Маслаҳат поликлиникаси иш бошлади

Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида COVID-19 амбулатор маслаҳат поликлиникаси ўз ишини бошлади.
Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати ЎзА мухбирига маълум қилди.
Республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда, шунингдек туманларда COVID-19 амбулатор махсус поликлиникаси ташкил қилинмоқда. Бундан асосий мақсад касалликларни ўз вақтида аниқлаш ва текширувдан ўтказишдир.
Поликникада кўрик давомида рентген, ЭКГ, инфекционист, пулмонолог, кардиолог ва ЛОР шифокорлари беморларни текшириб, зарур маслаҳат ва йўлланма беради. Касалликнинг енгил даражаси аниқланган ҳолда уй шароитида даволаниш учун тавсиялар берилади. Карантинга олинган беморлар учун туман ҳокимлиги ва сектор раҳбарлари ташаббуси билан ташкил қилинган махсус мобил гуруҳлар сони 14 тага кўпайтирилиб, шундан 9 та Дамас автомашинаси ҳудудлар бўйлаб, қишлоқ оилавий поликлиникалари ва қишлоқ врачлик пунктлари шифокорларига бириктирилди.
Мобил гуруҳга бириктирилган шифокорлар аҳоли орасида COVID-19 вирусига гумон қилинган ҳамда контактда бўлган беморларга бирламчи дори-дармон воситаларини етказиб бериш ҳамда бир вақтнинг ўзида фуқаролар ўртасида тарғибот ишларини олиб боришни ҳам ташкил қилади. Бундан ташқари, сурункали касалликлари бор беморларга бирламчи ёрдам кўрсатиб, зарур ҳолатда стационар даволаш ишларини ҳам олиб боради.
Беруний.jpg

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА