Учрашувдан сўнг Вагит Алекперов қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Бугун Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар бутун дунё «бизнес ҳамжамияти» томонидан ижобий баҳоланмоқда. Ижтимоий соҳада ҳам улкан ўзгаришлар рўй бермоқда.
Мен бугун “Tashkent City”да бунёд этилган ноёб иншоотларда бўлдим. Бухоро, Самарқанд ва бошқа шаҳарларда ҳам шу каби бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Ўзбекистон фуқароларининг нафақат бугунги, балки эртанги кунга ишончи ортган. Маҳаллий инвестициялар кўпаймоқда. Буларнинг барчаси хорижий инвесторлар ишончини оширади. Қисқа вақтда мамлакатнинг бизнес учун жозибадорлик жиҳатидан энг илғор давлатлар қаторига олиб чиқилиши таҳсинга лойиқ.
Президентга навбатдаги режаларимиз ҳақида ахборот бердим. Уларни қўллаб-қувватладилар. Ўзбекистон Президенти шакллантирган пойдевор асосида янги қонунчилик базаси яратилмоқда. Биз инвестор сифатида амалга ошираётган лойиҳаларимиз барқарор солиқ қонунчилигига таянишидан манфаатдормиз.
Компаниямиз Ўзбекистонда ижтимоий лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга ҳам сармоя киритмоқда. Болалар боғчалари қурилмоқда. Учрашувда Газли шаҳри ижтимоий инфратузилмасини такомиллаштириш, геология-қидирув соҳасида “Ўзбекнефтгаз” билан қўшма корхона тузиш масаласи муҳокама қилинди.
Президент илм-фан, рақамли технологияларни ривожлантиришга катта аҳамият бермоқда. “ЛУКОЙЛ” компанияси илмий таълим марказларини ташкил этиш борасида ўзига хос тажрибага эга. Биз олий мактабларни илмий лойиҳа институтларимиз билан бирлаштирдик. Бундай лойиҳа Пермь шаҳрида амалга оширилган. Президент жаноблари мутасаддиларга биз тўплаган тажриба билан танишиш ва уни Ўзбекистонда ҳам жорий этиш бўйича топшириқ бердилар.