Инвестицион лойиҳа: Қораўзакда гидратли ва сўндирилган оҳак ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилди

«Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси томонидан ҳудудларда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ташкил этиш, соҳага инвестиция жалб қилиш, маҳаллий бозорлардаги арзон, сифатли, энергия тежамкор маҳсулотларга бўлган талабни қоплаш борасида бир қатор тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида 2019-2022 йилларда қурилиш материаллари саноати бўйича умумий қиймати 448 миллион 198 минг долларлик 142 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши кўзда тутилган.
«Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси матбуот хизмати маълум қилишича, Қораўзак туманида ана шундай янги қувватлардан бири – гидратли ва сўндирилган оҳак ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Дайпласт Нукус» масъулияти чекланган жамияти ўз фаолиятини бошлади.
Корхона йилига 100 минг тонна охақ тайёрлаш имкониятига эга. Лойиҳа қиймати 63 миллиард 180 миллион сўмни ташкил этади. Корхонада замонавий, сўнгги русумдаги энергия тежамкор ускуналар ўрнатилган. Лойиҳа фойдаланишга топширилиши билан пандемия шароитида 150 га яқин янги иш ўрни яратилди. Таъкидлаш керак, корхона маҳсулотларига бўлган талаб нафақат мамлакатимизда, балки қўшни давлатларда ҳам юқори.
Жорий йилда Қорақалпоғистон Республикасида яна кўплаб инвестиция лойиҳалари ҳаётга татбиқ этилиши режалаштирилган. Мўйноқ туманидаги «Мўйноқ ЛДСП» МЧЖ томонидан умумий қиймати 8 миллион АҚШ долларлик (шундан ўз маблағи 2,6 млн. АҚШ доллар, Хитой давлат тараққиёт банки кредит линияси маблағлари 5,4 млн. АҚШ доллар) қамишдан ДСП ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳам шулар жумласидан. Корхона йилига 50 минг куб метр ДСП ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлади. Энг муҳими, 200 доимий ва 1500 мавсумий иш ўринлари яратилади.
Муҳими, бу каби янги корхоналарнинг фойдаланишга топширилиши биринчи навбатда соҳада ишлаб чиқариш ҳажмининг ошиши, маҳсулотларга бўлган талабни қондириш ҳамда янги иш ўринларини яратилишига хизмат қилмоқда.
photo_2020-08-11_16-58-13.jpg

 

ЎзА