Австрия ташқи ишлар вазири ўринбосари билан учрашув бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Шерзод Асадов Вена шаҳрида Австрия Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари – ТИВ сиёсий директори Грегор Кёззлер билан учрашди. Бу ҳақда вазирлик сайтида маълум қилинган.
Учрашув чоғида Ўзбекистон – Австрия муносабатларини чуқурлаштириш истиқболи тўғрисида фикр алмашилди, ўзаро манфаатли барча йўналишларда икки томонлама ҳамкорлик изчил ривожланаётгани қайд этилди.
Олий ва юқори даражадаги ўзаро ташрифларни ташкил этиш ҳамда икки давлат ташқи сиёсат идоралари ўртасида мунтазам сиёсий масалаҳатлашувлар ўтказиш орқали сиёсий мулоқотни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.
Австрия ТИВ раҳбари ўринбосари мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли иқтисодий ислоҳотлар ва хорижий инвесторлар учун яратилаётган шароитлар сабаб Австриянинг йирик компанияларида Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга қизиқиш ортганини маълум қилди.
Австрия томони Ўзбекистон билан халқаро ташкилотлар доирасидаги самарали ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёрлиги эътироф этилди.
Таълим, маданият ва тиббиёт соҳаларида алоқаларни келгусида ҳам ривожлантиришга ўзаро қизиқиш билдирилди.

 

ЎзА