Индонeзия билан вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси ва Индонезия Республикаси Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг саккизинчи давраси видеоконференс алоқа шаклида бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берган.
Делегацияларга мамлакатимиз ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиқов ва Индонезия ташқи ишлар вазири ўринбосари Десра Перчая бошчилик қилди.
Музокаралар чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги Ўзбекистон-Индонезия муносабатларининг жорий ҳолати ва ривожланиш истиқболи тўғрисида муфассал фикр алмашилди, халқаро ташкилотлар ва тузилмалар доирасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.
Алоқаларни сифат жиҳатдан янги даражага олиб чиқиш мақсадида давлатлараро сиёсий мулоқотга тизимлилик тусини беришга қизиқиш билдирилди. Шу нуқтаи назардан икки томонлама шерикликни фаоллаштириш учун шартномавий-ҳуқуқий базани кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш механизмлари батафсил муҳокама қилинди. Ўзаро савдо айланмаси ҳажмини ошириш ва маҳсулот ҳамда хизмат турларини кўпайтириш бўйича амалий чоралар кўришнинг долзарблиги, савдо алоқаларининг ҳозирги кўрсаткичлари томонларнинг мавжуд салоҳиятига мос эмаслиги қайд этилди.
Жорий йилнинг иккинчи ярмида Иқтисодий ва техник ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Индонезия ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилишини ўтказишнинг ташкилий жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди.
Делегация раҳбарлари туризм соҳасидаги муносабатларнинг ўсиб бориш хусусиятини эътироф этдилар, «зиёрат» туризми ва «ҳалол» туризмни ривожлантириш учун қулай шароит яратиш муҳимлигини таъкидладилар.
Маданий-гуманитар ҳамкорлик, хусусан пандемия шароитида қўшма тадбирлар ташкил этиш масаласи алоҳида кўриб чиқилди.
Икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан Тошкент давлат аграр университети ҳузурида Богор қишлоқ хўжалиги университети Тадқиқот марказини очиш режалаштирилаётгани мамнуният билан қайд этилди. Айни йўналишдаги фаол ишларни келгусида ҳам давом эттиришга тайёрлик билдирилди.

 

ЎзА