Қардош қорақалпоқ усталари ҳузурида

“Сардоба” сув тошқинидан зарар кўрган Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларидаги маҳаллаларда олиб борилаётган тикланиш, таъмирлаш, қурилиш ишлари билан танишиб чиқдик.
Республикамизнинг барча вилоятлари, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистондан келган қурувчи-муҳандис, уста-дурадгор, механик-ҳайдовчи ва турли бошқа касб соҳиблари Сирдарёнинг 3 та сув тошқинидан жиддий зарар кўрган туманларидаги 11 та маҳалла фуқаролар йиғинида тозалаш, тиклаш, таъмирлаш ва қурилиш ишларини олиб бормоқда.
Хизмат сафаримизни вилоятнинг энг чекка туманидаги сув тошқинидан жиддий зарар кўрган аҳоли пунктидан бири Сардоба туманидаги Қўрғонтепа маҳалласидан бошладик.
Бу ердаги тозалаш, тиклаш, таъмирлаш, қурилиш ишларини Қорақалпоғистон Республикасидан келган қурувчилар сидқидилдан амалга оширмоқда. Амударё туманидаги “Кегейли қурилиш-монтаж” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари сув тошқинидан зарар кўрган 2 та уйда таъмирлаш ишларини олиб бораётган экан.
Тўрткўл туманидан келган электр-монтёрлар Шуҳрат Жаборов етакчилигидаги 6 нафар ходимдан ташкил топган бригада шу уйлардаги ташқи ва ички электрлаштириш ишларини юқори сифатда унумдорлик билан амалга оширмоқда.
– Бизни унумли меҳнат қилишимиз учун барча шароитлар мужассам, ётоқжойи, уч маҳал иссиқ овқат, махсус кийим-бош билан тўлиқ таъминланганмиз, – дейди Нукус шаҳридаги “Агросаноатқурилишмонтаж” корхонаси бригадири Бахит Бердемуратов. – Ҳар 10 кишидан битта-битта бригада қилиб бўлганмиз. Ҳар бир бригада 2 тадан уйни батамом таъмирдан чиқаради. Худо хоҳласа уйларни қисқа фурсатларда тўлиқ фойдаланишга топширамиз.
Эътиборлиси, таъмирдан чиқарилган уйларда Қорақалпоғистоннинг миллий менталитетига хос нақшлар ўз аксини топмоқда.
Хизмат сафаримиз давом этаётир…

 

А.ҚАЮМОВ, Ф.ТОШМАТОВ (сурат), ЎзА