ўринларга жойлашди. Қирғизистон 3, КХДР 2 очко билан кейинги поғонадан ўрин эгаллади.
Бугун, бу гуруҳда Қирғизистон – Эрон, БАА – Қатар терма жамоалари баҳсига гувоҳ бўламиз. Шунингдек, мазкур саралаш босқичида “B” ва “C” гуруҳларида қуйидаги учрашувлар бўлиб ўтади:
“B” гуруҳи: Ўмон – Ироқ, Қувайт – Иордания, Фаластин – Жанубий Корея;
“C” гуруҳи: Хитой – Япония, Индонезия – Саудия Арабистони, Баҳрайн – Австралия;
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА