Ижтимоий лойиҳаларга беғараз кўмак

Тошкентдаги Халқаро бизнес марказида Япония ҳукуматининг беғараз ёрдам дастури доирасида грант шартномаларини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Япония ҳукумати Ўзбекистон билан алоқаларни стратегик шериклик тамойиллари асосида ривожлантириб келмоқда, – деди Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фуджияма. – Мазкур тадбир ҳам ушбу стратегик шериклик доирасида бўлиб ўтмоқда.
Япония ҳукумати 1995 йилдан буён мазкур дастур доирасида мамлакатимиз тиббиёт ва таълим муассасалари, маҳаллий ҳокимият органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларига беғараз ёрдам кўрсатиб келади. Мазкур дастур доирасида ҳозиргача умумий қиймати қарийб 28 миллион доллар миқдорида 391 та лойиҳа амалиётга жорий қилинди.
Маросимда ижтимоий йўналишларда умумий қиймати 681 минг долларлик 9 та, жумладан, тиббиёт йўналишида 5 та, мактабгача таълим йўналишида 3 та, маданият йўналишида битта лойиҳа бўйича грант шартномаси имзоланди.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий перинатал маркази, эндокринология диспансери, Ўзбекистон Республикаси онкология ва радиология илмий-амалий тиббий марказининг Хоразм ва Жиззах филиаллари, Сурхондарё вилояти иккинчи ҳудудий перинатал марказини тиббий жиҳозлар билан таъминлаш бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, Термез шаҳридаги 17- ва 21-мактабгача таълим муассасалари, Жиззах вилояти Пахтакор туманидаги 4-ўрта мактаб ҳам замонавий ўқув жиҳозлари билан таъминланадиган бўлди.
Япония ҳукумати мамлакатимизга маданият йўналишида ҳам беғараз ёрдам кўрсатиб келмоқда. Имзоланган ҳужжатлардан бири Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида япон тилини ўрганиш учун фойдаланиладиган техникаларни яхшилашни назарда тутади.
Ҳужжатларни имзолаш маросимида қайд этилган ижтимоий муассасалар вакиллари ҳам иштирок этди. Улар Япониянинг беғараз ёрдам дастури доирасидаги лойиҳалар мамлакатларимизнинг ўзаро яқин дўстона муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

 

С.РАҲИМОВ, ЎзА