Энди талабалар бепул интернет, фотокамера ва овоз ёзиш студиясидан фойдаланишлари мумкин

Ёш вазир ўринбосаридан янги ташаббус: энди талабалар бепул интернет, фотокамера ва овоз ёзиш студиясидан фойдаланишлари мумкин
Tалабалар медиа ижтимоий ва маданият масканида “Ёшлар аудиторияси“ лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди. Унда Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари Юсуф Aбсоатов иштирок этди ва лойиҳа бўйича ёшлар билан дўстона суҳбат ўтказди.
“Ёшлар аудиторияси“ лойиҳаси ҳаётда амалий аҳамияти юқори бўлган кўникмалар яъни биринчи тиббий ёрдам, кийиниш маданияти, овқатланиш одоби, турли давраларда ўзини тутиш, сузиш техникаси каби қатор мавзуларда талабалар томонидан анимацион ёки саҳналаштирилган видеороликларни тайёрлашни кўзда тутади.
Лойиҳанинг асосий мақсади ҳар бир масала бўйича видеороликларни тўплам ҳолига келтириш ва таълим муассасаларини медиа маҳсулотлари билан таъминлашдан иборат.
Лойиҳада иштирок этиш истагидагилар Tалабалар медиа ижтимоий ва маданият маскани “Ёшлар аудиторияси“ хонасига ташриф буюриб, бепул интернет, компютер хизматлари, фотокамералар, овоз ёзиш студияси, таржимонлар ва бошқа мутахассислар ёрдамидан бемалол фойдаланишлари мумкин.
Лойиҳа турли йўналишдаги талабаларни бирга ишлашга жалб қилади. Tаржима ҳамда шахсий ижодий ишлар, дубляж, монтаж, анимация усталари бир жойда жамланади.
Лойиҳа талабларига мос видеоролик муаллифлари Битирув малакавий ишидан озод қилиниши ва бошқа усулларда рағбатлантирилиши кўзда тутилган.

 

ЎзА