Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг олтинчи ялпи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ

2020 йил 7 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг олтинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисда ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Парламент юқори палатаси аъзолари томонидан 16 та масала, шу жумладан, 8 та қонун кўриб чиқилди. Ялпи мажлис иши Сенатнинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали ҳамда “Узрепорт” телеканалида тўғридан-тўғри жонли эфирда намойиш этилди.
Ялпи мажлиснинг расмий қисмига ўтишдан аввал ўзбек ва қорақалпоқ элининг забардаст фарзанди, таниқли давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, Сенат аъзоси Муса Тажетдинович Ерниязов хотирасига бир дақиқалик сукут сақланди.
Шундан сўнг сенаторлар томонидан “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, “Таълим тўғрисида”ги Қонун 1997 йилда қабул қилинган бўлиб, таълим сифатини таъминлашга қўйилаётган бугунги талабларга жавоб бермайди. Мазкур янги Қонуннинг қабул қилиниши эса таълим масаласининг тарбия билан узвий боғлиқлигини таъминлайди.
Бундан ташқари, мактабгача таълим ва тарбия масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, мактабгача ёшдаги болаларни ўқитиш ва тарбиялашга, болаларни умумий ўрта таълимга тайёрлашга қаратилган узлуксиз таълим турини такомиллаштиришга хизмат қилади.
Шу билан бирга, мактабгача таълим тизимидан бошлаб умумий ўрта ва ўрта махсус таълим, касб-ҳунар таълими, олий таълим, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, мактабдан ташқари таълимнинг узвийлигини, мазмун жиҳатидан кетма-кетлигини таъминлашга алоҳида аҳамият берилмоқда.
Қолаверса, бошланғич, касб-ҳунар таълими, касб-ҳунар мактабларида IX синф битирувчилари негизида бепул асосда кундузги таълим шаклида умумтаълим ва мутахассислик фанларининг икки йиллик интеграциялашган дастурлари асосида таълим амалга оширилиши белгиланмоқда.
Қонунда таълим муассасаси ходимлари, таълим олувчилар ва ота-оналарнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги, таълим жараёни қатнашчиларининг ижтимоий ҳимояси, таълим жараёнида меҳнат қилаётган минглаб мутахассисларнинг, миллионлаб ота-оналарнинг ҳуқуқий мақомига, уларнинг ижтимоий муҳофазасига доир жиҳатларга, айни вақтда мажбуриятларига ойдинлик киритилмоқда.
Шунингдек, қонун эндиликда таълимнинг нодавлат шаклини ривожлантиришга, жамиятимизда интелектуал мулк салоҳиятидан самарали фойдаланиш, илм-маърифатга доир иш жойлари кенгайишига имкон беради.
Мажлисда сенаторлар янги таҳрирдаги қонун кўплаб ҳамюртларимиз олий таълим, хорижда олинган таълим бўйича дипломларни тан олиш, таълим олувчилар учун вақтинча яшаш жойларини кафолатлаш, масофавий таълим, оилавий таълим, инклюзив таълим сингари ўз саволларига ечим топишга қийналаётган масалаларга ҳуқуқий ойдинлик киритилгани билан аҳамиятли бўлишини таъкидлади.
Сенат аъзолари мазкур қонунни маъқуллади.
Сўнгра кун тартибидаги навбатдаги масала – “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, амалдаги қонуннинг тўғридан-тўғри амал қилиш талаблари паст бўлиб, бугунги бозор шароитида самарасиз бўлган, эскирган норма ва қоидаларни ўзида мужассам этиб келмоқда. Хусусан, меҳнат органлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар бир нечта қонуности меъёрий ҳужжатлар билан тартибга солинади.
Бундан ташқари, янги иш ўринларини ташкил этиш ва касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш бўйича давлат буюртмаси механизмлари кўрсатилмаган. Шу жиҳатдан бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш, меҳнат бозори ва меҳнат миграцияси билан боғлиқ янги муносабатларни қонуний тартибга солиш зарурати ҳам вужудга келмоқда.
Янги таҳрирдаги “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Қонун эса ушбу йўналишдаги фаолиятни тартибга солиш мақсадларига хизмат қилади.
Шу билан бирга, аҳоли бандлигини таъминлашда замонавий касбий ва меҳнат стандартларини жорий этиш, меҳнатга ҳақ тўлашнинг механизмларини тартибга солиш ва такомиллаштиришда дастуриламал бўлади.
Қонунда биринчи марта иш билан таъминлашнинг самарали ва истиқболли йўналишлари – касбий малака ва компетенцияни ривожлантириш миллий тизими, меҳнат дафтарчалари ва шартномаларини электрон ҳисобини юритишни назарда тутувчи ягона миллий меҳнат тизими жорий этилмоқда.
Уларнинг киритилиши бандликни таъминлашнинг зарурий шарти ҳисобланиб, меҳнат бозори тўғрисида тўлиқ маълумот тўплаш ва олишга имкон беради. Айниқса, рақамли иқтисодиётга ўтиш шароитида жуда муҳим чора-тадбирларни амалга ошириш имконини беради.
Қонуннинг қабул қилиниши меҳнат бозори ва бандликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, миллий ишчи кучи сифатини ошириш учун рағбатлантиришни ташкил этиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни ишга жойлаштиришни кучайтириш, ишсизларни моддий қўллаб-қуватлаш ва ижтимоий фаоллигини рағбатлантиришни мустаҳкамлайди.
Шунингдек, меҳнат бозорида замонавий инфратузилма ва институционал муҳитни яратиш, меҳнат органлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар кўламини кенгайтириш, шахсларнинг тадбиркорлик ташаббуслари ва ўзини ўзи банд қилишга жалб этиш имкониятлари ортади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Янги таҳрирдаги “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам муҳокама марказида бўлди.
