Уруш йиллари аскарлар учун 10 мингдан зиёд иссиқ қўлқоп тикиб берган Жумагул аяга ҳарбийлар совға берди

9 май – Хотира ва қадрлаш куни
Иккинчи жаҳон урушида Қорақалпоғистондан 50 мингдан ортиқ ватандошимиз фронтга кетган. 34 мингдан зиёди жанг майдонларида мардларча ҳалок бўлган ва бедарак йўқолган. 20 мингдан зиёд қорақалпоғистонликлар фронт ортида турли саноат муассасалари ва колхозларда жонбозлик кўрсатиб, жангчиларга озиқ-овқат ва кийим-кечак маҳсулотларини етказишган.
Қорақалпоғистон меҳнаткашларининг улкан бағрикенглик намунаси сифатида фронтдагиларнинг оилаларига ва эвакуация қилинган етим болаларга, урушда ногирон бўлиб қолганларга ўз ҳисобидан 586 минг манат пул, 6 945 нафар бош қора мол ва қўй-эчки, 124 тонна ғалла, 384 685 килограмм полиз ва ҳўл мева маҳсулотлари, 22 514 кубометр ёғоч-ўтин, 3 637 метр газлама, 25 800 дона устки ва оёқ кийим юборганини эътироф этиш жоиз.
Урушга жалб қилинган эркакларнинг ўрнини эгаллаган аёллар, вояга етмаганлар, ногиронлар армияни озиқ-овқат, кийим-кечак билан таъминлаб, фронт ортида фидокорона меҳнат қилишган.
_U4A9592.JPG
Ана шундай фидойи иносонлардан бири Нукус туманида истиқомат қилаётган фронт орти меҳнат фахрийси, 93 ёшли Жумагул ая Бойниязова бўлади. Жумагул ая уруш йиллари минглаб юртдошларимиз каби фронт ортида меҳнат қилиб, аскарлар учун 10 мингдан зиёд иссиқ қўлқоп тикиб берган. Аммо онахоннинг фронтга хизмати фақат тикувчилик цехидаги иш билан чекланмади. Фахрий онахон колхозда пахта етиштиришда ҳам жонбозлик кўрсатган.
Жумагул аянинг турмуш ўртоғи, раҳматли Рейим Юсупов ҳам Иккинчи жаҳон урушида қатнашган эди. Фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини у киши кўрмасалар ҳам, турмуш ўроғига кўрсатилаётган эътибор, ғамҳўрликдан руҳлари шод бўлиши аниқ.
9 май – Хотира ва қадрлаш куни байрами арафасида онахонни йўқлаш учун келган Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмлардан бирининг ҳарбий хизматчилари ва фаоллари Жумагул аянинг кўнглини тоғдек баланд қилди. Онахон “биз кўрган қийинчиликларни сизлар ҳеч қачон кўрманглар. Юртимизга кўз тегмасин” дея дуо қилди.
urush_yillari_askarlar_uchun_10_mingdan_ziyed_issi_l_op_tiki.jpg
Ҳарбий тиббиёт мутахассислари томонидан онахоннинг соғлиғи текширилиб, унга ва оила аъзоларига шахсий ҳимоя воситалари, совға-саломлар улашилди.
Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати ЎзАга маълум қилди.
Байрам муносабати билан ҳарбий хизматчилар Нукус туманидаги Ўрнак овулида истиқомат қилаётган II гуруҳ ногирони Қурол Бердиевнинг ҳам ҳолидан хабар олишди. Хайрия сифатида меҳмонлар бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда шахсий гигиена воситалари беришди.

 

ЎзА