Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 22 июнь куни Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат аввалида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Элбоши Нурсултон Назарбоевга тез орада тузалиб кетишини, мустаҳкам соғлик ва куч-қувват тилади.
Мулоқотда коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш, шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг жадал ривожланиб бораётган икки томонлама муносабатлари ва иқтисодиётларига пандемия оқибатларининг салбий таъсирини камайтириш борасида икки мамлакат ҳукуматлари томонидан биргаликда кўрилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Бу борадаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришни янада кучайтириш муҳим экани таъкидланди.
Кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик тамойилларига асосланган Ўзбекистон-Қозоғистон амалий ҳамкорлиги кенгайиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро манфаатли алоқаларнинг устувор йўналишларида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўндан ортиқ янги лойиҳани амалга ошириш назарда тутилаётган саноат кооперациясини мустаҳкамлаш бўйича “йўл харитаси” маъқулланди.
Бўлажак учрашув ва тадбирлар режаси юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Мулоқот сўнгида икки давлат етакчилари Ўзбекистон ва Қозоғистон халқларига тинчлик, фаровонлик ва равнақ тиладилар.
ЎзА