Таъкидланганидек, қонунни янги таҳрирда ишлаб чиқилиши зарурати бугунги кунда одам савдосидан жабрланганларни ҳимоя қилиш ва уларга ёрдам бериш масалаларига доир аниқ қоидалар тартибга солинмаганлиги ҳамда вояга етмаганларнинг савдосига қарши курашишни ўзига хос хусусиятлари, шу жумладан, идентификация қилиш, ёрдам бериш ва ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий мақоми белгиланмаганлиги билан ифодаланмоқда.
Янги таҳрирдаги қонунда ана шу жиҳатлар эътиборга олинган. Жумладан, соҳага оид асосий тушунчалар ва тамойиллар, уни давлат томонидан тартибга солишга оид нормалар, ваколатли давлат органлари, Миллий комиссия, ҳудудий комиссиялар ва Миллий маърузачига оид меъёрлар аниқ белгиланган.
Маълумки, ҳозирги кунда республикамизда 9 мингдан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият кўрсатса, уларнинг 100 га яқини одам савдосига қарши курашиш борасида иш олиб бормоқда. Қонунда мазкур йўналишга доир фаолиятни амалга ошираётган давлат органларига кўмаклашувчи ташкилотлар қаторида нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам белгиланиб, уларнинг ваколат ва вазифалари аниқ очиб берилмоқда.
Шу билан бирга, амалдагидан фарқли ўлароқ қонуннинг янги матнида одам савдосидан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилиш ва мослашувини таъминлаш тартиби ва жабрланганлар ҳақидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш ва уларга тақдим этиладиган хавфсизлик чоралари ва бошқа кафолатлари ёритилмоқда.
Бундан ташқари, миллий конунчилигимизда илгари бўлмаган одам савдосидан жабрланганларни идентификация қилиш ва уларни қайта йўналтириш тушунчалари алоҳида бобда белгиланмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши одам савдосидан жабрланган фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Сенат аъзолари мазкур қонунни маъқуллади.
Шундан кейин парламент юқори палатаси аъзолари “Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини муҳокама қилди.
Қонун Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Мазкур қонуннинг қабул қилиниши бир неча объектив сабаблар билан боғлиқ. Жумладан, амалдаги 1996 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини ҳал этиш тартиби тўғрисида”ги Қонун мамлакатда маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини тизимли ҳал этишни таъминлай олмайди. Қолаверса, маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини босқичма-босқич қарор қабул қилиш тартиби мавжуд эмас.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасида маъмурий-ҳудудий тузилиш масалалари бўйича таклифларни давлат экспертизасидан ўтказиш тартиб-таомиллари ишлаб чиқилмаган ва тартибга солинмаган. Бу эса ўз навбатида мазкур масалаларда чуқур таҳлил қилинмаган қарорларнинг қабул қилинишига замин яратиб келаётир. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг ваколатлари ва вазифалари аниқ белгилаб берилмаган, шунингдек, тўғридан-тўғри амал қилувчи нормалар белгиланмаган.
Яна бир жиҳат. Амалдаги қонун қабул қилинганда 31 моддадан иборат бўлган ва бугунги кунда уларнинг 15 таси турли сабабларга кўра ўз кучини йўқотган.
Мажлисда сенаторлар мазкур янги қонун амалдаги “Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини ҳал этиш тартиби тўғрисида”ги Қонундан бир қатор асосий қоидаларнинг мавжудлиги билан ажралиб туришини қайд этди.
Хусусан, ҳудудий тузилиш масалалари бўйича қарор қабул қилишда давлат органларининг ваколатлари ва вазифалари аниқ белгилаб қўйилмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасида маъмурий-ҳудудий тузилиши масалалари бўйича таклифларни давлат экспертизасидан ўтказиш механизмлари ўрнатилган ва мазкур масалаларда махсус коммиссиялар тузиш ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш ҳуқуқий нормалар асосида белгиланмоқда. Шунингдек, маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларида қабул қилинган қарорларга жойларда амал қилиниши механизмлари жорий этилмоқда. Мазкур қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Бундан ташқари, янги таҳрирдаги “Қишлоқ хўжалиги ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди.
Қонун тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари ва экспертлар иштирокида ҳар томонлама ўрганиб чиқилгандан сўнг, уни тамомила қайта кўриб чиқиш зарур деган хулосага келинди.
Аввало, ҳужжатда ўсимликларни зарарли организмлардан ҳимоя қилишда қўлланиладиган кимёвий бирикмалар ва тавсия этилган кимёвий ҳамда биологик воситалар, ўғитлар ва бошқа препаратларнинг рўйхати келтирилмаган. Шунингдек, улардан самарали ва безарар фойдаланишнинг асосий мезон ҳамда меъёрлари очиб берилмаган.
Бундан ташқари, қонунда ўсимликларни ҳимоя қилиш объектлари ҳамда субъектларини аниқлаш, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига оид масалалар акс этмаган. Қолаверса, қишлоқ хўжалигида халқаро талабларга жавоб берадиган маҳсулотларни етиштиришда пестицидлар стандарт меъёрларини таъминлаш мақсадида радиологик, токсикологик кузатув ва ташхисларга доир жиҳатлар ёритилмаган.
Шу билан бир қаторда, қонунда янги пестицидлар ва агрокимёвий воситаларни рўйхатга олиш ва воситани Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигида ишлатиш учун рухсат бериш талаблари баён этилмаган. Аграр тармоқда ўсимликларнинг янги навлари, турларини жорий этиш натижасида зараркунанда, касаллик ва бегона ўтларнинг аввал учрамаган турлари тарқалишини ўрганиш масалаларига доир нормалар белгиланмаган.
Экспертларнинг фикрича, қонун нормаларини ўсимликлар карантини ва уларнинг муҳофазаси тўғрисидаги бошқа қонун ҳужжатлари ва халқаро ҳужжатларга мувофиқлиги юзасидан кўриб чиқиш лозим. Бундан ташқари, қонун моддаларининг баён этилиши қонунчилик техникаси талабларига жавоб бермайди.
Қонунда тартибга солинадиган жамоатчилик муносабатларининг аҳамиятини эътиборга олиб, сенаторлар ушбу қонун концепциясини қайта кўриб чиқишни, унга комплекс ёндашиб, халқаро нормаларни имплементация қилиб, такомилига етказишни, шунингдек, амалдаги қонунларни хатловдан ўтказиш ва уларга ушбу қонуннинг қоидаларини киритишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблади.
Сенат аъзолари олтинчи ялпи мажлисда “Қонун ижодкорлиги ҳамда парламент назорати жарёнлари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунни ҳам кўриб чиқди.
Давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан самарали парламент назорати ташкил қилишга қаратилган ушбу қонун билан парламент ва маҳаллий Кенгашлар фаолиятига оид бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Жумладан, амалдаги “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ Олий Мажлис палаталари фақат ҳукумат аъзоларининг ахборотини эшитишга ҳақлилиги белгиланган бўлса, киритилаётган ўзгартишга асосан Қонунчилик палатаси ва Сенат ҳукумат аъзолари ва давлат органлари раҳбарларидан ташқари хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ҳам ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахборотини эшитиши мумкинлиги мустаҳкамланмоқда.
Қонунларга киритилаётган янгиликлардан бири парламент назоратининг тури ҳисобланмиш парламент текшируви институтини жонлантириш ва кенгроқ қўллаш амалиётини жорий қилишга қаратилган.
Сабаби, парламент текширувини ўтказиш бўйича амалдаги тартибда бир қатор камчиликлар мавжуд эди. Хусусан, Олий Мажлис палаталарида парламент текширувини ўтказиш борасида алоҳида қарор қабул қилиш имконияти йўқ эди.
Ўз ўрнида, парламент текширувини ўтказиш зарурати юзага келганда уни ўтказиш ташаббусини келишиш жараёни, яъни қарор қабул қилиш заруратини муҳокама қилиш ва уни маъқуллаш жараёни парламент ҳар иккала палаталарида босқичма-босқич амалга оширилиши мураккаб бўлиб, бу асоссиз равишда ортиқча вақтни талаб қиларди.
Шунга кўра мазкур қонун билан парламент текшируви Қонунчилик палатасининг ёки Сенатнинг алоҳида қарори билан ёхуд Олий Мажлис палаталарининг қўшма қарори билан ўтказилиши мумкинлиги белгиланмоқда.
Шунингдек, ўзгартишларга асосан аҳолини қийнаб келаётган муаммолар юзасидан парламент, депутат ва сенатор сўровлари кимнинг номига юборилган бўлса, ўша мансабдор шахс ёки унинг вазифасини бажариши юклатилган шахс томонидан жавоб берилиши белгиланмоқда. Бу эса сўровларнинг таъсирчанлигини янада оширишга хизмат қилади.
Яна бир ўзгартиш – қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш самарадорлиги ошишига ҳамда қонун лойиҳалари сифатининг яхшиланишига қаратилган. Унга кўра, Қонунчилик палатасида амалга ошириладиган биринчи ўқишдаги қонун лойиҳаси юзасидан маъруза билан, қоида тариқасида, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти ёки унинг вакили, кейинги ўқишларда эса масъул қўмита вакили сўзга чиқиши белгиланмоқда.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.
Мазкур қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомини тасдиқлаш ҳақида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмаларида резерв ва захира офицерларини тайёрлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилгани таъкидланди.
Қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ йўналишдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва ягона кўринишга келтиришга, соҳада қўлланиладиган тушунча, атама ва номланишларни бир хил талқин этилиши имконини беради.
Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишдан кўзланган асосий мақсад:
* ҳарбий хизматга қабул қилиш ва ҳарбий хизматдан бўшатиш мезонларини аниқ белгилаб бериш;
* сержант унвони ўрнига янгидан киритилган I, II, III даражали сержант унвонлари ҳамда кема таркибидаги унвонларда бўлган ўзгаришларни қонун ҳужжатларида акс эттириш;
* илгари Мудофаа вазирлиги ваколатида бўлган ҳарбий кийим-кечакда юриш тартиб-қоидаларини белгилаш ваколатини куч тузилмалари мавжуд вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг раҳбарларига бериш;
* олий таълим муассасаларида резервдаги ва захирадаги офицерларни тайёрлаш ҳарбий тайёргарлик ўқув марказлари ва курсларида олиб борилиши мумкинлигини белгилаш.
Ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар амалдаги қонунчилик ҳужжатларини мувофиқлаштириш ҳамда қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этишга замин яратади.
Қизғин муҳокамалардан сўнг сенаторлар томонидан ушбу қонун маъқулланди.
Сўнгра “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди.
Хусусий бандлик агентликлари фаолиятини тартибга солиш тўғрисидаги 2018 йилда қабул қилинган қонуннинг қўлланиши жараёнида, агентликлар чет элда ишлаш истагини билдирган фуқаролардан маблағлар йиғиб олиб, эгаларини ишга жойлаштирмасдан маблағларни талон-тарож қилиш ҳолатларига йўл қўйилгани таъкидланди.
