2017 йилнинг 12 декабрь куни Осло шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Иргашев бошчилигидаги делегация Афғонистон бўйича Халқаро мулоқот гуруҳининг (ХМГ) навбатдаги мажлисида иштирок этди.
Норвегия пойтахтида бўлиб ўтган йиғилишда элликка яқин давлат ва халқаро ташкилот вакиллари томонидан Афғонистондаги можароларни ҳал қилишнинг ҳолати ва истиқболлари, мустаҳкам ва узоқ муддатда тинчлик ва барқарорликка эришиш йўллари тўғрисида фикр алмашилди.
Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси йиғилиш иштирокчиларини Афғонистон муаммосини ҳал қилиш бўйича мавқе ҳамда 2017 йил 4-6 декабрь кунлари бўлиб ўтган Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғанининг мамлакатимизга расмий ташрифи натижалари тўғрисида хабардор қилди.
Ўзбекистон делегацияси раҳбари нутқида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида ва 10-ноябрда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзуйидаги халқаро конференцияда сўзлаган дастурий нутқларининг асосий қисмларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мажлисда таъкидланганидек, Ўзбекистон Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга кўмаклашиш, жумладан икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларни, транспорт-коммуникация, энергетика ва бошқа йўналишдаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали ёрдам бериш учун саъй-ҳаракатини бундан кейин ҳам давом эттиради.