"Ўзбекистон – АҚШ - Афғонистон" иқтисодиёт бўйича кичик комиссия йиғилиши бўлиб ўтди

“Ўзбекистон – АҚШ – Афғонистон” ҳамкорлигининг уч томонлама шакли доирасида иқтисодиёт бўйича кичик комиссия йиғилиши видеоконференция кўринишида ташкил этилди.
Америка делегацияси таркибини АҚШ Давлат котибининг Марказий ва Жанубий Осиё бўйича ёрдамчиси ўринбосарлари Д.Хэник ва Н.Жексон, шунингдек USAID халқаро тараққиёт агентлиги, Халқаро тараққиёт молия корпорацияси, (CLDP) Тижорий ҳуқуқ ривожланиши дастури ва (SABIT) Ишбилармон стажировкалари махсус дастури, Савдо вазирлиги ҳамда БМТ озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти вакиллари ташкил этишди. Афғонистон томондан ташқи ишлар вазирининг иқтисодий ҳамкорлик бўйича ўринбосари М.Наб, савдо ва саноат вазири ўринбосари А.Маликияр ҳозир бўлишди. Ўзбекистондан эса инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Л.Қудратов ҳамда ташқи ишлар, транспорт, энергетика, тармоқ идора ва бирлашмалари раҳбарлари иштирок этди.
Кун тартибига мувофиқ, тадбирда кенг кўламли масалалар, жумладан давлатларнинг бир-бирига боғлиқлигини мустаҳкамлаш, иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, энергетика ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, трансчегаравий савдо, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, трансчегаравий ишлаб чиқариш ва сотиш занжирларини яратиш, аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, хусусий тадбиркорлар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида ҳамкорликнинг уч томонлама формати иштирокчи мамлакатлар савдо-иқтисодий шериклигини ривожлантиришда янги босқични англатиши ва юзага келаётган умумий муаммоларни ҳал этишнинг самарали механизмига айланиши мўлжаллангани таъкидланди.
Савдо-инвестициявий шериклик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди – томонлар энергетика, соғлиқни сақлаш, фармацевтика ва қишлоқ хўжалиги кооперациясининг кенг истиқболини таъкидладилар. Ўзбекистон томони қўшма инвестиция лойиҳалар миқдори ва ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш, шунингдек, энергетика ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ҳудудий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича тизимли ишларни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.
Янги форматдаги устувор ташаббуслардан бири сифатида Америка томонининг кўмаги билан Ўзбекистонда ҳамда Марказий Осиё ва Афғонистон ҳудудида хусусий сектор лойиҳаларини молиялаштиришга имкон берадиган Инвестиция жамғармасини ташкил этиш белгиланди.
Томонлар ҳудудда транспорт коммуникацияларини ривожлантириш, хусусан, юк ташишни фаоллаштириш ва истиқболли бозорларга ўзаро тўсиқсиз киришни таъминлаш мақсадида трансафғон йўлагини ривожлантиришга қизиқиш билдирдилар.
Аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш бўйича Ишчи гуруҳ билан шунингдек, АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида савдо ва инвестициялар бўйича ҳадли битим кенгаши (TIFA) доирасида кўп томонлама яқин ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишувга эришилди.
Ишбилармон доираларнинг ўзаро ҳамкорлигини кучайтиришга алоҳида урғу берилди – йиғилиш доирасида уч мамлакат ишбилармон доиралари иштирокида «Ўзбекистон – АҚШ – Афғонистон» уч томонлама бизнес-форумини ташкил этиш истиқболи муҳокама қилинди.
Йиғилиш якуни бўйича томонлар биргаликдаги фаолият стратегиясини ишлаб чиқиш ҳамда қўшма лойиҳалар ва ташаббусларни амалга оширишнинг самарали механизмини шакллантиришга келишиб олдилар. Тадбир якунида Ўзбекистоннинг ушбу форматдаги ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиши яна бир бор таъкидланди, шунингдек, Америка ва Афғонистон томонига минтақада барқарорлик ва хавфсизликни янада мустаҳкамлаш бўйича кўрсатилаётган ёрдам учун миннатдорлик билдирилди.
photo_2020-07-23_14-15-29.jpg
photo_2020-07-23_14-15-32.jpg
photo_2020-07-23_14-15-34.jpg
photo_2020-07-23_14-15-30.jpg

 

ЎзА