Шу каби жиноятлар, яъни 7 123 нафар фуқарога 72 миллиард сўмдан ортиқ моддий зарар етказганликлари учун 10 та хусусий бандлик агентлиги раҳбарларига жиноят ишлари қўзғатилган.
Хусусан, “Human” хусусий бандлик агентлиги раҳбари томонидан 1086 нафар фуқародан 21,2 миллиард сўм миқдорида, “Korean аnd Migrations” агентлиги раҳбари томонидан 2317 нафар фуқародан 22,2 миллиард сўм миқдоридаги пул маблағлари ўзлаштирилган.
Мазкур қонун билан бу каби салбий ҳолатларга барҳам бериш мақсадида чет эллардан иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича кўрсатилган хизматлар учун тўловларни иш қидираётган шахслардан эмас балки иш берувчидан ундириш белгиланмоқда.
Шунингдек, хусусий бандлик агентлиги мансабдор шахсларига нисбатан қонун талабларини бузганлик учун жавобгарлик ҳам назарда тутилган.
Иш билан таъминлашда бандлик агентликлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар шаффофлигини таъминлаш мақсадида кўрсатадиган хизматлар бўйича шартномалар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ахборот тизимида реал вақт режимида рўйхатдан ўтказиб борилади.
Бундан ташқари, республикадан ташқарида иш қидираётган фуқароларимизни ишга жойлаштириш кафолатларини ошириш мақсадида хусусий бандлик агентликларининг чет эллик иш берувчи, шериклар билан ёзма шаклда ҳамкорлик тўғрисида шартнома тузиши ҳам зарурий шарт қилиб белгиланган.
Қонунга киритилаётган ўзгартишлар бугунги кундаги долзарб масалаларнинг ҳал этилиши, фуқаролар турмуш фаровонлиги ошишига замин яратади. Сенаторлар томонидан ушбу қонун маъқулланди.
Сўнгра кун тартибидаги навбатдаги масала – 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2020 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи эшитилди.
Қайд этилганидек, ҳукумат томонидан 163 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳамда 121 та чора-тадбирлар дастурлари ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш назарда тутилган Дастур ижросини таъминлаш ва доимий мониторинг қилиб бориш юзасидан яхлит тизим яратилган.
Ҳисобот даврида хорижий инвестиция ва кредитлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,2 баробар кўп ўзлаштирилган. Жами хизматлар ҳажми 2,6 фоизга ошган.
Давлат тиббиёт ташкилотлари ва аҳолини дори воситалари, тиббиёт буюмлари билан таъминлашга ўтган йилга нисбатан 1,3 баробар кўп ёки қарийб 1,5 триллион сўм ажратилган.
Таъкидланганидек, коронавирус пандемияси оқибатида мамлакатимизда ҳам иқтисодиёт тармоқларидаги ўсиш суръатлари сезиларли даражада пасайган. Хусусан, республикамизда экспорт ҳажми ўтган йилга нисбатан 22,6 фоизга қисқарган.
Дастурга мувофиқ 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилиши лозим бўлган 118 та банддаги топшириқларнинг 3 таси ўз вақтида бажарилмаган.
Жумладан, ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигини кучайтириш тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилиниши таъминланмаган.
Сенаторлар ҳукумат ҳисоботи муҳокамаси жараёнида пандемия ва карантин шароитида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича етарлича чоралар кўрилмаганлиги оқибатида аҳоли орасида айрим эътирозлар юзага келаётганига эътибор қаратди.
Истеъмол маҳсулотлари ва дори воситаларининг нархлари асоссиз ошиб кетишининг олдини олиш борасида электрон назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича вазифалар ижроси талаб даражасида таъминланмаганлиги таъкидланди.
Мамлакатимиздаги эпидемиологик вазиятни барқарорлаштириш, касалликларнинг олдини олиш, коронавирусга шубҳа бўлган фуқароларни шифохоналарга етказиш, аҳолига карантин талабларини мунтазам тушунтириш ва бу жараёнларда жамоатчилик назоратини амалга оширишда жойларда маҳалла идораларининг иштирокини кескин кучайтириш зарурлигига урғу берилди.
Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Шундан сўнг ички ишлар вазирининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 2020 йил 6 ойи якуни бўйича жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳолати тўғрисидаги ахбороти эшитилди.
Таъкидланганидек, соҳада амалга оширилган тизимли ишлар натижасида умумий жиноятларнинг 20 497 таси ёки 95,2 фоизи фош этилган. Тергов органлари қидирувида бўлган 1 051 нафар шахслар ушланган ва 261 нафар бедарак йўқолганлар топилган.
Ички ишлар органлари ташаббуси билан 4 158 та жиноят аниқланган. Республикадаги жами 9 145 та маҳалланинг 66,3 фоизида ёки 6 061 тасида жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган.
Шу билан бирга, ўтказилган ўрганишлар ички ишлар органлари фаолиятида муайян камчиликлар, ечимини кутаётган муаммолар ва тўлиқ фойдаланилмаган имкониятлар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 6 ойида республика миқёсида 21 535 та жиноятлар қайд этилган бўлиб, 100 минг аҳолига нисбатан ўртача 63,3 тадан тўғри келган.
Оилалардаги нотинчлик, низоларнинг ўз вақтида ҳал этилмаслиги маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчиликнинг эътиборидан четда қолганлиги оқибатида ўта оғир жиноятлар содир этилмоқда.
Жумладан, 2020 йилнинг 6 ойи давомида қайд этилган қотиллик жиноятларнинг ҳар учинчиси (71 таси, 35 фоиз) оғир тан жароҳати етказиш жиноятларининг 76 таси (20,5 фоиз) оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этилган.
