Ўзбекистон–Туркия: спорт соҳасидаги ҳамкорлик

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги делегацияси шу йил 22-23 февраль кунлари Туркиянинг Анталия шаҳрида ўтказилган “Анъанавий спорт турлари ва ўйинларини қўллаб-қувватлашда ҳукуматлар аҳамияти” мавзусидаги III Халқаро этноспорт форумида иштирок этди.

Маълумки, жорий йил Туркияда Бутунжаҳон кўчманчилар спорт ўйинлари ўтказилади. Унда юртимиз спорт делегацияси ҳам қатнашиши режалаштирилган. Ўз навбатида ҳукуматимиз томонидан Ўзбекистоннинг ушбу нуфузли спорт тадбирида муносиб иштироки этиши белгиланган.

III Халқаро этноспорт форумида Осиё, Европа, Африка қитъаларидаги 46 та давлатдан 200 нафардан ортиқ делегат қатнашди. Шунингдек, форумни БМТ ҳамда “ЮНЕСКО” вакиллари ҳам кузатиб боришди.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Туркия Ёшлар ва спорт вазирлиги, Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси ҳамда 8 та давлат спорт вазирлари ўртасида миллий спорт турлари ва ўйинлари шуҳратини ошириш, улар билан боғлиқ спорт ташкилотларини қўллаб-қувватлаш, бу соҳада давлатлар ўртасида институционал ҳамкорликни кенгайтириш бўйича “Қўшма баёнот” имзоланди.

Форум доирасида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Туркия Ёшлар ва спорт вазирлиги ўртасида спорт соҳасида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ушбу меморандумнинг имзоланиши икки мамлакат спортчилари ҳамда халқлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини, ўзаро англаш ва дўстликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Унга кўра, томонлар спорт муассасалари, олий спорт таълим муассасалари, спорт федерациялари (уюшмалари) ва бошқа спорт ташкилотлари ўртасида жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ўзаро алмашинув дастурлари, тажриба ва ахборотларни бир қанча устувор йўналишлар бўйича қўллаб-қувватлайди ва рағбатлантиради.

чрашувда муҳокама қилинган масалаларни амалиётга татбиқ этиш мақсадида икки вазирлик ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Туркия ёшлар ва спорт вазири М.М.Касапўғлу Ўзбекистон ва Туркия ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиб, уни имзолаш учун Ўзбекистон Республикасига яқин кунларда ташриф буюришини маълум қилди.

Тадбир доирасида Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси президенти Н.Б.Эрдоған билан икки томонлама учрашув ўтказди. Учрашувда Ўзбекистон томонига миллий спорт турлари ва ўйинлари шуҳратини ошириш, шунингдек Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва анъаналарини намойиш этиш ҳамда туризм индустриясини ривожлантириш мақсадида 2020 йилда қадимий Хива шаҳрининг Ичан қалъа мажмуасида этноспорт фестивалини ўтказишни таклиф қилди. Шунингдек, томонлар Турк ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) орқали ҳамкорликни ривожлантириш учун таклифлар киритишга келишиб олди.

Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси президенти Ўзбекистонда спорт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларга юқори баҳо бериб, мамлакатимизни ўрнак олишга арзийдиган давлатлар сифатида эътироф этди.

Бундан ташқари, Туркия сафари давомида Дилмурод Набиев Озарбайжон ёшлар ва спорт вазири Азат Рагимов билан ҳам учрашди. Ўзаро мулоқот чоғида Ўзбекистон делегацияси раҳбари сўнгги йилларда Озарбайжон билан спорт соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик алоқалари бироз сусайганини алоҳида таъкидлаб, ўзаро дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш ҳамда спорт соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олдилар.

Покистон Ислом Республикаси Спорт кенгаши раиси, Др.Феҳмида Мирза, Қирғизистон Республикаси Ёшлар, жисмоний таълим ва спорт агентлиги ўринбосари К.Арпачиев ва Қозоғистон этноспорт ассоциацияси раҳбарияти билан учрашувлар ўтказилиб, спорт соҳасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

photo_2020-02-27_13-04-24(2).jpg

Туркиянинг “Bahadir Kul Architects” компанияси билан учрашув ўтказилиб, компания томонидан қурилган спорт иншоотлари билан танишилди. Шундан сўнг, Ўзбекистонда енгил конструкцияли энергия тежамкор ва об-ҳаво шароитига мос бўлган спорт иншоотлари ва спорт мактабларининг намунавий лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёни кетаётганлиги билдирилиб, ушбу йўналиш бўйича ҳамкорлик таклифларини кўриб чиқишга тайёр эканлиги билдирилди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати

 

ЎзА