Президентимиз раислигида жорий йил 15 ноябрь куни мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшлар томонидан содир этиладиган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, шунингдек, ёшларга суд томонидан жазо тайинлашда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг кафолат хатига асосан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турини тайинлаш механизмини жорий этиш бўйича таклифларни тайёрлаш юзасидан топшириқ берилган эди.

Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ўртасида ёшлар масалалари соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар сиёсати масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қ.Қуронбоев, Олий суд раиси К.Комилов ва бошқалар мамлакатимизда ёш авлод манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёшлар томонидан содир этиладиган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг барвақт олдини олиш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Меморандумда ёшлар билан уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш борасида судлар билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, ёшлар тарбияси билан боғлиқ ижтимоий аҳамияти муҳим бўлган суд ишлари бўйича суд биноларида ўтказиладиган очиқ суд мажлислари жараёнларида, шунингдек, сайёр суд мажлисларида уларнинг иштирокини таъминлашга эътибор қаратилган.

Эрта никоҳ, ёш оилалар ажралишларининг ҳамда улар орасида мулкий тусдаги (қарз, кредит, ижара) ва бошқа фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан вужудга келадиган низоларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар муҳим аҳамиятга эга. Меморандумда ана шу масалалар ҳамда жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган, жумладан, муддатидан илгари шартли озод этилган ҳамда суд залидан озод этилган ёшлар, шунингдек, ёшлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар бўйича ўзаро маълумотлар алмашиш орқали ёшларни тўғри йўлга қайтариш, уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш масалаларига эътибор қаратилган.

Тадбирда содир этилган жиноят, ҳуқуқбузарликлар бўйича суд томонидан жазо тайинлашда ҳар бир ҳукмнинг қонуний ва адолатли бўлишини таъминлаш мақсадида судланувчи ёшларнинг шахси юзасидан жамоатчиликнинг фикрини инобатга олиш лозимлиги юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳудудий кенгашлари томонидан судга тақдим этиш мақсадида кафилликка олинувчи шахс янги жиноят содир этишининг олдини олиш, уни соғлом муҳитга қайтариш, ўқиш ёки касбга йўналтириш борасида аниқ ва мақсадли индивидуал дастурлар лойиҳаси ишлаб чиқилиши кўзда тутилган.

Ёшлар масалалари соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида имзоланган ушбу меморандум мамлакатимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнида ёшларнинг иштирокини янада фаоллаштириш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, ёш авлод вакилларини қонунга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

 

Моҳигул Қосимова, ЎзА