Шу билан бирга, оилавий низоларга ўз вақтида барҳам берилмаганлиги оқибатида 5 940 та оила-турмуш муносабатлари доирасидаги ҳуқуқбузарликлар содир этилиб, уларнинг аксарияти, яъни 52,6 фоизи (3 123 таси) Тошкент, Бухоро, Навоий ва Фарғона вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.
Хусусан, оила-турмуш доирасида тазйиққа учраган хотин-қизларнинг 2 776 нафарига “ҳимоя ордери” берилган.
Ёшлар билан ишлашда ҳануз кўплаб муаммолар сақланиб қолаётганлиги, уларни бартараф этишга етарли даражада эътибор қаратилмаганлиги оқибатида жорий йилнинг 6 ойида республикада қайд этилган ҳар тўртинчи жиноят (4 988 та ёки 23,2 фоиз) ёшлар томонидан содир этилган бўлса, шундан 1315 таси ёки 6 фоизи иш билан банд бўлмаган ёшлар томонидан содир этилган.
Бундан ташқари, 3 мингдан ортиқ (3 198 нафар) ишсизлар томонидан жиноятлар содир этилганлиги жойларда аҳолини иш билан таъминлаш масалалари самарали ҳал этилмаётганини кўрсатади.
Республика бўйича умумий йўл-транспорт ҳодисалари сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан камайган (2 564/2 388) бўлса-да, йўлларда ҳаракатланиш учун хавфсиз шароит етарли даражада ташкил қилинмаганлиги оқибатида 730 нафар шахс вафот этган. 2 297 нафари эса турли даражада тан жароҳати олган.
Шу билан бирга, деярли ҳар иккинчи (2 388 тадан 1 017 таси) йўл-транспорт ҳодисалари белгиланган ҳаракатланиш тезлигини ошириш оқибатида содир этилганлиги жойларда фото-видео қайд этиш мосламаларидан фойдаланиш ишларини янада жадаллаштириш лозимлигини кўрсатмоқда.
Бундан ташқари, сенаторлар томонидан бевосита жойларга чиқиб ўтказилган ўрганишларида тизимда муаммо ва камчиликлар учраётгани аниқланди. Хусусан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида профилактика инспекторининг ҳар ойлик ҳисоботини эшитиш номигагина ўтказилиб, айрим ҳолларда эса, умуман ўтказилмасдан қолган.
Аксарият ҳолатларда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ҳам тегишли туман ва шаҳар ички ишлар бўлимлари ҳисоботларини эшитиш жараёнида мазкур тузилмалар раҳбар ходимларининг иштироки тўлиқ таъминланмаган.
Шу билан бирга, ички ишлар органларида кадрлар билан ишлаш борасида амалга оширилган ижобий ишларга қарамасдан ходимларининг 3027 нафари хизмат интизомини бузиш ҳолатига йўл қўйган бўлса, 52 нафар ходимлар эса жиноятга қўл урган.
Масалан, жорий йилда Қашқадарё ва Андижон вилоятларида ходимлар томонидан содир этилган қонунбузилиш ҳолатлари аҳоли орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлиб, ички ишлар органларига нисбатан салбий фикрнинг шаклланишига сабаб бўлади.
Сенаторлар томонидан нотинч оилалардаги муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш ҳамда уларни ижтимоий маънавий томондан қўллаб-қувватлаш борасида идоралараро ишчи гуруҳ тузиш, қолаверса, оилавий ажримларга сабаб бўлаётган ота-оналарнинг масъулиятини белгилаш бўйича амалдаги қонунчиликка ўзгартиш киритиш бўйича таклиф ишлаб чиқиш кераклиги қайд этилди.
Шунингдек, ҳудудларда “Жамоатчилик назорати масканлари” ва “Фидокор ёшлар” тузилмалари аъзолари ва профилактика инспектори ёрдамчиларининг хизмат фаолиятини ҳамкорликда тизимли ташкил этиш, “жиноят камайишига эришилмаган” маҳаллаларда манзилли уйма-уй юриб, профилактик ҳисобда турган шахслар, нотинч оилалар ва уюшмаган ёшлар билан профилактик ишлар тизимли олиб борилиши шартлиги таъкидланди.
Мажлисда кўриб чиқилган ушбу масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Сўнг сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг жорий йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти ҳақидаги ахбороти эшитилди.
Таъкидланганидек, вазирлик томонидан мамлакатимиз ташқи сиёсатини амалга ошириш, хорижий мамлакатлар билан муносабатларда, халқаро ва минтақавий ташкилотларда Ўзбекистоннинг давлат манфаатларини ва унинг фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида муайян фаолият олиб борилмоқда. Бунда вазирлик ва идоралар, муассасаларнинг халқаро алоқаларни ривожлантириш бўйича фаолиятини мувофиқлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳисобот даврида Туркия ва Россия Федерациясига олий даражадаги расмий ташрифлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан хорижий меҳмонларнинг қабуллари, 20 дан ортиқ олий даражадаги онлайн-мулоқот ташкиллаштирилди. Парламентлараро ҳамкорликни ҳамда халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан алоқаларни ривожлантириш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилган. Жумладан, ҳисобот даврида жами 58 та хорижий парламентлар ва халқаро ташкилотлар даражасидаги ташриф ва учрашувлар, онлайн-мулоқотлар ташкил этилди. Коронавирус пандемияси шароитида Ташқи ишлар вазирлиги ўз функционал вазифалари доирасида хорижда қийин аҳволга тушиб қолган 11 мингдан ортиқ фуқароларимизга моддий ёрдам кўрсатиш, 95 мингдан ортиқ фуқароларни Ўзбекистонга қайтариб келиш, шунингдек, мамлакатимиздаги 7 мингдан ортиқ хорижий фуқароларни ўз ватанига юбориш тадбирларида ҳисса қўшди.
Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари кўмагида 2020 йил бошидан буён мамлакатимизга 3 миллиард АҚШ долларидан ортиқ хорижий инвестициялар ва кредитлар жалб қилиниши муҳим аҳамият касб этди.
Шу билан бирга, Сенат томонидан ўтказилган ўрганиш, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида муҳокама қилиш жараёнида Ташқи ишлар вазирлиги фаолиятида қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлиги аниқланди.
Алоҳида эътибор мамлакатимиз манфаатлари йўлида нуфузли халқаро ташкилотлар, хусусан БМТ билан ҳамкорлик самарадорлигини ошириш ҳамда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли сиёсий ва ижтимоий ислоҳотларни халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш вазифаларига қаратилди.
Шунингдек, экспортни рағбатлантириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва туризмни ривожлантириш соҳаларида республика ҳудудларига амалий кўмак бериш, жойларда тадбиркорларнинг ташқи иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришдаги билим ва малакасини ошириш ҳамда меҳнат миграцияси муаммоларини ҳал қилишдаги фаолияти етарли самара бермаяпти.
Хусусан, хорижий давлатлар билан ҳудудлараро ҳамкорлик самарадорлигини ошириш мақсадида вилоятлар мутасаддилари учун ўқув машғулоти ва тренинглар тизими шу кунгача йўлга қўйилмаган. Ҳудудлардан тушаётган маълум лойиҳалар ва инвестицион таклифлар жавобсиз қолмоқда.
Вазирликнинг чет эллардаги фуқароларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга тегишли кўмак ва сифатли консуллик хизматларини кўрсатишнинг амалдаги тартиби жиддий эътирозларга сабаб бўлмоқда. Ижтимоий тармоқлардаги кўплаб хабарларни бунга мисол тариқасида кўрсатиш мумкин.
Ялпи мажлисда очиқ ва ҳар томонлама мунозара натижасида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари, Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва бошқа мутасадди идораларга тегишли топшириқ ва тавсиялар берилди.
Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Шундан кейин Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимида 2019 йилда ва 2020 йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар тўғрисида ахборот эшитилди.
Таъкидланганидек, Сенатнинг ишчи гуруҳи томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ қарор ва дастурлар, чора-тадбирлар ижроси ҳолати ўрганилди.
Мамлакат меҳнат бозори таҳлили асосида ҳудудий ва тармоқ дастурларини ишлаб чиқиш, янги иш ўринлари ташкил этиш учун давлат буюртмасини ва аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини ишга жойлаштириш учун квоталар белгилаш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилган.
Жумладан, республикада 2020 йил 1 апрель ҳолатига меҳнат ресурслари сони 19,1 миллион кишини ташкил этиб, бу кўрсаткич 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 0,6 фоизга кўпайган.
Бундан ташқари, меҳнат органларига мурожаат қилган ишсизларнинг ишга жойлаштирилишини таъминлаш, қуриш, таъмирлаш ва реконструкция қилиш, шаҳар ва туманларни обод қилиш, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларини ташкил этиш орқали ишга жалб қилиш бўйича муайян чора-тадбирлар олиб борилган.
Хусусан, Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларининг фаолияти 2019 йилда жисмоний ва юридик шахсларга “Ягона ойна” тамойили асосида хизмат кўрсатиш тизимига ўтказилган ҳамда 773,4 минг жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатилган.
“Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, вазирлик томонидан хусусий бандлик агентликларининг реестри шакллантирилган. 2020 йил январь-апрель ойларида 2891 нафар ишсиз фуқаро ишга жойлаштирилган.
Мажлисда ўрганиш давомида вазирлик фаолияти самарадорлигининг пастлиги ҳамда қатор муаммо ва камчиликлар аниқлангани таъкидланди.
Жумладан, 2019 йилда республика бўйича иш сўраб мурожаат қилган 773 минг нафар фуқаронинг фақат 46 фоизи ишга жойлаштирилган бўлса, 2020 йилнинг 4 ойида мурожаат қилган 273 минг нафар фуқародан 40 фоизининг бандлиги таъминланган, холос.
Хусусий иш берувчиларнинг амалдаги меҳнат қонунчилигига мувофиқ бюроларга бўш иш ўринлари тўғрисида маълумот тақдим қилиб боришлари йўлга қўйилмаган.
Янги иш ўринларини яратишни рағбатлантириш орқали ишсизликни қисқартириш йўналишидаги фаолият ҳам қониқарли, деб бўлмайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 мартдаги “2019 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича давлат буюртмаси тўғрисида”ги қарорида республика бўйича жами 370 мингта янги иш ўрни ташкил этилиши белгиланган.
Ушбу масалада ҳам вазирлик Низомида белгиланган, мамлакат меҳнат бозори таҳлили асосида аҳоли бандлигини ташкил этиш, ҳудудий ва тармоқ дастурларини ишлаб чиқиш, аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини ишга жойлаштириш учун квоталар белгилаш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш каби қатор вазифаларнинг ижроси талаб даражасида ташкил этилмаган.
Бундан ташқари, ёшларни, шу жумладан, қишлоқ жойларида, умумтаълим мактаблари, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилмаган.
Яна бир жиҳат. Вазирлик тизимидаги ҳозиргача амалда бўлган ўқув курсларининг шакли ва ўқитиш сифати даражаси бугунги кун талабларига жавоб бермайди. Масалан, амалда қўллаб келинаётган ўқув тизимининг ҳозирги шакли билан миллионлаб ишсиз аҳолини қамраб олишнинг иложи йўқ.
Шу билан бирга, фуқароларининг меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш ва уларни хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш масалалари йўналишида ҳам бир қатор ечимини кутаётган муаммоларга эътибор қаратилди.
Хусусан, Вазирлик томонидан Низомдаги, мамлакат фуқароларининг меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш ва уларни хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш вазифалари талаб даражасида бажарилмаётганлиги натижасида 2019 йилда ва 2020 йилнинг ўтган даврида умумий меҳнат миграцияси оқимида ташкиллаштирилган миграция улуши ўртача 9 фоизни ташкил этган.
Аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Сўнгра сенаторлар томонидан Россия Федерациясида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, ушбу парламент сўрови фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Президентнинг виртуал ҳамда халқ қабулхоналари, Омбудсман, ҳудудлардаги ҳокимликлар, Россия Федерациясидаги мамлакатимизнинг дипломатик миссияларига юборилган мурожаатлар асосида шакллантирилган.
Россия Федерациясида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг долзарб муаммоларини ҳал этиш масаласи Сенатнинг диққат марказида турганлиги, Ўзбекистон-Россия парламентлараро ҳамкорлик бўйича қўшма комиссияси фаолиятининг марказий мавзуларидан бири эканлиги таъкидланди.
Россия томони билан ташқи меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш тўғрисида иккита битим, меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун фуқароларни ташкилий асосда қабул қилиш, уларнинг республикадан ташқаридаги иш жойига хавфсиз етиб боришини таъминлашнинг қулай шарт-шароитларини яратиш тўғрисида шартномалар тузилганлигига қарамай, эришилган давлатлараро битимларни тегишли равишда бажариш билан боғлиқ жиддий муаммолар сақланиб қолмоқда.
Мисол учун, Москва шаҳридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонасининг маълумотларига кўра, Россияда меҳнат фаолиятини олиб бораётган барча меҳнат мигрантларининг 25,4 фоизи тегишли патентни расмийлаштирмай ишламоқда. Яъни Россия қонунчилигига кўра ноқонуний фаолият олиб бормоқда.
Икки томонлама битимлар борлигига қарамай, фуқароларни ишга ташкилий тарзда жойлаштириш кўрсаткичлари пастлигича колмоқда. Масалан, 2019 йилда Россияда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва хусусий агентликлар томонидан ташкилий тарзда қабул қилиш орқали 1425 киши ишга жойлаштирилди.
Тартибсиз меҳнат миграциясининг мавжудлиги, меҳнат мигрантларининг жамиятга мослашуви паст даражадалиги билан боғлиқ муаммолар ҳал этилмаганлиги, рус тилини, Россия Федерациясининг меҳнат ва миграция тўғрисидаги қонун ҳужжатларини суст даражада билиш фуқароларимизнинг ҳуқуқларини таъминлашда кўплаб муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Сенаторлар хориждаги фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳукумат олдида турган устувор масалалар сирасига киришини таъкидлади.
Шундан келиб чиқиб, Олий Мажлис Сенати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисида қарор қабул қилди.
Сўнгра қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш каби жиноятлар содир этилиши ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратурасига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси суриштирув ва тергов органларида, жазони ижро этиш муассасаларида қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш каби жиноятлар содир этилиши ҳолатини ўрганди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, энг аввало, жиноий тажовузлардан ҳимоя қилишнинг ишончли кафолатларини таъминлашга, шунингдек уларнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишига, қонуний манфаатлари чекланишига йўл қўймасликка қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, бу борада бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Яна бир жиҳат, 2019 йилда биринчи марта БМТнинг Қийноққа қарши курашиш қўмитасига Қийноқларга солишга ва муомалада бўлиш ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларига қарши Конвенцияда белгиланган мажбуриятларнинг бажарилиши тўғрисидаги Ўзбекистон Республикасининг маърузаси билан бирга Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Муқобил маърузаси ҳам киритилди.
Бироқ аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар ва суд амалиётининг таҳлили ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушлаб турилган, қамоққа олинган ва озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга нисбатан ноқонуний таъсир чоралари қўлланилиши ҳолатлари ҳамон учраётганини кўрсатмоқда. Жумладан, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) номига мазкур масалалар бўйича 2017 йилда 24 та, 2018 йилда 101 та, 2019 йилда 138 та ва 2020 йилнинг 25 май ҳолатига 40 та мурожаат келиб тушган. Кўриниб турибдики, Вакил номига келиб тушаётган шикоятлар сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Ушбу мурожаатларнинг барчаси назоратга олинган ҳолда кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига ва Ички ишлар вазирлигига юборилган.
Бироқ юборилган мурожаатларнинг бир қисми юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув натижалари ҳақида маълумотномалар Вакилга тақдим этилмай келмоқда.
Бош прокуратура томонидан берилган маълумотларга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва назорат идоралари ходимлари ва бошқа шахслар Жиноят кодексининг 235-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганлиги натижасида 96 нафар шахсга нисбатан жами 25 та жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаганлик учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимларининг 2017 йилда 8 нафари, 2018 йилда 4 нафари ва 2019 йилда 6 нафари жавобгарликка тортилган.
Бундан ташқари, судлар томонидан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш билан боғлиқ 2017, 2018 ва 2019 йилларда жами 21 та иш кўрилиб, 38 нафар ходимга нисбатан ҳукм чиқарилган.
Бу каби ҳолатларнинг учраши аҳолининг ҳақли эътирозига, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва одил судловга нисбатан ишончнинг йўқолишига олиб келмоқда.
