Бугун Рио-де-Жанейрода Йигирмалик гуруҳи ёки Катта йигирма давлатлари раҳбарларининг навбатдаги саммити бошланди. “Адолатли дунё ва барқарор сайёра қуриш” шиори остида ўтаётган, 19 давлат ва Европа Иттифоқи иштирокида кечадиган ушбу форум кунлари хавфсизликни таъминлашга 8 минг ҳарбий хизматчи жалб этилган.

G20 саммитига мезбонлик қилаётган Замонавий санъат музейи тўсиқлар билан ўралган. Зирҳли техника ва қуролли аскарлар муайян ҳудуддаги йўллар бўйлаб жойлашган. Бир нечта кўчада транспорт ҳаракати чекланди.

Дастлаб очарчилик ва қашшоқликка қарши глобал альянс тақдимоти намойиш этилиб, иштирокчи давлатлар, халқаро ташкилотлар эълон қилинади. Кейин етакчилар ижтимоий инклюзия ва танланган мавзу юзасидан сўзга чиқади.

G20 доирасида Мексика, Индонезия, Жанубий Корея, Туркия ва Австралияни бирлаштирган МИКТА мамлакатлар гуруҳи раҳбарлари учрашуви ҳам бўлиб ўтади. Биринчи кун глобал бошқарув институтларини ислоҳ қилишга қаратилган йиғилиш ҳам режалаштирилган. Иккинчи кун барқарор ривожланиш ва энергияга ўтиш бўйича сессия ўтади. Якуний учрашувдан кейин Бразилия G20 раислигини Жанубий Африкага топширади.

Табиийки, саммит иштирокчилари икки томонлама учрашувларда ҳам иштирок этади.