Шу йилнинг 6-20 май кунлари Франциянинг Париж шаҳрида «Art Line» халқаро федерацияси томонидан болалар, ўсмирлар ва катта ёшдаги ижодкорлар ўртасида «PRO ART» Халқаро кўп жанрлик танлов-фестивали онлайн форматда бўлиб ўтди.
«Франция юлдузлари» халқаро лойиҳаси доирасида ўтказилган мазкур танлов-фестивальда Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти мусиқий таълим йўналиши талабаси, ёш жиров Давронбек Ендирбаев ҳам иштирок этди.
– Мазкур халқаро танлов-фестивальда бир неча марта иштирок этганман. Аммо, аввалги иштирокларимда ғолиб бўлиш насиб этмаганди. Бу йил танловга устозим Иқлас Моянов билан пухта тайёргарлик кўрдик. Фестиваль ташкилотчиларига «Алпомиш» достонидан парча ижро этиб, тасвирга олиб, Интернет орқали жўнатдим, – дейди ёш иқтидор эгаси.
Қувончлиси, халқаро танлов-фестивальда «Фольклор вокал. Соло» номинацияси бўйича Давронбек Ендирбаевнинг ижрочилиги юқори баҳоланиб, 1-ўринга лойиқ, деб топилди ва диплом билан тақдирланди.
Ташкилотчилар томонидан унинг устози Иқлас Мояновга ташаккурнома юборилди.
Маълумот учун, Д.Ендирбаев ўткан йили Қозоғистон Республикасининг Олмота шаҳрида бўлиб ўткан Халқаро кўп жанрлик IV «Gloria» танлов-фестивалида фольклор жиров, соло йўналиши бўйича 1-ўринни эгаллаган эди.
Ислам Матеков,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.