36 та оилага озиқ-овқат маҳсулоти тарқатилди

Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл туманидаги «Kanteks Invest» масъулияти чекланган жамияти ижрочи директори, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги OʼzLiDeP фракцияси аъзоси Қуандиқ Ешмуратов 36 та оилага бирламчи озиқ-овқат маҳсулотини бепул тарқатди.
Мамлакатимизда коронавирус пандемиясига қарши курашиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бундан кўзланган мақсад, бутун дунёни ташвишга солаётган инфекциядан ҳамюртларимизни асраш, ундан ҳамкорликда талафотсиз чиқишдир.
Бугунги синовли кунларда партиянинг электорати бўлган тадбиркор ва фермерлар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган оилаларни ўз ҳомийлигига олмоқда. Жумладан «Kanteks Invest» масъулияти чекланган жамияти ижрочи директори Қуандиқ Ешмуратов ҳам тумандаги пандемия даврида қийин аҳволга тушиб қолган ишсиз, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд оилаларга бирламчи озиқ-овқат маҳсулотларини бепул тарқатишда фаоллик кўрсатиб келмоқда.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА