БМТ махсус маърузачисининг Ўзбекистонга ташрифи бўйича маърузаси тақдим қилинди

Швейцариянинг Женева шаҳрида бўлиб ўтаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 44-сессияси доирасида 13 июль куни БМТнинг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саяннинг 2019 йил 19-25 сентябрь кунлари Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифи якунларига доир маърузаси тақдим этилди.

БМТга аъзо мамлакатлар делегацияларининг бевосита иштирокисиз ўтган Инсон ҳуқуқлари кенгашининг ушбу сессияси ишида мамлакатимиз делегацияси таркибида Ўзбекистон Республикаси Олий Суди, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Адвокатлар палатаси ва бошқа тегишли тузилмалар раҳбарлари ҳам видеоконференцалоқа режимида иштирок этди.

Сессияда БМТ Махсус маърузачисининг мамлакатимизга ташрифи якунлари юзасидан таклиф этилган тавсиялар асосида мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида Ўзбекистон делегациясининг шарҳи Ўзбекистон Республикасининг Женева шаҳридаги БМТ бўлими ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили Улуғбек Лапасов томонидан ўқиб эшиттирилди.

photo_2020-07-13_21-56-09.jpg

БМТ Махсус маърузачиси ўз маърузасида Ўзбекистонда кейинги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида эришилган ижобий натижаларни алоҳида таъкидлади.

Халқаро ҳамжамият эътибори, авваламбор, Президент раҳбарлигида Ўзбекистонда давлат институтлари ва сиёсатни ислоҳ этиш ҳамда модернизация қилиш бўйича кенг қамровли дастур ишлаб чиқилганига қаратилди. Ҳозирги даврда одил судлов тизимида амалга оширилаётган ислоҳот ана шу дастурнинг таркибий қисмларидан бири ҳисобланади.

Диего Гарсия-Саян Шавкат Мирзиёев ўз лавозимини бажаришга киришган пайтдан бошлаб амалга оширилган муҳим ишлар қатори, жумладан, суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш ва ҳуқуқшуносларнинг ўз касбий фаолиятини янада эркин бажаришини таъминлашга қаратилган ислоҳотларнинг муайян амалий натижаларини санаб ўтди.

photo_2020-07-13_21-56-00.jpg

Хусусан, Ўзбекистонда суд ҳокимияти ва судлар хизматини ташқи сиёсий босимлардан муҳофаза қилиш борасида кенг ваколатларга эга бўлган конституциявий орган сифатида Судьялар олий кенгаши ташкил этилган.

Маъмурий ишлар бўйича судларнинг янги тизими яратилган. Адлия вазирлиги зиммасидаги судлар фаолияти билан боғлиқ айрим маъмурий ва техник функциялар Олий суд ҳузурида янги ташкил этилган Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ихтиёрига берилган.

Мамлакатда прокурорларга нисбатан муносабатда судьялар мустақиллигининг ўзига хос кўрсаткичи сифатида, жиноят ишлари бўйича оқлов ҳукмлари миқдори ортиб бормоқда. Судьялик лавозимларига номзодларни саралаш ва тайинлашнинг янги тартиб-таомиллари жорий этилган. Судьялар алмаштирилмаслиги кафолатларини мустаҳкамлаш бўйича амалий чоралар кўрилган.

photo_2020-07-13_21-56-42.jpg

Судьяларни бирламчи ва узлуксиз тайёрлаш тизимини мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор ишлар амалга оширилган. Жумладан, Судьялар олий кенгаши ҳузурида Судьялар олий мактаби очилган. Судлар чиқарган қарорлар Олий суд веб-сайтида мунтазам равишда эълон қилиб борилмоқда. Одил судловдан фойдаланиш имкониятларини осонлаштириш ҳамда бу борадаги шаффофликни оширишга қаратилган электрон тартиб-таомиллар босқичма-босқич амалиётга татбиқ этилмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича сиёсат соҳасида бир қатор муҳим ислоҳотлар амалга оширилган. Хусусан, Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун қабул қилинган, тегишли чораларни амалга ошириш учун таъсирчан механизмлар яратилган.

БМТ Махсус маърузачисининг фикрича, ушбу амалий чора-тадбирларни том маънода мустақил ва холис одил судлов тизимини барпо этиш йўлидаги дастлабки қадамлар, деб ҳисоблаш лозим. Суд ҳокимияти давлат ҳокимиятининг бошқа тармоқларидан ҳақиқатан ҳам мустақил бўлишига эришиш ҳамда судьялар, прокурорлар ва адвокатлар ўз касбий фаолиятини ҳеч қандай асоссиз аралашувлар ва босимларсиз амалга оширишларини таъминлаш учун ҳали кўп ишлар қилиш керак бўлади.

photo_2020-07-13_21-56-51.jpg

Диего Гарсия-Саян маърузаси якунида Ўзбекистонда судьялар ва прокурорлар мустақиллигини янада мустаҳкамлаш ҳамда ҳуқуқшунослар ўз касбий фаолиятини эркин амалга оширишларини таъминлашга қаратилган бир қатор тавсиялар ҳам берди. Хусусан, маърузадан мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш истиқболларига тааллуқли суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни халқаро стандартларга мос равишда амалга оширишни давом эттириш, жумладан, халқаро ҳуқуқ нормаларининг миллий ҳуқуқ нормаларидан устунлигини конституциявий асосда мустаҳкамлаб қўйиш, судлар фаолиятига бошқа ҳеч қандай органларнинг аралашмаслигига эришиш, яъни суд ҳокимиятининг том маънодаги мустақиллигини таъминлаш, Судьялар олий кенгашининг мустақиллигини мустаҳкамлаш ва ваколатларини кенгайтириш, кенгашни шакллантириш тартибини янада мукаммаллаштириш, судьялик лавозимига номзодларни саралаш тартиб-таомилларини такомиллаштириш, судьяларнинг ваколат муддатларини қайта кўриб чиқиш, суд тизимида гендер тенгликни, яъни аёл судьялар ҳам тенг асосда ишлашини таъминлаш, прокуратура органларининг ваколатларини чеклаш, адвокатлар мақоми ва мустақиллигини мустаҳкамлаш, одил судлов имкониятлари ва малакали юридик ёрдамдан барчанинг, жумладан, ногиронларнинг ҳам эркин фойдаланишлари учун зарур шароитлар яратиш сингари тавсиялар ўрин олган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Махсус маърузачисининг маърузасида қайд этилган тавсияларнинг аксарияти мамлакатимиз томонидан ўтган қисқа даврда бажарилган. Айни вақтда ушбу тавсияларнинг қолган қисми изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Эътиборли жиҳати шундаки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шу йил 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимининг навбатдаги босқичи учун белгилаб берган янги вазифалар моҳиятан Махсус маърузачининг бу борадаги фикрлари, умуман, БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши 44-сессиясида билдирилган тавсиялар билан уйғун ва ҳамоҳангдир.

 

Ғайрат ХОННАЗАРОВ, Оқил ҒУЛОМОВ (сурат),ЎзА