Эронга инсонпарварлик ёрдами юборилди

Бугун Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортидан Президентимизнинг алоҳида кўрсатмасига мувофиқ коронавируснинг олдини олиш чора-тадбирларига кўмаклашиш мақсадида Эрон Ислом Республикасига инсонпарварлик ёрдами юборилди.
Бу ҳақда 2020 йил 12 мартда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши имзоланган эди.
2.jpg
– Эрон Ислом Республикаси ҳукумати Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга янги коронавирус COVID-19 касаллиги тарқалишини бартараф этиш учун зарур бўлган тиббий буюмлар ва воситалар билан таъминлашда амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан мурожаат қилган эди, – деди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати ходими Самандар Ҳикматуллаев. – Давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан Эроннинг ушбу мурожаатини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, мазкур инфекцияга қарши курашиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш мақсадида стерил тиббий қўлқоплар, ҳимоя қилувчи комбинезонлар, махсус тиббий формалар, ниқоблар, дока, спирт, гигиеник геллар ва дори воситалари сингари умумий оғирлиги қарийб етти тоннага яқин бўлган тиббий буюмлар инсонпарварлик ёрдами сифатида юборилди. Бунда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги инсонпарварлик юкини шакллантириш ва етказиб бериш учун масъул этиб белгиланган эди. Юкни кузатиб бориш ва топшириш учун Эронга вазирликнинг икки нафар ҳарбий врач мутахассиси жўнаб кетди.
35162273-dd64-4c0f-becc-32383c4aca2a.jpg
Эронда қолиб кетган 14 нафар юк ташувчи ҳайдовчи, шунингдек, тадбиркорлар, талабалар – жами 31 нафар ватандошимиз олиб келинади.
87807b8a-6883-4eae-aabc-98ae0312ead8.jpg
Улар ва самолёт экипажи аъзолари қайтиб келгач, белгиланган тартибда малакали шифокорлар, соҳа мутахассислари назорати остида икки ҳафта карантинда сақланади.

 

Хуршид ҚОДИРОВ, Фарҳод АБДУРАСУЛОВ (сурат), ЎзА