Коронавируснинг энг кўп тарқалган белгиси ошкор қилинди

Америкалик олимлар мижозларда кўзга ташланадиган коронавирус белгилари орасида энг кўп тарқалганларидан бири одамда ҳид сезиш қобилияти йўқолиши эканлигини эълон қилишди. Айнан шу йўналишда олиб борилган тадқиқотлар натижаси “ACS Chemical Neuroscience” журналида чоп этилди.
Баъзи маълумотларга қараганда, коронавирус юққан беморларда ҳозиргача энг асосий белгилар сифатида эътироф этиб келинган тана ҳарорати кўтарилиши ёки йўтал кузатилмаган ҳолларда ҳид ажратолмаслик хусусияти намоён бўларкан. Мутахассисларнинг аниқлашича, оқсил моддалар таркибидаги вирус зарраси истеъмол натижасида организмга киради ва маълум вақт ўтиб, бурун бўшлиғидаги тўқималарга сингиб кетади. Ўтказилган тажрибалар асосида кўп миқдордаги шундай оқсиллар —ACE2 рецепторлари ва TMPRSS2 протеазлари аксарият ҳолларда ёши улуғ кишиларда шаклланиши аёнлашди. Шунинг учун ҳам ушбу касаллик ёшларга нисбатан кексаларда оғирроқ кечаркан.
Ҳисоботда бурун соҳасининг ҳид билиш қобилияти билан боғлиқ қайси тўқималари зарарли оқсиллар билан тезроқ муносабатга киришиши, аниқроғи COVID-19 билан заҳарланишга олиб келиши ҳозирча маълум эмаслиги қайд этилган. Мутахассис-шифокорлар шундай ахборотларга эга бўлиш ташхис қўйиш ҳамда коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқиш жараёнини тезлаштиришга ёрдам беришига ишонч ҳосил қилишди.
Апрель ойи охирларида турли давлатлар олимларидан тузилган халқаро мутахассислар гуруҳи “COVID-19”нинг айрим белгилари мижозларнинг маълум бир қисмидагина намоён бўлишини аниқлаганди. Масалан, коронавируснинг сиртдан билинмайдиган, келиб чиқиши, балки ирсий, яъни генетик асосга эга бўлган, яъни авлоддан авлодга ўтадиган бундай белгилари қаторига мушаклардаги оғриқлар ва ҳид билмасликни ҳам қўшишганди.

 

ЎзА