Бўзатовда Ёшлар боғи барпо этилмоқда

Қорақалпоғистон Республикасидаги чорвачиликка ихтисослашган Бўзатов туманида  “Фидойи ёшлар” гуруҳи ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикасида чорвачиликка ихтисослашган Бўзатов туманининг қайта ташкил этилиши аҳолига, шу жумладан, ёшларга чексиз қувонч бағишламоқда. Бугунги кунда туманда катта қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.  Айниқса, ёшларнинг бўш вақтини мароқли ўтказиши, уларнинг келажакда баркамол авлод бўлиб вояга етиши учун қатор маданий-маиший ва спорт объектлари қад ростламоқда.

photo_2020-03-28_14-49-57.jpg

Мана шундай ёшларни бирлаштириш йўлидаги эзгу мақсадлардан бири, туманда “Фидоий ёшлар” гуруҳининг ташкил этилиши бўлди. Мазкур гуруҳга 94 йигит-қиз жалб қилинган бўлиб, уларнинг бандлиги таъминланишига эришилди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан гуруҳ аъзоларига 11 миллион сўмлик махсус кийим ва 3,5 миллион сўмлик меҳнат қуроли топширилди. Махсус кийим ва меҳнат қуроллари билан йўлга чиққан ғайратли ёшлар туман марказида 6 гектар ер майдонида 10 минг туп мевали дарахт кўчати,  экиб,  Ёшлар боғини яратишга киришди. Шу куннинг ўзида 2500 туп мевали дарахт кўчати экилди.

Фидоий ёшларнинг ҳар қандай ташаббуси юртимиз гуллаб-яшнашига асос бўлиши шубҳасиз. Зеро, уларнинг эзгу амаллари тенгдошларига намунадир.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат), ЎзА