Қорақалпоғистон ва хоразмлик баъзи оилаларга моддий ёрдам берилади

Нима учун айнан уларга?
Бу маълумотга Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева аниқлик киритди.
– Вазирлар Маҳкамасининг «Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги муҳтож оилаларга бир марта бериладиган моддий ёрдамни тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори билан бу борадаги барча зарур ҳуқуқий асослар келтирилган, – деди С.Боймирзаева. – Мазкур қарор Оролбўйи минтақасидаги кам таъминланган оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида қабул қилинган.
Бу бир марталик моддий ёрдам қайси аҳоли тоифаларига берилади?
— ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз фуқаролар ва пенционерларга, боқувчиси ногирон бўлган оилалар ва бошқа кам таъминланган аҳоли тоифаларига ва оилаларга;
— I гуруҳ ногирони бўлган ёки оғир касалга чалинган фуқароларга;
— ўлим оқибатида ягона боқувчисини йўқотган оилаларга;
— ногирон бола ёки I ёки II гуруҳ ногирони бўлган, молиявий харажатларни талаб этадиган жарроҳлик аралашуви ёки беш ойдан кўпроқ вақт давомида амбулаторияда даволаниши зарур бўлган оғир касалликка чалинган бошқа оила аъзосига қараб турган тўлиқ бўлмаган оиланинг ота-оналарига;
— ота-оналардан бири I ёки II гуруҳ ногирони бўлган, иккинчиси эса иш фаолиятини тўхтатган ҳолда беморга қарашга мажбур бўлган ёки иккала ота-она ҳам I ёки II гуруҳ ногирони бўлган икки нафар ва ундан кўп фарзандли тўлиқ оилаларга.
Мазкур турдаги ижтимоий ёрдамни олиш учун фуқаро ўзи яшаб турган МФЙга ўрнатилган тартибда мурожаат қилиши зарур. Фуқаролар йиғини қошидаги ижтимоий қўллаб-қувватлаш комиссияси мазкур мурожаатга асосан, бир марта бериладиган моддий ёрдамни тайинлаш ҳамда оиланинг мураккаб вазиятдалигини инобатга олган ҳолда унинг аниқ миқдори ҳақида қарор қабул қилади ёки тегишли хулоса беради.
Низомда ижтимоий ёрдам кўрсатиладиган бошқа аҳоли тоифаларидан фарқли ўлароқ, ўлим оқибатида ягона боқувчисини йўқотган оилаларга уч ой муддат мобайнида моддий ёрдам кўрсатиш лозимлиги ҳам белгилаб қўйилган.

 

ЎзА