my2.gov.uz манзилида ишга туширилган янги талқиндаги Ягона интерактив давлат хизматлари порталида Давлат солиқ қўмитаси билан ҳамкорликда татбиқ қилинган интерактив хизматлар зарур ҳужжат ва маълумотларни тез ва осон усулда олиш, солиқ хизматларидан масофадан туриб самарали фойдаланиш имконини беради. Қуйида ана шундай хизмат турлари билан сизни таништирамиз.
Қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳақида маълумот олиш
Мазкур хизмат солиқ тўловчига ўзи шартнома тузаётган, маҳсулотларини реализация қилувчи корхона тўғрисида ҚҚС тўловчиси ёки тўловчиси эмаслиги тўғрисида маълумот берувчи ҳисоб варақ-фактураларда ҚҚС нинг асоссиз кўрсатилиши билан боғлиқ ҳолатларини олдини олиш учун тақдим этилади.
Хизматдан фойдаланиш учун ташкилотнинг фаолият бошлаган йили ҳамда СТИР рақами керак бўлади.
Юридик шахслар учун солиқ имтиёзлари
Юридик шахсларнинг фаолияти юзасидан амалда мавжуд имтиёзлар, уни тартибга солувчи меъёрий ҳужжатлар ва уларнинг муддатлари тўғрисида маълумот олиш мумкин. Маълумотлар доимий янгиланиб борилади.
Юридик шахслар учун солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар тўғрисида маълумот
Солиқ тўловчи юридик шахсларга солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича мавжуд шахсий карточкаларини тўғридан-тўғри Давлат солиқ қўмитасининг ахборот ресурсларидан кўриш имконияти яратилган.
Солиқ тўловчининг хоҳишига кўра, унга йил бошидан ҳисобланган, тўланган суммалар, солиқ қарзи, ортиқча тўлов, пенялар ҳамда бюджет ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармалар билан ҳисоб-китоблар тўғрисидаги бошқа маълумотлар тақдим этилади. Мавжуд шахсий карточкалардан кўчирмаларни танланган йил бўйича шакллантириш мумкин.
Натижада солиқ тўловчи томонидан солиқ мажбуриятларини ўз вақтида ва тўлиқ бажариш устидан назорат олиб бориш имкониятларидан фойдаланиш мумкин.