"Инсоф борми, "аптекачилар?"

Афсуски, COVID-19нинг тарқалиш суръатлари пасаймаяпти. Пандемия бутун дунёдаги умумий вазиятга, айниқса, миллий иқтисодиётларга ниҳоятда салбий таъсир ўтказмоқда. Ушбу офат туфайли юзага келган фавқулодда вазият оқибатида кескинлашган глобал иқтисодий инқироз барча мамлакатларнинг барқарорлиги, аҳоли турмуш даражаси ва фаровонлигига жиддий путур етказмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоиловнинг «Янги Ўзбекистон» газетасида чоп этилган «Коронавирус пандемияси: илк сиёсий сабоқлар» сарлавҳали мақоласи айни шу мавзу таҳлилига бағишланган. “Пандемия бутун дунёда мудраб ётган муаммоларни «уйғотиб юборди», — деб ёзади муаллиф.— Табиийки, Ўзбекистон ҳам мана шундай муаммоларга тўқнаш келмоқда. Лекин биз ҳаётимиздаги энг муҳим сиёсий омилга, яъни халқимизнинг давлат идоралари фаолиятига, фуқаролар ва бизнеснинг давлат томонидан кўрилаётган чораларга нисбатан қатъий ишончига эга эканини баралла ва дадил айта оламиз…”

… Айрим тадқиқот натижаларига қараганда, коронавирус тарқалишининг иккинчи тўлқини авж олишига СOVID-19нинг симптомсиз тарқатувчилари сабаб бўлган бўлиши мумкин.

«Халқ сўзи» газетасида чоп этилган «Супер касаллик ташувчилар» кимлар?» номли материалда шу ҳақдаги факт ва мулоҳазалар келтириб ўтилган. Хусусан, мақолада ёзилишича, сўнгги кунларда касалланганлар сони кескин ўсишида фақат битта омилни кўрсатиш ёки фақат давлатлар соғлиқни сақлаш тизимларини айблаш нотўғри. Бунга, биринчидан, COVID-19нинг ўзига хос симптомсиз кўринишининг хусусияти, иккинчидан, унинг юқиш ёки тарқалиш жараёнлари тўғрисида фанда ишонарли далилларнинг ҳали тўлиқ кашф қилинмагани сабаб бўлмоқда. АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази эълон қилган тадқиқот натижаларига кўра, коронавирусга чалинганларнинг деярли 50 фоизга яқинига вирус «симптомсиз ташувчилар» томонидан юқтирилган бўлиши мумкин. АҚШлик доктор Рон Елфенбеин касаллик аломати бўлмаган беморлар энг ашаддий вирус ташувчилар бўлиб, аҳоли орасида коронавирус авж олишига улар сабабчи бўлиб қолишлари мумкинлигидан огоҳлантирди. Докторнинг фикрича, симптомсиз беморлар «супер касаллик ташувчилар»ҳисобланишади…

«Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан уй шароитида даволаниш учун тавсия этилган дори воситаларининг республикамиз дорихоналарида мавжудлиги ҳамда уларнинг сотувдаги нарх-навоси тўғрисидаги ҳолат бўйича бугун ижтимоий тармоқларда турли гап-сўзлар айланиб юрибди. Бундай вазиятлар Федерация томонидан жамоатчилик назорати тартибида доимий ўрганиб борилади, натижаларидан эса кенг жамоатчилик хабардор қилиб борилади…»

«Жамият» газетасида босилган «Инсоф борми, «аптекачилар?» сарлавҳали мақола ана шундай жумлалар билан бошланади. Материалда қайд этилишича, айнан юқоридаги масала юзасидан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Республика махсус комиссияси томонидан уй шароитида СOVID-19 инфекциясини даволаш учун тавсия этилган «Азитромитсин», «Плаквенил», «Лопинавир/Ритонавир», «Ремдесивир»,«Умифеновир» ҳамда «Фавипиравир» дориларининг дорихоналардасотувда мавжудлиги, уларнинг нархи юзасидан жамоатчилик назорати тартибида мониторинг ўтказди…

«Овози тожик» газетасида Термиз давлат университети талабаси Шукрона Ғафурованинг ўз бувиси ҳақида ёзган мақоласи эълон қилинган. Материалда уруш қийинчиликлари ва ундан кейинги машаққатларни бошидан кечирган 88 ёшли Мастурабиби Абдуллаева ҳаёти ҳақида ҳикоя қилинади. Бугунги кунда Мастурабибининг атрофида 32 невараси ва 47 абираси парвона. Онахон давлатимиз эътибори оғушида кексалик гаштини сурмоқда…

                                                                                                * * *

Янги рукн ва бугунги шарҳ ҳақидаги фикр, таклиф ва истакларингизни pochta@uza.uz манзилида кутиб қоламиз.

 

ЎзА