Ота-она қаровисиз қолган ёшлар ижтимоий мослашувига оид парламент сўрови натижалари кўриб чиқилди

Сенат ялпи мажлисида сенаторлар ота-оналар қаровисиз қолган, “Меҳрибонлик” уйларида тарбияланган ёшларнинг жамиятга ижтимоий мослашувидаги долзарб масалалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижаларини кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 11 февралдаги қарори билан тасдиқланган “Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш бўйича “йўл харитаси”да 2019-2020 йилларда бажарилиши зарур бўлган вазифалар белгиланган.Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги қарори билан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оилага қабул қилаётган номзодларни (фуқароларни) танлашга ва тутинган ота-оналарни тайёрлашга қаратилган тегишли низомлар тасдиқланди. “Меҳрибонлик” уйлари ва болалар шаҳарчаларининг 43 нафар раҳбар ходими ҳамда 413 нафар педагог ходими аттестациядан ўтказилди.Шу билан бирга, бу йўналишдаги қатор камчиликлар ҳам қайд этилди. Жумладан, етим болалар ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларнинг ҳуқуқий ёрдам олиш ва суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқлари етарли даражада таъминланмаган.

Етим болалар ва ота-она қарамоғисиз қолганларни “Меҳрибонлик” уйларига жойлаштириш фақат туман (шаҳар) ҳокимлари ихтиёрида қолиб кетаётганлиги уларнинг келгуси тақдирини белгилашда субъектив ёндашув ҳал қилувчи омил бўлиб қолишига олиб келмоқда. Бу эса кўп ҳолларда етим болалар ва ота-она қарамоғисиз қолганларни патрионат ёки оилалар қарамоғига бериш ишлари самарали йўлга қўйилишига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Бу ва бошқа муаммоларни муҳокама қилиб, сенаторлар бу йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар билдирди.

Энг аввало, қонунчилик базасини мустаҳкамлаш, яъни “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоялаш тўғрисида”ги қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди. Бунда етим болалар ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларни оилавий ҳамда болалар муасссаларига жойлаштириш тартиби ва шаклларини аниқ белгилаш муҳим.

Бундан ташқари, етим болаларни, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиладиган нодавлат оилавий муассасаларга жойлаштиришнинг ҳуқуқий асосларини яратиш зарурлиги таъкидланди.

Бу масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

 

ЎзА