Ўзбекистон ўрик етиштириш бўйича жаҳон етакчилардан бирига айланмоқда. Бу ҳақда “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси ахборот хизмати маълум қилган.
Халқаро рейтингларга кўра, Ўзбекистон 2001 йилдан жаҳоннинг ўрик етиштирувчилар кучли ўнталигига кирган. 2004 — 2007 йиллар оралиғида мамлакатимиз 300 000 тонна ўрик етиштирган ҳолда кучли учликдан ўрин олган. 2014 йилга келиб, Ўзбекистон ўрик етиштириш бўйича жаҳон етакчисига айланган ва ҳозирги кунгача Туркия билан бу борада рақобатлашиб келмоқда.
Давлат статистика қўмитасининг 2020 йил 1 июнь ҳолатига кўра, экспорт қилинган ўрик маҳсулоти бўйича маълумотида жами 11,2 минг тонна 10,9 миллион АҚШ долларига тенг бўлган ўрик меваси 9 та хорижий мамлакатлар бозоридан жой олган. Мазкур мамлакатлар орасида Қозоғистон 6 минг тонна, Россия 3,6 минг тонна, Қирғиз Республикаси 1,2 минг тонна билан юқори улушга эга бўлди. Шунингдек, жорий йилда ўрик меваси Озарбайжон, Грузия ва Туркманистон давлатлари бозорларида ҳам сотила бошланганини кўриш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўрик мевасининг экспорти 1,3 минг тоннага ошган.
ЎзА