2018 йил 1 январдан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг туманлар ва шаҳарларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ҳудуд раҳбарлари фаолиятини баҳолашнинг янги мезони амалга татбиқ этилади. Бунда баҳолаш икки қисмдан иборат бўлади. Биринчиси, расмий статистик ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарига ва Виртуал қабулхонасига келиб тушаётган мурожаатлар бўйича маълумотларни ўз ичига олади.
Расмий статистик маълумотлар ижтимоий соҳа, иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги соҳаси, коммунал хўжалигини ташкил қилиш ва уй-жой масалалари, ҳуқуқ-тартибот соҳасидаги кўрсаткичларни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги «Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ шаҳар ва туманларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ташкил этилган секторлар раҳбарлари томонидан уйма-уй юриш, халқ билан мулоқот, аҳоли томонидан кўтарилган муаммоларни ечиш бўйича кўрилаётган чораларнинг самарадорлиги кўрсаткичларини ўз ичига олади.
Тизимдаги мезон-индикаторларни баҳолаш бўйича максимал кўрсаткич 100 баллни ташкил этади.
Бунда расмий статистик маълумотлар бўйича максимал 80 балл, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарига ва Виртуал қабулхонасига келиб тушаётган мурожаатлар бўйича максимал 20 балл билан баҳоланади.
Ҳисобот даври сифатида ҳар чорак олинади ва чорак якуни бўйича ягона кўрсаткичнинг ўзгариш динамикаси орқали тегишли ҳудуддаги раҳбарнинг фаолиятига асосланган баҳо берилади.
Баҳолаш натижалари ўрнак кўрсатган секторлар раҳбарлари ва давлат органларининг мансабдор шахслари ва ходимларини рағбатлантириш ёки йўл қўйилган жиддий камчиликлари учун уларни лавозимидан озод этишгача бўлган жазо чораларининг қўлланилишида фойдаланилиши мумкин.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг туманлар ва шаҳарларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ҳудуд раҳбарлари фаолиятини баҳолаш тизими тўғрисидаги Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 8 декабрдаги «Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг туманлар ва шаҳарларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ҳудуд раҳбарлари фаолиятини баҳолаш мезонларини жорий этиш тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган.