Сенат ялпи мажлиси: Сенаторлар қонунни нега рад этди?

Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига томорқа ер участкаларидан оқилона фойдаланилишини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун рад этилди.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ерга эгалик қилувчининг таклифига асосан белгиланган қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ҳақида расман огоҳлантирилганлигига қарамай томорқа ер участкасидан асоссиз равишда оқилона фойдаланмаганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи модда билан тўлдирилмоқда.
Сенаторлар фикрича, ушбу норма амалиётда турлича талқин қилинишига олиб келиши мумкин. Жумладан, ундаги томорқа ер участкасидан “асоссиз равишда” ёки “оқилона” фойдаланмаслик ёхуд “самарасиз” фойдаланиш каби тушунчалар қонун ҳужжатларида очиб берилмаган. Бу эса тегишли идоралар томонидан жавобгарликка тортишда коррупция ва бошқа суиистеъмолликларга замин яратади.
Ҳозирги кунда давлатимиз раҳбарининг кўрсатмасига асосан “Шахсий томорқа хўжалиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Унда юқоридаги каби қонун ҳужжатларимизда мавҳум бўлган тушунчаларни очиб бериш, шахсий томорқадан самарали фойдаланиш ва аҳоли даромадини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган қўшимча тез кунларда ўзининг долзарблиги ва аҳамиятини ҳам йўқотади.
Шуларни ҳисобга олган ҳолда қонунни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

 

ЎзА