Қолаверса, мамлакатимизнинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, Жаҳон банкининг Бошқарув сифати индикаторларининг Сиёсий барқарорлик ва зўравонлик субиндикатори бўйича 212 та давлат орасида Ўзбекистон 136-ўринни эгалламоқда. “Жаҳон одил судлов лойиҳаси” халқаро ноҳукумат ташкилотининг Ҳуқуқ устуворлиги индексининг Асосий (фундаментал) ҳуқуқларнинг таъминланганлиги индикатори бўйича 128 та мамлакат ичида Ўзбекистон 110-ўринни эгаллаб келмоқда.
Шунга асосан Олий Мажлис Сенати қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш каби жиноятлар содир этилиши ҳолати ва қилиниши лозим бўлган ишлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратурасига парламент сўрови юбориш тўғрисида қарор қабул қилди.
Шундан кейин парламент юқори палатаси аъзолари томонидан мамлакатда аҳоли, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга кенг жалб этишда юзага келаётган муаммолар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, сўнгги уч йилда мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш бўйича қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ташкил этилиб, 2025 йилгача жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш концепцияси қабул қилинди.
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Нукус филиали, Россия давлат жисмоний тарбия, ёшлар, спорт ва туризм университетининг Самарқанд филиали, Беларусь давлат жисмоний тарбия университети билан ҳамкорликда қўшма жисмоний тарбия, спорт ва туризм факультети фаолият бошлаган.
Қолаверса, 2019 йилда Инвестиция дастурига мувофиқ 244,2 миллиард сўм ҳисобига 69 та спорт объекти қурилган. Олис ва чекка қишлоқларда жами 421 та енгил конструкцияли кичик спорт заллари ва сунъий қопламали спорт иншоотлари қурилиб, фойдаланишга топширилган.
2019 йилда оилалар ўртасида жами 53 мингдан ортиқ оммавий спорт мусобақалари ўтказилиб, уларга 4,2 миллион нафардан зиёд фуқаролар жалб қилинган.
Мажлисда олиб борилаётган ижобий ишлар билан бир қаторда соҳада қатор муаммолар ҳам мавжудлиги алоҳида таъкидланди. Жумладан, ҳудудларда яратилган спорт иншоотлари аҳолининг эҳтиёжларини тўлиқ қондира олмаяпти.
Республикада мавжуд жами 51 583 та спорт иншоотининг 87 фоизи туманларда ва 13 фоизи шаҳарларда жойлашган. Улар жами 1,3 миллион ўринга эга бўлиб, мамлакат аҳолисининг фақатгина 4 фоизини қамраб олмоқда.
Таҳлилларга кўра, бугунги кунда республика бўйича қўшимча 421 та спорт иншоотига эҳтиёж мавжуд. Ушбу эҳтиёжлар асосан Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Сирдарё, Бухоро, Жиззах, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида юқорилигича қолмоқда.
Бундан ташқари, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида баскетбол майдончаларини қуриш учун 96 фоиз (194 та) шаҳар ва туманда ер майдони ажратилмаган. Спорт иншоотларини паспортлаштириш ишлари талаб даражасида олиб борилмагани оқибатида республикада мавжуд 51 583 та спорт иншоотининг 46 фоизи паспортлаштирилмаган.
Шунингдек, умумтаълим мактабларини спорт заллари билан таъминлаш ишлари етарли даражада ташкил этилмаган. Халқ таълими вазирлиги тизимидаги жами 9 942 та умумтаълим мактабининг 24 фоизида (2 359 та) спорт заллари мавжуд эмас.
Республикада 3,8 миллиондан зиёд бандлиги таъминланмаган ёшларни оммавий спортга жалб қилиш учун 248,5 мингдан ортиқ тадбир ўтказилишига қарамай, бундай тадбирларга уларнинг атиги 10 фоизигина қамраб олинган.
Шунингдек, Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда “Ю-репорт” ижтимоий рақамли платформасида юртимиздаги спорт иншоотларининг бугунги ҳолати ва фаолияти юзасидан ўтказган сўровнома натижалари ҳам соҳада бир қатор муаммолар мавжудлигини яққол кўрсатди.
Саккиз мингга яқин иштирокчи қамраб олинган сўровнома натижаларига кўра, ёшларнинг 49 фоизи жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланмайди, 20 фоизи спортнинг бирор-бир тури билан қамраб олинмаган. 19 фоиз иштирокчилар учун спорт тўгаракларининг нархи қиммат. 64 фоиз ёшлар спорт иншоотларига транспорт орқали боришга ёки узоқ вақт пиёда юришга тўғри келиши ноқулайлик туғдираётганини билдирган. 64 фоиз ёшлар ўз маҳаллаларида спорт иншоотлари йўқлигини ва спорт мусобақалари етарлича ташкил этилмаётганини қайд этган. Бу борада, айниқса, Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларида аҳвол қониқарсиз эканлиги маълум қилинган.
Айниқса, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида “Ҳар бир маҳаллада футбол майдони” дастури ижроси қарийб 6 мингта маҳаллада таъминланмаган. Масалан, Андижон вилоятида 867 та, Самарқанд вилоятида 790 та, Тошкент вилоятида 708 та ҳамда Фарғона вилоятида 700 та футбол майдончалари қурилмаган.
Бундан ташқари, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрлар тайёрлаш, спорт мактабларини малакали мураббийлар ва тиббиёт ходимлари билан таъминлаш ишлари етарли даражада ташкил этилмаган.
Юқоридагиларни инобатга олиб, мамлакатда аҳоли, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга кенг жалб этишда юзага келаётган муаммолар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш бўйича Сенат қарори қабул қилинди.
Шунингдек, Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қарорлари ҳам тасдиқланди.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг олтинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
Ахборот хизмати

 

ЎзА