“Парвона”даги Ўткурийни яратган драматург, “Рицарлик шарафи” орденини олган археолог, шахмат бўйича биринчи расмий жаҳон чемпиони ва 14 май билан боғлиқ бошқа муҳим маълумотлар.
ЎЗБЕКИСТОН ТАРИХИДА
1896 йил (бундан 124 йил олдин) – Россия подшоси Николай II Хива хони Муҳаммад Раҳимхон II номига Ёрлиқ тайёрлаттирди. Унда, жумладан, шундай сўзлар бор: “Жаноби Олийлари, Сиз бошқараётган халқнинг тинч ва фаровон турмуш кечираётгани, хонликдаги рус ва маҳаллий халқларнинг аъло даражадаги муносабатлари ва Сизнинг самарали фаолиятингизни ҳисобга олиб, Сизга Ўзимнинг илтифотимни билдириб, Сиз Жаноб Олийларини Ўзимнинг Шонли Армиям рўйхатига Генерал-Лейтенант қилиб киритдим. Сизга бўлган эзгу илтифотимнинг алоҳида белгиси сифатида Сиз Жаноб Олийларига кўкрагингизга тақиб юриш учун бриллиантлар билан безатилган Ўз Исмим тасвирини юбордим. Николай”.
1899 йил (бундан 121 йил олдин) – Тошкент суд палатаси ва округ судининг тантанали очилиш маросими бўлди. Тошкент суд палатаси Россия империясининг 14-палатаси бўлиб, у ўлканинг барча суд органлари фаолиятини бошқарар ва назорат қилар эди.
1905 йил (бундан 115 йил олдин) – Уйғун тахаллуси билан ижод қилган Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Фанлар академиясининг мухбир аъзоси Раҳматулла Отақўзиев таваллуд топди (вафоти – 1990 йил). У 1939 йилда яратилган биринчи ўзбек балети – “Гуландом” либреттоси муаллифи ҳисобланади. Уйғун 1942 йилда Иззат Султон билан ҳамкорликда улуғ ўзбек шоирининг 500 йиллигига бағишланган “Алишер Навоий” драмасини яратди.
Урушдан кейинги йилларда саҳна юзини кўрган “Алишер Навоий” драмаси кенг томошабинлар оммасининг Навоийни кашф этиши ва улуғ шоирга муҳаббат туйғулари билан йўғрилишида, шунингдек, ўзбек адабиётида тарихий-биографик драма жанрининг тараққиётида муҳим аҳамиятга молик бўлди.
1920 йил (бундан 100 йил олдин) – Туркистонда совет режимига қарши кураш ҳаракати намояндаларидан бири, Муваққат Фарғона ҳукумати раиси Мадаминбек (1892–1920) Совет қўмондонлиги томонидан музокаралар ўтказиш учун қўрбошилар орасига юборилган пайтда Холхўжа Эшон буйруғи билан қирғизларнинг Қоровул отлоғи атрофида хиёнаткорона ўлдирилди.
1942 йил (бундан 78 йил олдин) – археолог-тарихчи олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Эдвард Ртвеладзе таваллуд топди. У Ўрта Осиё, Кавказ, Кипр, Япония ва Францияда олиб борилган 80 дан ортиқ илмий археологик экспедициялар иштирокчиси. 2001 йилда “Буюк хизматлари учун”, 2003 йилда “Меҳнат шуҳрати” орденлари ва 2001 йилда Грузиянинг “Гирсебис” (“Рицарлик шарафи”) ордени билан мукофотланган.
2019 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бахшичилик санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
ЖАҲОН ТАРИХИДА
1796 йил (бундан 224 йил олдин) – инглиз врачи, чин чечакка қарши эмлаш усулининг асосчиси Эдуард Женнер (1749–1823) 8 яшар Жеймс Фипс исмли болага сигир чечагини, бир ярим ойдан кейин одам чечагини эмлади. Бола чечак билан оғримади. Бир неча ой ва бир неча йилдан кейин Фипсни яна қайта эмлаб чечакка қарши эмлаш мумкинлигини ва жуда яхши натижа беришини исботлади.
1836 йил (бундан 184 йил олдин) – шахмат бўйича биринчи расмий жаҳон чемпиони Вильгельм Стейниц таваллуд топди (вафоти – 1900 йил). У 1886 йилда Иоганн Цукерторт билан матчда ғолиб чиқиб чемпион унвонини олди. Стейниц шахматда позицион ўйин назариясини ишлаб чиқди.
1900 йил (бундан 120 йил олдин) – Парижда II Олимпиада ўйинлари очилди. Уларда биринчи марта аёллар иштирок этди. Британ теннисчиси Шарлотта Купер аёллар орасида биринчи олимпиада чемпиони бўлди.
1940 йил (бундан 80 йил олдин) – Нидерландия фашистлар Германиясига таслим бўлди. Қиролича Вильгельмина ва ҳукумат Буюк Британияга кўчиб кетди. Нидерландияни нацистлар идора қила бошлади.
1948 йил (бундан 72 йил олдин) – Яҳудий сионистлар раҳнамоси Бен Гурион Исроил давлати тузилганлигини эълон қилди. 14 майдан 15 майга ўтар кечаси Англиянинг қутқуси билан 1948–1949 йиллардаги араб-исроил уруши бошланди.
1955 йил (бундан 65 йил олдин) – СССР, Польша, Чехословакия, Германия Демократик Республикаси, Венгрия, Руминия, Болгария, Албания ўртасида дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисида Варшава шартномаси тузилди. Варшава шартномаси НАТОга қарши тузилган ҳарбий иттифоқ эди. Варшава шартномаси ташкилоти 1991 йил 1 июлда тугатилди.
1970 йил (бундан 50 йил олдин) – Доғистонда қаттиқ зилзила бўлди. Табиий офат шаҳар ва қишлоқларга катта зиён етказди. Шу муносабат билан Ўзбекистон ҳам Доғистонда уй-жой қурилиши ишларида катта ёрдам кўрсатди. Доғистондаги “Ўзбекистон” микрорайони ўзбек ва Доғистон халқлари дўстлигининг рамзидир.
1984 йил (бундан 36 йил олдин) – “Facebook” ижтимоий тармоғининг асосчиси ва бош директори Марк Цукерберг таваллуд топди.
2009 йил (бундан 11 йил олдин) – инфрақизил спектрнинг биринчи тадқиқотчиси Уильям Гершель шарафига номланган “Гершель” космик телескопи орбитага учирилди.