Гонгконгда конкур – тўсиқлар оша от сакратиш бўйича болалар ва ўсмирлар ўртасида ўтказилган II Осиё чемпионатида истеъдодли чавандозимиз Саидамирхон Турғунбоев кумуш медални қўлга киритди.
Мамлакатимизда ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказишнинг муҳим воситаси сифатида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг самарасида Ўзбекистон дунёга спорти жадал ривожланган мамлакат сифатида танилди. Жумладан, навқирон авлод ўртасида от спортини янада оммалаштириш борасида қилинаётган саъй-ҳаракатлар натижасида спортчиларимиз нуфузли мусобақаларда муносиб иштирок этмоқда.
– Осиё чемпионатининг кумуш медалини қўлга киритганимдан хурсандман, – дейди С.Турғунбоев. – Келгуси мусобақаларда юртимиз шарафини янада юксалтириш – бизнинг фарзандлик бурчимиз. Мақсадим жаҳон чемпионати ва Олимпия ўйинларида олтин медални қўлга киритишдир.
Жавоҳир Тошхўжаев, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА