Мусобақаларда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан келган 600 нафарга яқин ёш дзюдочилар 3 кун давомида татамига чиқади.
– Ушбу мусобақанинг нуфузи анча юқори, – дейди дзюдо бўйича мезбон Сирдарё вилояти терма жамоаси бош мураббийи Қаҳрамон Файзиев. – Беллашувда вилоятимиз терма жамоаси 9 тадан вазн тоифасида тўлиқ таркибда иштирок этмоқда. Рақибларимиз жуда кучли, лекин биз мусобақага жуда пухта ғозирлик кўрдик. Ўсмирлар ўртасида ҳам, қизларимиз ўртасида ҳам Ўзбекистон чемпионлигига давогарлар бор.
Дарҳақиқат, Сирдарё вилояти терма жамоаси аъзоларидан 44 килограмм вазн тоифасида Улбўсин Ҳакимова ҳамда 48 килограммлик дзюдочи Одина Абдуллаевалар илк баҳсда рақибаларини муддатидан илгари ипон (соф ғалаба) билан таслим этиб, чемпионликка асосий давогарлардан эканини намойиш этди.
2003-2004 йилларда туғилган ўсмирлар ва қизлар ўртасидаги спортнинг дзюдо тури бўйича Ўзбекистон чемпионатини миллий терма жамоа консултанти япониялик Томоо Тории кузатиб бормоқда.
Жорий йилнинг 14 март куни поёнига етадиган мусобақа ғолибларидан Ўзбекистон терма жамоаси шакллантирилади.