Олис овулда интернет алоқаси яхшиланди

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги O’zLiDeP фракцияси аъзоси Д.Утамбетов ва Нукус туман Кенгаши депутати А.Қартжановларнинг ёрдами билан «Кердер» овул фуқаролар йиғинидаги «Қизил уй» овулига «Uzmobile» антенна қурилмаси ўрнатилиб берилди.
Ҳудуд аҳолиси анчадан буён телефон ва интернет алоқаси пастлигидан қийналиб келаётган эди. Ушбу муаммони ижобий ҳал этиш юзасидан сайловчилар мазкур ҳудуддан сайланган Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Дуйсенбой Утамбетов ва туман Кенгаши депутати Айназар Қартжановларга мурожаат этди.
Халқ вакиллари карантин қоидаларига амал қилган ҳолда вазиятни жойида ўрганиб, сайловчилар билан юзма-юз суҳбатлашди. Маълум бўлишича, ҳудуд аҳолиси бу борада уч йилдан буён тегишли ташкилотларга мурожаат қилиб келган эди. Аммо, ҳалигача ижобий натижа бўлмади.
Муаммони ҳар томонлама ўрганиб чиққан депутатлар тегишли ташкилотларга сўровнома юборди. Натижада ушбу ҳудудга «Uzmobile» антенна қурилмаси ўрнатилиб, олис овул аҳолиси юқори сифатли мобил телефон ва интернет тармоғидан фойдаланиш имконига эга бўлди.
интернет.jpg

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА