Иброҳим ака! ХХI асрнинг 17-йили ажойиб воқеаларга бой бўлмоқда Ватанимизда. Адабий жамоатчилигимиздаги кўтаринкилик, янгиланиш истаги чинакам илҳомбахш муҳитни вужудга келтираётган бир пайтда ҳукуматимиз ва муҳтарам Президентимиз томонидан Сизга Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби фахрли унвони берилиши адабий жамоатчилигимиз, жумладан шогирдларингиз, мухлисларингиз ва кўп сонли китобхонларингиз томонидан мамнуният билан қарши олинди. Қутлуғ таваллуд айёмингиз арафасида юз берган бундай олий эътироф айниқса ижодкор инсон қалбига адоқсиз шукуҳлар бағишлайди, кучига куч, ғайратига ғайрат қўшади албатта. Зеро, ҳамон ҳар қандай катта ижодкор ўз жамияти учун алоҳида бир ижтимоий воқеа ҳисобланар экан, унинг кенг ва юксак мақомда эътироф этилиши умуммиллий тафаккур ривожи-равнақига янада зўр завқ-шавқ билан хизмат қилишга ундайди кишини.
Иброҳим ака! Қутлуғ воқеалар тўлқинида республикамизнинг энг нуфузли ва залворли нашриётида салмоқли китобингиз чоп этилаётганидан хабар топиб бошим осмонга етди. Қалам аҳли учун янги китобини қўлда тутишдан шодумонроқ саодатли лаҳзалар кўп эмас. Ана шу ҳаяжонда Сизга эссе-мактуб битар эканман, уни кўпдан буён хаёлимнинг бир кунгурасида пусиб ётган нохушроқ гапдан бошласам Сиздек донишманд инсон буни тўғри тушунасиз деб ишонаман. Қолаверса, бунга ўзингизнинг қаламингизга мансуб қуйидаги мансура туртки берганди:
…ўттиз еттинчи йил
Мен туғилганда қаҳратон эди.
Қодирий йўқ эди.
Икромов йўқ эди.
Хўжаев йўқ эди.
Чўлпон йўқ эди.
Фитрат йўқ эди.
Носирий йўқ эди…Менга қолса, мансурани “Қора хат” деб номлаган бўлур эдим. Саккиз мисрада ўтган асрнинг 37-йили кирдикорлари-“башараси” бутун даҳшат-разолати билан очиб ташланган.
Ҳайтовур нонкўр бандаларнинг ваҳшийликлари қанчалар қутирмасин, донишманд ҳаёт ўз йўлида давом этаверади. Давом этгани учун ҳам зулмат рангига бўялган ўша машъум 30-йиллар асносида келажакдаги миллий адабиётимиз, маданиятимиз, санъатимизнинг фахри-ифтихори бўлиб етишажак неча ўнлаб зотлар дунёга келди. Ўтган асрнинг энг даҳшатли санасида Сизнинг таваллуд топишингиз ҳам “Ҳаёт” номли муаззам дарёнинг оқимига ҳеч қандай тўсиқлар, тўғону-тўфонлар ғов бўла олмаслигидан бир далолат эди.
Одам боласини яратишда ўз қудратини намойиш этган Парвардигори олам унга беадад инъомларни қўшқўллаб ҳадя эта олиши билан яна бир карра ўз куч-қудрати беқиёс эканлигини тасдиқлаб-таъкидлаб қўйган.
“Ҳаёт ва жон берилганлигининг ўзи оз дейсизми? – деб юборасиз бир ўринда Иброҳим ака, ҳайрат ва шукрона оҳангида. Оғирдан-оғир ўйга толасиз ҳам: – Фақат бунчалар кўп мушкулликлар, бири ортидан тўхтамай иккинчиси, учинчиси… етиб келадиган йўқчиликлар, йўқотиш, туганмас синоқлар қаердан пайдо бўларкин? Бирор воқеа рўй берса қисмат, пешона деб қўя қоламиз. Ҳеч тушуниб бўлмайди. Балки ростдан ҳам ҳаёт деган нарсанинг ўзи битмас-туганмас, охири ҳеч қачон кўринмас имтиҳонлар занжиридир?..” Болалиги уруш йилларига тўғри келган, мурғак тасаввурлари урушнинг беҳад машаққатли йилларида шаклланган инсоннинг ўй-хаёли бу каби жумбоқли саволларга тўлиб-тошган бўлиши табиий. Ахир тафаккурли инсон дунёга, борлиққа қарата сонсиз-саноқсиз саволлар ёғдиради (“Маъруф зотнинг қуроли йўқ Фақат саволлари бор” демаганмидингиз “Раҳмон” номли мансурангизда?) ва туғилган саволларга бу ёруғ оламдан, инсоният тажрибаларидан мудом жавоб излайди. Изланиш унинг ҳаёти мазмунига айлана боради. Лекин ушбу мазмунга айланиш қай тариқа кечади? Рўй беради?
Замонавий ўзбек адабиёти, адабий жамоатчилиги, миллий маънавиятимиз ва маърифатимиз майдонида 60 йилдан буён ҳормай-толмай фаолият юритиб келаётган улкан мутафаккир олим, адиб, адабиётшунос, беназир мутаржим, устоз муаллим, таниқли давлат ва жамоат арбоби бўлган шахс ботинидаги ана ўша сирни, ушбу шахснинг инсоний ва ижодий феноменини ташкил этган ўзакни, илк туртки, сабаб, таянч нуқтани топишни, асос-пойдеворни аниқлашни истайди кўнгил.
Уруш даврига тўғри келган болалик қисмати нақадар аянчли! “Қорасаройдаги мактабга қатнардик, – деб хотирлайсиз Иброҳим ака. – Оёқларимизда ҳеч нарса йўқ. Ялангоёқ борардик мактабга. Кеч кузак, узун қаҳрли қиш, серёмғир кўкламларда оёқларимиз ёрилиб кетар, товонларимиздан ҳамиша қон силқиб турарди. Оғриғига чидаб бўлмасди”.
Оталар, эр тортган ўғлонлар фронтда, бола-чақа ташвиши, рўзғор машаққати мушфиқ волидалар зиммасида. “Онам айвондаги сандалда кўйлак тикиб ўтирарди. Кўзойнак устидан менга ажаб чарақлаб қаради. Юзи шунчалар чиройли бўлиб кетдики, ойим шунчалар чиройли, ҳаммадан чиройли деб негадир юрагим орқамга тортди ва ўшандан бошлаб онамни суйиб қолдим”.
Неча қайта ўқийман, ўқиб туриб томоша қиламан Сиз сўз ёрдамида чизган бу дилбар суратни, Иброҳим ака. Суратдаги Онангиз ўрнида ўз онам сиймосини кўраман, “Йўқ, – дейман, – менинг онам дунёда энг гўзал она!” дея ҳайқиргим келади. Ахир ҳар бир ўғил-қиз фарзанд наздида ўз онажони-волидасидан гўзалроқ инсон йўқ дунёда. Шундай эмасми, Устоз? Лекин Сиз ана шу боқий туйғуда янада ўзгача, янада залворли маъно-мазмун топасиз: онам ҳаммадан чиройли деган кашфиётни МЕНИНГ БИРИНЧИ МУСТАҚИЛ ФИКРИМ ЭДИ дея баҳолайсиз, таърифлайсиз.
Тақдир тақдим этган толе шудир Иброҳим ака, Сизга? Одам боласи ўз толеини учратганини англаса, сўнг бу толе унга умр бўйи ва асрлар бўйи унга ҳамроҳлик қилади, деган сўзларингиз менга башоратдек туюлади. Дарҳақиқат, ҳаётнинг илк палласида қайси ёшингизда англаб етгансиз дастлабки мустақил фикрни, дея саволга тутгинг келади аҳли қалам ёр-дўстларни. Англаб етган бўлсангиз уни алоҳида воқеа сифатида нишонлаганмисиз, шодиёнага айлантирганмисиз? Ана ўша мурғак кашфиёт келажакда муқаррар халқимизнинг, ватанимизнинг миллий бойлигига айланажак деган улуғ ниятларни дилингизда асраб-авайлаганмисиз?
Шахснинг инсоний ва ижодий феноменини ташкил этган ўзак, илк туртки, сабаб, таянч нуқта, асос-пойдевор деганда шуни назарда тутган эдим Иброҳим ака! Топдим, кашф қилдим деб севиндим. Янглишмадимми? Ал мусаввир (шакл ва сурат берувчи), Ал ваҳҳаб (ғайб хазиналарини мўл қилувчи), Зул жалали вал икром (буюклик ва фазли карам соҳиби) бўлмиш қодир Эгамизнинг саховати ўлароқ 10 ёшингизда инъом этилган кашфиётга ташналик туйғуси, каромати, мана, 70 йилдирки бирон йил, бирон ой, бирон кун Сизни тарк этмади, балки болалик онгу шуурингизга сингиб кетган яратувчилик, янгиликка ўчлик иштиёқи ҳаётингиз мазмун-мундарижасини ташкил этди. Бепоён уммоннинг олмос мавжлари янглиғ устма-уст, олдин-кейин, қувиб-қувилиб ҳаракатланишдан бирон лаҳза тўхтамади.Айни ушбу иштиёқ талабалик йилларингизни чинакам маънода олтин даврга айлантирди. Зокиржон Ҳолмуҳаммад Фурқат ижодига бағишланган тадқиқот-мақолангиз ҳассос муррабий устоз Аюб Ғуломнинг тахсинига сазовор бўлди. “У студентлик чоғларидаёқ ўзининг илмга, ижодга чанқоқлиги, синчковлиги билан ажралиб турар эди” деб эслади Сиз ҳақингизда академик Матёқуб Қўшжонов. “Ўзбекистон хотин-қизлари” журналида босилган “Учрашув” номли ҳикоянгиз ҳам талабалик кезлари изланишларининг ширин меваларидан эди. Ногаҳон “Гўзалликнинг олмос қирралари” деб номланган жажжигина китобингиз оғизга тушди. Китобдан жой олган тадқиқотларингизда Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмад, Асқад Мухтор, Примқул Қодиров сингари ўша давр адабиётимиз дарғалари асарларини таҳлил қилар экансиз асл бадиий асар қандай бўлмоғи керак деган саволга жавоб излайсиз. Жавоб тариқасида ўз тасаввурингиздаги адабий-бадиий мезонларни эмин-эркин баён этасиз. 60-йилларнинг бошланиш кезлари учун бундай ёндашув янгилик эди. Ҳатто Сиз тақдим этаётган мезонлар таҳлил учун олинган асарлар доирасидан кенгроқ, чуқурроқ ва бирмунча жозибалироқ эди. Китобчанинг қўлма-қўл ўқилиши боиси мана шунда эди. “Гўзалликнинг олмос қирралари” адабиётимиз майдонида мутлақо аввалгиларга ўхшамаган, фавқулодда янгича қарашлар билан қуролланган нигоҳи ўткир мунаққид пайдо бўлаётганидан хушхабар эди.
Ижодий меҳнат фаолиятингиз бошланган Давлат бадиий адабиёт нашриёти ҳақиқий маънода Сизни бадиий тафаккур, бадиий сўз дунёсига олиб кирди. Дорилфунун вазифасини ўтади. Сизнинг тийнатингиздаги янгидан-янги кашфиётга, ихтирога бўлган ташналик сўзга бўлган мубталолик туйғуси билан чатишиб кетди.
Раҳм-шафқат қанчалар улуғланмаган дейсиз мўътабар китобларимизда. Донишманд қалам аҳлларининг нажот – гўзалликда деган башоратлари ҳам тўғри. Сизнинг наздингизда эса инсондаги ҳар қандай туйғу, жумладан раҳм-шафқату гўзаллик ҳам сўз орқали изҳор этилади, сўз воситаси-ла воқеликка айланади, реаллашади. Олами сағирдан олами кабирга қадар англамоқ-уқмоқ бахти фақат ва фақат сўз орқалигина рўёбга чиқади деган хулоса Сизнинг ҳаётий ақидангизга айлана борди. Дарҳақиқат, сўзсиз нима бор, нима мавжуд дунёда?! Кашфиётлар калити-ку, сўз!
Иброҳим ака! Матбуотда босилган мақолаларингиздан бирида тил ва тафаккурдан қай бири олдин туғилган деган савол теграсида мушоҳада юритасиз. “Ҳар иккиси бир пайтда бирданига пайдо бўлдими?” деган савол ҳам қўясиз. Айни шу савол билан Ўзингизга мурожаат қилишга тўғри келади: Сизнинг тажрибангизда янгича қарашлар, фавқулодда ёндашувлар, кутилмаган хулосалар, теша тегмаган ташбеҳлар аввал туғиладими (топиладими) ёхуд уларни ифодаси бўлмиш сўзларми?.. Сизни ортиқча қисувга олиш ниятим йўқ Устоз, фикри ожизимча эса иккиси бирданига пайдо бўлиши асослироқ. Сиз бамисоли эртаю кеч бедор кезган сайёд, сўз эса – исталган лаҳзада отилишга шай қўлингиздаги камон.
Сўз дунёси халқ мулки, уни истаган одам истаганича истифода этиши мумкин. Хайрият, бунга тўсиқ йўқ. Лекин халқнинг бу беназир ва беминнат мулки фақат ва фақат ориф кишиларнинггина том маънодаги мулкига айланади. Орифликнинг эса шарти бисёр.
Сиз орифликни буюк Навоийдан олгансиз, Устоз. “Дил эркинлиги” деб номланган китобчангиздаги Ҳазратимизга бағишланган саҳифаларни ўқиган зиёли шундай хулосага келиши муқаррар. Сиз Алишер Навоийдек номи ва руҳи боқий зотни билмоқ ва англамоқликка чорлайсиз. Навоий ўзбек халқининг умуртқаси дея таърифлайсиз, Навоийни теран билиш ва англаш ўзимизни билиш ва англаш эканлигини куйиниб ёзасиз. Навоий тилининг мураккаблиги даҳонинг мураккаблиги эканлигини уқдиришга уринасиз. Ва “Навоий ўз замондошлари ўртасида кўнглининг ўта нозиклиги билан машҳур бўлган”лигига алоҳида тўхталасиз (Навоий бобо “нозук” деб талаффуз қилган эканлар, хайр, биз ҳам ул зотга бажонидил иқтидо қилайлук). Кўнгулнинг нозуклиги айримлар ўйлаганидек инжиқлик эмас, тенгсиз бойлик, у оламни тушуниш ва ҳис қилиш бойлиги эканлигини такрор ва такрор таъкидлайсиз. Шу ўринда фавқулодда тубандаги хулосага келасиз: “Кўнгилнинг нозиклиги ҳеч истисносиз атрофдаги барча нарсалар, барча ҳодисалар ва мавжуд ҳаракатларга бадиий кўз билан, нафосат нигоҳи билан қарашдир. Фақат қараш эмас. Балки энг олий савиядаги нафосат назари билан баҳолашдир”. Бу хулосанинг фавқулоддалиги шундаки, мазкур жумлалар Сизнинг адабий-бадиий қарашларингиз (соф илмий тилда – концепциянгиз), бадиий воқеликни идрок этиш, тушуниш, талқин ва таҳлил этиш ақидаларингиз замиридаги мазмун-моҳиятни англашга калит вазифасини ўтайди. “Навоий калбининг нозиклиги унинг бутун бадиий услубини қамради десак, Навоий даҳосининг гўзал ва сирли оламига нечукдир яқинлашгандек бўламиз”. Бу сўзларни мен сира икиланмай Ўзингизнинг бадиий услубингизга, Ўзингизнинг бадиий таҳлилларингизга, талқинларингизга нисбат бергим келади. Хат услуби муаллифнинг ўзидир деган ҳикматдан келиб чиқсак бундай хулоса хато бўлмас Иброҳим ака? Қолаверса, Навоийни таниш, билиш мумкин, ўрганиб англаш ҳам мумкин, лекин одамнинг ўзида табиатан мойиллик бўлмай туриб буюк Ҳазрат ижодий услубига тақлид қилиш кў-ўп оғир орзу эмасми?! Навоийдаги “нозикликнинг туғмалиги ажиб бир тарзда унинг хат-услубига ҳам кучли таъсир кўрсатади” деган сўзларингиз янаям бежиз эмас. Лўнда айтганда, Сизга Аллоҳ инъом этган нозиклик Сизнинг бадиий тафаккурингизда, хат-услубингизда яққол акс этишини кўриш-илғаш у қадар мушкул эмас. “Навоий алоҳида тил оламини яратганидек, алоҳида фикрлаш оламини ҳам яратган” деган тушунча яна бир карра Сиз сингари издошлари, муҳиблари изланишларини тиниқроқ эътироф этишга кўмак беради.
Сўзга бўлган ҳурмат, сўз мўъжизасига бўлган ишонч кишида бадииятга бўлган муносабатни, ҳаёт ва инсон манзараларини нафосат нигоҳи билан англашга бўлган мойилликни кучайтириш Сизнинг кейинги фаолиятингизда асос пойдеворни, марказий меҳварни ташкил этди. Деярли ҳар бир мақолангиз, ҳар бир китобингиз эътиборга тушди, эътироф этилди, воқеага айланди.
Табиий, ҳеч бир замонда даққига айланган тушунчаларга ўзгартириш киритиш осон кечмайди. Хусусан, шўро даврида узоқ йиллар ҳукм сурган ақидалар – улар мафкуранинг оқаваси эдими ёхуд саёз тушунчалар “шарофати” эдими, қатъий назар – тошга ўйилган чизиқдек қотиб тураверган. Унга ўзгартириш киритиш, жилла қурса ўзгачароқ талқин этиш кам деганда ғанимлик ўрнида қабул қилинган. Танқидчиликка, мунаққидликка ёндашув назарда тутилмоқда бу ўринда Иброҳим ака. Яширишнинг ҳожати йўқ, танқидчилик нақ найзабозлик вазифасини ўтаган даврлар бўлди, унинг қурбонига айланганлар қанча десангиз! Эҳтимол бу ҳам сўзни тугал мағзини тушунмаслик, ҳис этмаслик касофати бўлгандир? Тўппадан-тўғри унинг юза қатламини идрок этиш ва риоя қилиш оқибатидир? Ана шундай пайтда танқидчилик – муаллимликдир деган гапни олға суриш оппоқ қор қўйнида гул-гул лолақизғалдоқ очилиши ҳодисасидан оз эмасиди. “Танқидчилик – менинг тушунчамда – муҳаббат изҳор қилиш. Бу сўзга, гўзал сўзга муҳаббат” деган таъриф эса инқилобнинг, маънавий жасоратнинг ўзгинаси эди! Миллий бадиий сўз муҳитини тубдан янгиловчи кашфиёт эди! “Гўзалликнинг олмос қирралари”ни “Адабий ўйлар” эмас, “Адабий-танқидий мақолалар” десангиз ҳам ҳеч ким ажабланмасди, “Ёнар сўз”да, “Ўттиз йил изҳори”да, “Дил эркинлиги”да, хуллас ҳеч бир китобингизда мақолалар жанрини “танқид” деб белгиламадингиз. “Ўй”, “Кузатиш”, “Бадиа”, “Эссе”ни маъқул кўрдингиз. Бу ҳол ҳам Сизнинг адабий-бадиий сўзни, бадиий ижодни – нафосат деган, гўзаллик деган, “Бадиий адабиётнинг онаси – муҳаббат!” деган қарашларингиз тимсолига, рамзига айланди. Кези келганда айтадиган бўлсам, Сиз билан эссе ва мактуб ҳақида махсус суҳбат қургим келади Устоз. Сиз ўз ижодингизда мазкур иккала жанрни бирдек ардоқлайсиз, дам эссе, дам мактубга мурожаат қиласиз. Чиндан ҳам тилга олинган ҳар иккала жанр қўлида қалам тутган инсоннинг баҳри дилини очиб юборади, муаллифга ҳам, унинг ўқувчисига ҳам бўлакча самимийлик, ўзгача интеллектуал кайфият бағишлайди. Чунки эссе ва мактуб ҳудудида муаллиф бамисоли ҳурлик водийсида сайр қилиб юргандек эркин нафас олади, унинг буткул шахсий қаричлари эса қонун билан қўриқланадиган дахлсиз мулк мақомида яшайди.Иброҳим ака! Янглишмасам, олий ўқув юртини битиргач қарийб 20 йил мобайнида бадиий адабиёт нашриёти муҳаррири сифатида фаолият юритдингиз. Қайноқ адабий муҳитда тобландингиз, адабиётимизнинг барча дарғалари учун суюкли маскан ҳисобланган нашриётда дунё юзини кўрадиган кўплаб китобларнинг юқори савияда, ўқишли чиқиши йўлида кўз нурингизни беминнат тўкдингиз. Муҳими, нашриёт муҳаррири сифатида ҳам ўз ақидаларингиздан чекинмадингиз, аксинча бор билим ва тажрибангизни чоп этилаётган китобнинг янада юқори савияда, янада жозибали ва ўқишли чиқишини таъминлашга қаратдингиз. Нашриёт муҳаррири муаллиф билан сафдош, маслакдош бўлиб ижод қилмоғи, муҳаррирнинг китобхонлар олдидаги масъулияти муаллиф масъулиятидан оз эмас деб билдингиз.
Сиз илк бора устозингиз Озод Шарафиддинов қаламига мансуб китобни – “Замон.Қалб.Поэзия”ни нашрга тайёрлаганингиз ҳам тасодиф бўлмаса керак. Хусусан, китобга ном танлаш чоғидаги ҳамкасблар машваратида фикрингизни уқдира олганингиз Сизнинг адабиётга бўлган қарашларингиз тасодиф эмас, балки илмий-амалий замини пишиқ-пухта эканлигини яна бир бор тасдиқлаган. Озод домла хотирасига бағишланган мақолангизда ёзгансиз-ку: “Назаримда, Қалб ҳамиша ўртада туриши керакдай эди. Замон ҳам, Поэзия ҳам Қалб орқали тушунилар ва яратиларди”. Озод Шарафиддиновдек мард, танти Устознинг тахсинига сазовор бўлганингиз ҳам таодиф эмас эди, Иброҳим ака!Устоз! “Ҳаё - халоскор”, “Мангу латофат”, “Паривашлар мажлиси” деб номланган китобларингиз кейинги йиллар адабий жамоатчилик доирасида алоҳида эътироф этилди. Абдулла Орифдек ардоқли Шоиримиз бир неча ўн йиллар муқаддам инсонни англаб бўлмас сир дея таърифлагани ҳолва бўлиб қолмоқда эндиликда. Буни қаранг, башарият ўша “англаб бўлмас сир”, яъни ўзининг олдида ўзи мутаассир аҳволга тушмоқда, жуда кўп мўътабар тушунчалар, қадриятлар, инсоний фазилатлар тараққиётнинг жин кўчаларида дардисар бир матоҳдек қалбимиз-қўнжимиздан тўкилиб қолмоқда. Ана шундай таҳликали, серғалаён ва тўс-тўполон замонамизда ҳаё туйғусини халоскор дея бошимиз узра кўтариш ҳам алоҳида бир маънавий жасорат десак муболаға бўлмас. Етти иқлимда банда борки, хоҳиш-ниятлари, ўй-хаёли оёқ-қўлига қўшиб манфаат туйғусидан тўқилган пўлат арқонга чирмаб ташланган гўё. Нафснинг қутириши – одамнинг қутириш, одамнинг қутириши эса – оламнинг таназзулидан ўзга нарса эмас! Ваҳоланки, одамийликнинг ўзаги, бошдан охири – адаб. “Адабнинг илиги эса ҳаё”! Мана, Сизнинг навбатдаги кашфиётингиз, Иброҳим Устоз! “Ғарбда, Россияда маънавий тозаланиш хусусида кўп орзулар билан ёзишади, – деб ўқиймиз “Мангу латофат”да. –Лекин нечукдир сира ҳаё устида гап бормайди. Маънавий тозаланишни ҳаёдан ҳоли тарзда кўз ўнгига келтириб бўлармикин?” Ҳаё ракета ёки самолёт эмаслигини таъкидлайсиз, “Ҳаё Чўлпон яратган шеърий образга суяниб айтсак, бинафша”.
Бунчалар нозук образ, дўстлар? Бунчалар рубобий туйғу?! Капалакнинг жонидан-да азизроқ, ғаниматроқ соф ўзбекона туйғуни одамзоднинг, оламнинг халоскори дея бонг урмоқда мутафаккир бир инсон! Комил ишонч билан ёзмоқда, яшаб турган асримиз ҳаёга қайтиш асри бўлишига умид боғламоқда.
“Ҳаё – халоскор”, “Мангу латофат” ва “Паривашлар мажлиси” деб номланган китобингиздан ўрин олган рисолалар, тадқиқотлар ҳамда ўйлар ва эсселардаги фикр, тафаккур, тахайюл жуғрофияси глобаллашув даври миқёсларига кўтарилган. Сиздаги публицистик руҳ, лирик-фуқаровий пафос миллий тикланиш йўлларини излашдан то умуминсоний муаммолар қадар қамраб олади. Бир сўз билан айтганда, “Энг яхши миллий тарбия – бу умуминсоний тарбия” деган ақидани илгари суришингиз ғоятда жозибадор хулосалар чиқаришга замин яратган.Бундан 100 йил муқаддам яшаб ўтган жадид ота-боболаримиз ўз олдиларига қўйган оламшумул орзуларни бугунги кун нуқтаи назаридан тадқиқ этар экансиз жадидчилик ҳаракатлари ҳеч бир замонда эскириб қолмаслигини уқдирасиз. Кўплаб фикр ва мулоҳазаларингиз қатори бир бири билан ниҳоятда чамбарчас боғлиқ икки мулоҳазангиз ҳар қандай зиёли инсонни ўйлантириб қўймай иложи йўқ. Сиз ҳар қандай бадиий-интеллектуал тараққиётнинг замирида хабардорлик шарти ниҳоятда муҳим эканлигини алоҳида таъкидлайсиз. Ҳар қандай иллатнинг илдиз томири хабарсизликка бориб тақалишини афсус-надомат билан кўрсатишга ҳаракат қиласиз. Ўтган асрнинг аввалида ҳукм сурган ижтимоий шарт-шароитда хабарсизлик қанчалар панд берганлигини, жадид оталаримиз бошлаган хайрли амаллар халқ томонидан етарли даражада қўллаб-қувватланмаганлиги сабабларини умумхабарсизлик кемтиклигидан излайсиз. Буни қарангки, глобал ахборот муҳити дунёни комига тортиб кетаётган ҳозирги шароитда ҳам хабарсизлик умумбилимсизлик манбаи бўлиб қолмоқда. Ҳушёрликка чорловчи парадокс: ахборот танқислиги даври хабарсизлиги билан ахборот оқими шиддатли тус олган давр хабарсизлиги ўртасида тафовут у қадар катта эмас экан!..
Иккинчи бир олға сурган ғоянгиз “Миллатнинг биллурланиши” деб номланган. Миллат деганда Сиз тўғри йўл топган одамлар жамияти тушунилмоғи кераклигини эслатасиз, тараққиётнинг тўғри йўлини топиш эса ўзлигини англаш, ҳақ-ҳуқуқини таниш, ахлоқан покланиш, миллат ўзагининг поклигини сақлаш билан бўлишини таъкидлайсиз. Буларнинг барини миллатнинг биллурланиши деган ибора остида умумлаштирасиз. Гарчи, бу ибора француз олими Э.Каррер Д’Анкос қаламига мансуб китобдан олинган эса-да, у ниҳоятда гўзал тарзда бизнинг шу кунги миллий тараққиётимиз, равнақимиз… кўзлаётган орзуларимиз нуқтаи назаридан узукка кўз қўйгандек таржима қилинган, ўзбекчалаштирилган.
Бунда Сизнинг санъаткарона мутаржимлик маҳоратингиз жуда-жуда асқотган.
Иброҳим ака! Инсоният дунёни қамраб олган глобаллашув жараёнларини англаб етганига, у ҳақда қайғураётганига у қадар узоқ вақт ўтгани йўқ. Менинг назаримда “бадиий адабиёт”, “бадиий тафаккур” деб номланган бепоён олам азал-азалдан табиий равишда кечадиган глобаллашув жараёни туфайли тирик, ушбу жараён туфайли ўзидаги мўъжизавий жозибасини сақлаган ҳолда яшаб келмоқда. Бадиий тафаккурнинг табиатида худди нур янглиғ таралиш, тарқалиш, таъсир ўтказиш “қобилияти” мавжудлигини назарда тутмоқдаман. Фақат ўша нурдан баҳраманд бўлиш, ўша жозибага интилиш ва шу орқали ўзидаги мавжуд нурни янада чароғонлаштириш – нур устига нур қабилида иш тутиш истаги, хоҳиши бўлса кифоя. Бундай хоҳиш-истакни рўёбга чиқаришнинг бирдан-бир чораси эса – таржима! Мана шундай воситачилик, боғловчилик миссиясига қодир бўлгани учун ҳам таржима улуғ санъат, мўъжизакор ижод тури, соҳаси ҳисобланади. Шу сабабли ҳам миллий маданиятимиз тарихида таржима алоҳида ўрин тутади, алоҳида олтин саҳифаларни ташкил этади.
Заррача иккиланмай айтиш мумкинки, ўзбек таржима мактаби дунёдаги ҳеч бир миллат таржима мактабидан кам эмас – унинг тарихи, илми, амалиёти, эришган улкан маҳорат мактаби билан истаганча фахрланишимиз мумкин.
Сиз, Иброҳим ака, мана шундай залворли миллий таржима мактаби дарғаларидан бири ҳисобланасиз. Бу мавзуда узоқ ва мароқли суҳбат қуриш мумкин, лекин, рухсат берсангиз, аниқ мисоллар ёрдамида таржима учун асар танлаш ва уни юксак маҳорат билан амалга ошириш муаммоси теварагида мухтасар сўз юритсак.
Ўтган асрнинг иккинчи ярмига келиб маҳаллий ёзувчи-шоирлар орасида Америка, Европа, шунингдек замонавий араб, турк адабиёти намуналарига қизиқиш орта борган. Унга қадар эса асосан рус адабиёти намоёндалари тилга олинар, адабий таъсир ҳақида сўз очилса Пушкин, Тургенев, Горький, Чехов, Маяковский сингари саноқли шоир ва ёзувчилардан нарига ўтилмасди. Яъни, бизга ижодий таъсир ўтказиши мумкин бўлган ижодкорлар доираси ниҳоятда тор бўлган. Шундай бир пайтда Жек Лондон, Эрнест Хемингуэй асарларини ўқиш “мода”га айлана бошлади. Ер куррасининг аллақайси чеккасида Чили деган давлат мавжудлиги, ўша томонларда Пабло Неруда, Виктор Хара каби “ғалати” шоирлар яшагани тилга тушди. Нозим Ҳикматни танидик. Уларнинг асарлари ўзбекчага ўгирила бошланди. 60-йилларнинг охири, 70-йилларнинг бошларига келиб эса дунё адабиёти бизнинг тасаввуримизга сиғмайдиган даражада кенг эканлиги маълум бўлиб қолди. Япон адабиёти, Ҳинд адабиёти, Хитой адабиёти, Шарқ халқлари адабиёти, Кавказ халқлари адабиёти, Болтиқбўйи халқлари адабиёти, кейинроқ Лотин Америкаси адабиёти тоғ-тоғ бўлиб, боғ-боғ бўлиб ўсиб-униб ётгани, саналган ва саналмаган ҳар бир миллий адабиёт оламига “қадам босган” оддий китобхон битмас-туганмас хазинага дуч келиши, ижодкор инсон эса фавқулодда янги ва теша тегмаган тасвир воситалари, услублари билан танишиши мумкинлиги аёнлашди. Социалистик реализмдан бошқа ижод услубини тан олмайдиган, ҳатто зарарли деб ҳисоблайдиган ижодкорлар армияси олдида мутлақо кутилмаган бепоён водийлар, кенгликлар очилди. Бизга номаълум ёки номлари тилга олиниши тақиқланган файласуфлар, психологлар, тарихчилар, ахлоқшунослар асарларини-ку, асти қўяверасиз! Мана шундай пайтда Сиз “Алвидо, қурол!”, “Чол ва денгиз” асарларини ўзбек китобхонларига тортиқ қилдингиз. Ўзбек адабиёти майдонига Хемингуэй исмли адиб ўз оёғи билан кириб келгандай бўлди. Мопассаннинг “Азизим” романи озмунча шов-шувга мавзу бўлдими?! “Жиноят ва жазо”-чи? “Телба”-чи? Шу сингари жаҳон адабиёти классик намуналарининг она тилимизга ўгирилган давр ва миллий адабиётимиздаги эволюция жараёнлари ўртасидаги боғлиқликлар тадқиқ этилса ғоятда муҳим ва қизиқарли қонуниятларни кашф этиш мумкин. Ҳозир тилга олинган асарлар туфайли Хемингуэйнинг, Мопассаннинг, Достоевскийнинг услубий ўзига хосликлари кириб келди адабиётимизга дегани эмасми булар?!
Бу сингари кўплаб асарлар билан Сиз талабалик йилларингизда танишиб улгурган эдингиз. Таниш бўлганлигингиз учун ҳам жисман юртингизда, она шаҳрингизда яшасангиз ҳам фикран, хаёлан жаҳон адабиётининг сара намуналари дунёсида кезиб юргансиз. Фалон-фалон асарлар тилимизда оммалашмас экан дунёни бадиий идрок этиш борасидаги адабий-бадиий “аслаҳа”ларимиз янгиланмай қолиб кетаверади деб ўйлагансиз. Йигирма ёшли Чўлпон “Бир хил, бир хил, бир хил!” дея фиғон чеккани сингари қайғургансиз. Ибтидоий даражасидан кўтарилмай қолишини истамагансиз ва шу истак йўлида амалий ишга киришгансиз – янгидан-янги асарлар таржимасига киришгансиз. Шундай эмасми, Иброҳим ака?
Юртимизда “Жаҳон адабиёти” журналининг таъсис этилиши айниқса Сизнинг дилингизда тугилиб ётган эзгу ниятлар, ушалмаган орзулар ижобати сари йўл очди. Биринчи Президент ташаббуси билан дунё юзини кўрган журналга бош муҳаррирлик қилган Устоз Озод Шарафиддиновнинг ижтимоий буюртмаси, энди ўйласак, чинакам маънодаги тарихий таклиф бўлган. У киши Сиздан Ницшенинг “Зардушт таваллоси”ни, Маркеснинг “Бузрукнинг кузи”ни, Жойснинг “Улисс” асарини таржима қилиб беришни илтимос қилган. Мен такрор-такрор ўйлайман, ўзимча мулоҳаза юритаман: ахир ушбу таклифнинг ўзи тарихий воқеа-ку, Устоз! Тасаввур қилайлик, дўстлар-азизлар! Истибдод чангалидан кечагина озод бўлган Ўзбекистонимизда “Жаҳон адабиёти” журнали таъсис этилса, журналнинг бош муҳаррири таржимон зиммасига шу қадар ноёбу нодир асарларни ўзбекчалаштириш вазифасини юкласа?! Нима учун айнан Иброҳим Ғафуровга?! Малакали таржимонларимиз оз эмасиди. Йўқ, Озод ака кимнинг зиммасига қандай юк қўйишни етти ўлчаб бир кесган, ғоятда мураккаб ўқиладиган, таржима қилиш яна ўн, юз карра мушкулроқ бўлган асарларни ўзбекчага ўгиришни ЭГАСИга топширган. Ва жуда қисқа фурсатлар ўтмай ҳар учала асар журнал саҳифалари орқали минглаб, миллионлаб китобсеварларимиз, фикрсеварларимиз ихтиёрига тақдим этилган!
Бундай воқеанинг муносиб баҳосини бермоғимиз керак эмасми?
Бу замонавий ўзбек бадиий тафаккури тилга олинган учала адиб даражасига етмоқда, етишмоқда дегани! Бу ўзбек адиблари жаҳоннинг мана ман деган адиблари савиясида асарлар яратишга қодир дегани. Бу ўзбек тили энг ҳазми оғир, энг мураккаб услубдаги асарларни бемалол қайта гавдалантира олишга қодир тил дегани!
“Таржимада ҳар бир сўз, ҳар бир жумла сизга қаршилик кўрсатади” деган гапингиз ёдимда. Тўғри гап, лекин Сиз таржима учун танлаган асарларингизда (“Иблислар”, “Қиёмат”, “Панчатантра” ҳамда Фолкнер ва Сартр ҳикоялари шу жумладан) бундай қаршилик юз карра шафқатсиз тус олади. Бундай қаршиликларни мардонавор енгиб ўтиш, яъни таржимани сайратиб юбориш бу том маънодаги маънавий жасорат деганидир!
– Бадиий таржимачилик ҳам тирик жараён: у мавжуд, шаклланади, тараққий этади, ютуқларга эришади, сустлашади… яшайди. Муҳими – унинг яшовчанлиги! Қолганини ҳаёт кўрсатади…
Таржима ҳақида гурунгимиз узоқ чўзилди. Ёзувчи дўстимиз Ҳабиб Темур Сизга бўлган ҳурмат-эҳтиромини сақлаган ҳолда деди:
– “Ака-ука Карамазовлар”ни таржима қилиб беришингиз керак, Иброҳим ака. Шунда Достоевский тўласича ўзимизнинг адибга айланади.Худди шундай истакни атоқли ҳуқуқшунос олим, бадиий адабиёт тарғиботи йўлида ҳормай-толмай захмат чекаётган Акмал Саидов ва яна бошқалар ҳам билдиришган.
Шунчаки истак эмас булар, Устоз. Сизга ихлоси катта, ишончи қойим бўлган шогирдларингиз, қаламкаш биродарларингиз – китобхонларингиз томонидан билдирилган истак, орзу, ҳатто наказдир булар.Иброҳим ака! Кундалигимдаги ёзувдан келиб чиқсам, И.Тургеневнинг “Насрдаги назмлар”ини 83-йилнинг баҳорида илк бора ўқиб ўзимни йўқотиб қўйгудек ҳолатга тушган эканман. Китобни қўлимдан қўёлмайман десангиз!.. Унга тақлидан қоғоз қоралашга киришиб кетдим. Гоҳ ўхшади, гоҳ эплолмадим. Орадан кўп ўтмай дастлаб журналларда, сўнг “Илтижо” китобингизда “Мансура” жанрига кўзимиз тушди. Иброҳим Ғафуровнинг навбатдаги янгилиги, адабий кашфиёти эди мансура: шакли, сюжети, сўз, жумла ва гапларнинг қурилиши. Оҳанги! Янги майдон очдингиз – мансура майдони. Ўқиш, айниқса уқиш осон кўчмади мансураларни, Иброҳим ака. Шунда Ўзингиз ўқувчингизга пича шафқат қилдингиз: мансуралар туркумига “Менинг романларим” дея ном бердингиз. Дарҳақиқат, аксарияти шапалоқдек чиқар-чиқмас лавҳаларда романга яроқли ГАП яширинганлиги маълум бўлди. Мансура ўзимиз кўниккан мутолаа услубидан кўра бошқачароқ ўқишни тақозо этишини тушундик. Усмон Носир мансура ёзгани, Фитрат сочим шеърлар деганда мансурани назарда тутгани, бу жанрнинг илдизи анча чуқур эканлиги, миллий адабиётимиз учун бегона эмаслиги аниқланди.
Иброҳим ака! Сиз Республикамиз Олий Мажлиси депутати сифатида фаолият юритган йилларингизда ҳам, “Миллий тикланиш” демократик партиясига таъмал тошини қўйган кезларингизда ҳам асл ҳаётий ақидаларингиздан чекинмадингиз. Барча саъй-ҳаракатларингиз кенг омма орасига зиё таратишга, зиё таратиш орқали халқнинг сифат белгисини янада оширишга қаратдингиз. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафталиги бош муҳаррири ўринбосари сифатида ишлаган йилларингиз эса газета том маънодаги ўтли минбарга айланди. Газетанинг ўша йиллардаги сонлари талашиб ўқилди, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” замонавий ўзбек матбуоти тарихига эрк ва ҳурлик тарғиботчиси, маърифат ва маънавият улашувчиси сифатида битилди.
Иброҳим ака! Янги нашрдан чиққан китоблардан доимо бохабар бўлиб юрасиз, янги ўқиган китобларингиз ҳақида мароқ билан ҳикоя қиласиз. Том маънодаги китоб, мутолаа тарғиботчисига айланасиз.
– Уэлбекни ўқиганмисиз? – сўраб қолдингиз иттифоқо.
– Йўқ, – дедим.
Ранжидингиз.
– Бутун Европада номи оғиздан тушмаётган ёзувчидан бехабар одам қандай қилиб ёзувчиман дея олади ўзини? – дедингиз талабчан-танбеҳ оҳангида.
– Беккетнинг “Данте” деган ҳикояси бор. – Сўз очдингиз иттифоқо.
– “Данте мангуста”, – дедим. Ҳикоянинг ўзини эслолмадим.
– Ажойиб ҳикоя! Қайта-қайта ўқийман. Ёд бўлиб кетди…
Шунчаки суҳбатлар эмас булар. Балки – танбеҳ, истак-орзу, яна ва яна кўпроқ ўқишга, янаям пухта ёзишга даъват!..
Ўткир ака Ҳошимов жуда тўғри таъриф келтиргандилар: “Иброҳим Ғафуров агар мунаққид бўлмаса, шоир бўларди. Олим бўлмаса, адиб бўларди. Таржимон бўлмаса, рассом бўлар эди”.
Устоз Эркин Воҳид топиб айтгандилар: “Иброҳимжон бу дунёнинг одамига ўхшамайди”…
Шундай Инсон билан ҳаёт, адабиёт, ижод мавзуида гаплашадиган гаплар тугамаслиги табиий албатта, Иброҳим ака. Қолаверса, жамиятимизда очиқ мулоқот, очиқ муносабатга катта имкониятлар яратилган гўзал бир паллада яшаб турибмиз. Мана шундай қутлуғ йилда 80 йиллик таваллуд айёмингиз кенг нишонланмоқда мамлакатимизда. Мактуб-эссени ўзимча “Қора хат” деб номлаган мансурангиздан бошлаган эдим. Сизнинг қадрдонларингиз, сафдошларингиз, халқимизнинг ардоқли фарзандлари руҳини шод этиш ниятида унга кичик бир назира келди хаёлга:2017 йил. Қаҳратон қиш. 80га етдим.
Эркин Воҳид қани?
Алибек Рустам қани?
Абдулла Ориф қани?
Ўткир Ҳошим қани?
Шукур Холмирза қани?
Рауф Парфи қани?..
…Донишманд ҳаёт эса ўз оқимидан бирон лаҳза тўхтамайди. Вақт дарёси тинмай олға қараб оқишда давом этади. Илоҳим “Иброҳим Ғафур” номли азим дарёнинг олмос мавжлари асло тинмасин – адабиётимиз, маданиятимиз, маърифатимизнинг кўрки бўлиб, фаол ижоддаги фаоллигингиз сўнмасин, Устоз!
Камоли эҳтиром ила
Хуршид Дўстмуҳаммад