Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Марказий Осиё кураш федерацияси матбуот анжумани ўтказди.

Унда Марказий Осиё кураш федерациясига аъзо бўлган давлатлар – Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон кураш федерациялари раҳбарлари ҳамда вакиллари, мураббийлар, спортчилар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Анжуманда Марказий Осиё кураш федерацияси раиси Х.Мубораков ва бошқалар ўзбек кураши тобора равнақ топаётгани, ўсиб келаётган ёш авлоднинг нафақат жисмонан бақувват, балки маънан етук бўлиб вояга етишига хизмат қилаётгани, уларда мардлик, жасурлик, фидойилик, ватанпарварлик фазилатларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади. Курашни янада ривожлантириш, ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 2 октябрдаги “Кураш” миллий спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазкур спорт турининг жаҳондаги нуфузини янада ошириш ва спортчиларимиз халқаро миқёсдаги мусобақаларга ҳар томонлама пухта тайёрланиши ва муносиб иштирок этишида муҳим омил бўлаётир.

– Кураш фалсафаси, моҳияти ва унинг жозибаси халқаро кўламда оммалашмоқда, – дейди Марказий Осиё кураш федерацияси раиси ўринбосари Нурхон Осмоналиев (Қирғизистон). – Кураш ҳозирги кунда жадал оммалашаётган спорт турларидан биридир. Қирғизистонда ҳам курашни янада ривожлантириш ва нуфузли мусобақалар ўтказиш бўйича кўплаб ишлар қилинмоқда.

Анжуманда келгуси йил ўтказиладиган мусобақалар ҳақида маълумот берилди. Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон кураш федерациялари раҳбарларининг ҳисоботи тингланди. Журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.

 

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА